'Ўзбекистонда мажбурий меҳнат давом этмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Urlaeva
Image caption Фаоллар пахта тераётганларга мажбурий меҳнат тақиқлангани тўғрисида варақаларни тарқатганлар.

Ўзбекистонда бошланган пахта мавсуми муносабати билан нодавлат Инсон ҳуқуқлари алянси мажбурий меҳнат тақиқлангани тўғрисида рейдлар ўтказишни режалаган.

Алянсга кўра, бутун республика бўйлаб мажбурий меҳнатдан фойдаланиш давом этмоқда.

Инсон ҳақлари алянс раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, 21 августда Бўка туманида шифокор ва ўқитувчиларга мажбурий меҳнат тақиқлангани ҳақида маълумот бериш учун Бўка туманига борган.

Бир кун олдин Жаҳон Банкининг Тошкентдаги офисида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда мажбурий меҳнатга доир ҳақиқий аҳволга баҳо бериш бўйича Ўзбекистон ва АҚШ вакиллари, Халқаро Меҳнат Ташкилоти, ҳуқуқ ҳимоячилари иштирокида учрашув бўлиб ўтган.

Ҳуқуқ фаоллари Шуҳрат Ғаниев, Ўктам Пардаев, Елена Урлаева, Ҳайитбой Ёқубов Тошкент, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Хоразм, Фарғона, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон автоном республикасида шифокорлар, ўқитувчилар, олий ўқув юртлари талабалари ва бошқа касб эгалари мажбурий меҳнатга жалб қилинганини айтганлар.

Шу билан бирга, ижобий ҳолат ҳам қайд этилган. Аксарият вилоятларда коллеж ўқувчилари ҳозирча пахтага олиб чиқилмаган.

Елена Урлаеванинг билдиришича, 21 сентябр куни Бўка тумани Алхожар посёлкасида 6, 12 ва 38- мактаб ўқитувчилари далада пахта тераётганларига гувоҳ бўлган, улар билан гаплашган.

Ўқитувчилар ўз ихтиёрларига қарши ҳар куни пахтага чиқаётганлари ва 60 килограмдан пахта териш вазифаси қўйилганини айтганлар фаолга.

Урлаева хоним даладан бир нечта сурат олишга муваффақ бўлган.

Бўкада пахтага чиқарилган шифокорлар билан учрашишга ҳаракат қилган Урлаеванинг сўзларига биноан, дала бошида машинада ўтирган фуқаро кийимидаги Саидқосим исмли киши ўзини "нега келдинг?", деб ҳақорат қилган.

Бўка туман Хотин қизлар кенгаши раҳбари Абдулазизова Урлаева билан учрашган.

Хотин қизлар қўмитаси раиси районо мудири Муҳаммад Азимов Урлаева билан гаплашгани учун ишдан бўшатиш билан таҳдид қилган методист Ҳилола Жўраеванинг муаммосини ижобий ҳал қилишга ваъда берган. Олдинроқ Урлаева билан гаплашган бошқа методист Муҳаббат Иномова ишсиз қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Urlaeva
Image caption Маҳаллий амалдорлар мардикорларга пул тўлаб ишлатишдан кўра, бепул ёки арзон мажбурий меҳнатни маъқул кўришмоқда, дейди фаоллар.

Бўкадан қайтаётиб, Елена Урлаева Қўйлиқ бозори олдида ишга олиб кетишларини кутиб ўтирган ўнлаб мардикорларни кўрган.

Нега маҳаллий расмийлар, хусусан Бўка туман ҳокими Даврон Султонов пахта теримида меҳнатга келишилган нарх бўйича ишлашга рози шундай мардикорлардан фойдаланмасдан, шифокор ва ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатини қулай билмоқда?-савол қўяди алянс.

20 сентябр куни Елена Урлаева Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси биноси олдида Бўка, Чиноз, Чирчиқ туманлари ҳокимларининг ўзбошимчалигига чек қўйишни талаб қилиб пикет ўтказган.

Фаоллар Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни кузатиш бўйича рейдларини давом эттиришмоқчи.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.