Каримов бўшатган мулозимлар раҳбарликка қайтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Бухоронинг 15 йиллик ҳокими Самойдин Ҳусенов порахўрлик ва уруғ-аймоқчилик учун Ислом Каримов томонидан ишдан олинганди.

Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими Самойдин Ҳусенов вилоят "Нуроний" жамғармаси раиси этиб тайинланган.

Олдинги раҳбар Юсуф Қурбонов "бошқа ишга ўтиши муносабати билан" вазифасидан озод этилган.

Ҳусенов 2011 йилда порахўрлик ва уруғ-аймоқчиликда айбланиб, марҳум президент Ислом Каримов қарори билан ишдан олинган.

Бунгача у 15 йил давомида, 1996-2011 йилларда Бухоро вилоятига раҳбарлик қилган.

2011 йил декабр ойида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев вилоят депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясини ўтказиб, Бухорони 15 йил давомида бошқарган Самойдин Ҳусеновни ҳокимликдан бўшатгани айтилганди.

Ўшанда Халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгаши аъзолари Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг Самойдин Ҳусеновни вазифасидан озод этиш таклифини маъқуллаганлар.

Унинг ўрнига Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган Муҳиддин Эсонов номзоди таклиф этилган, бухоролик депутатлар ушбу таклифни ҳам қўллаб-қувватлаганлари маълум бўлган.

Ўша пайтда Бухорода ёқилғи тақчиллиги юзага келган, буни вилоятда кўплаб ёқилғи қуйиш шохобчаларига эгалик қилган вилоят ҳокими Самойдин Ҳусеновнинг ўғли ва жиянлари юзага келтиргани тўғрисида хабарлар тарқалганди.

Бухоро вилоятида юз берган ҳодисаларни кузатувчилар Ўзбекистоннинг янги тарихида мисли кўрилмаган коррупцияга қарши амалиётлар дея баҳолаганлар.

Бухоронинг ҳозирги ҳокими Муҳиддин Эсонов беш йил олдин катта шов-шув билан ишдан олинган Ҳусеновни "Нуроний" жамғармасига раис қилиб тайинлаган йиғилишда иштирок этиб, сўзга чиққан ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг 8 сентябрдаги нутқини эслаб ўтган.

Жаноб Эсонов Самойдин Ҳусеновга ишонч билдирган.

Бундан ташқари Тошкентда ҳам янги амалдорлар лавозимларини эгаллаганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ҳокими Шерзод Кудбиев.

Жумладан, Шерзод Кудбиев Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокими этиб тайинланган.

1981 йилда Фарғонада туғилган Шерзод Кудбиев 2012-2015 йилларда Республика аҳоли бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш илмий марказига директорлик қилгани айтилган.

18 сентябрда муваққат президент Шавкат Мирзиёев "мунтазам қолоқлик ва жиддий камчиликларга йўл қўйгани" учун Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шомансур Аҳмедов ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Саидакбар Пўлатовни лавозимидан озод этганди.

16 сентябрда эса Жиззах шаҳар депутатлари кенгашида ишдан олинган Асрор Қобилов ўрнига Мирзиёев тавсиясига биноан, собиқ Тошкент шаҳри ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев қўйилган.

Кузатувчилар Ўзбекистонда муваққат президент Шавкат Мирзиёев иш бошлаганидан бери ўтган 15 кун ичида ҳукумат юқори ва қуйи идораларидаги раҳбар ўзгаришларига эътибор қаратиб, президентлик сайловларигача ҳозирги ҳукуматга мойил кишиларга амал курсилари берилиши мақсадга тўғри келишини айтадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.