'Хорижий фуқароликни олиш Ўзбек фуқаролигидан маҳрум қилади"ми?

'Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида' қонунига ўзгартириш киритилган.

Унга кўра, хорижий давлат фуқаролигини олиш Ўзбекистон фуқаролигини йўқотишга сабаб бўлиши мумкин.

22 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенат тасдиқлаган "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида" қонунга ўзгартиришларни 23 сентябр куни муваққат президент Шавкат Мирзиёев имзолаган.

Қонун 24 сентябрдан бошлаб кучга кирган ҳисобланади.

Фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг ўзгартириш киритилган 21 моддасига биноан, хориж фуқаролигини олган фуқаро 39 кун ичида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ёки ўша мамлакатдаги элчихоналарни хабардор қилиши лозим.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Фуқаролиги тўғрисидаги қонунда қуйидаги бандлар сақланиб қолиши айтилган:

Хорижий давлат армияси, хавфсизлик хизмати, адлия ва бошқариш идораларига ишга кирса; хорижда доимий яшовчи шахс узрли сабабсиз беш йил давомида консуллик рўйхатида турмаса; Ўзбекистон фуқаролиги сохта ҳужжатлар билан олингани аниқланса; агар фуқаро Ўзбекистон манфаатларига зарар келтирувчи фаолият билан шуғуллангани аниқланса; хорижий давлат фойдасига фаолият юритиб, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солувчи жиноят содир этса, Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилади.

Қайд қилинишича, 26 моддага киритилган ўзгартиришга кўра, хорижий давлат фуқароси бўлган бола Ўзбекистон фуқароси томонидан фарзандликка олинса, у бошқа давлат фуқаролигидан чиққан ҳолатдагина Ўзбекистон фуқаролигини олиш имконига эга бўлади.

Олдинги ўзгартиришлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Фуқаролик тўғрисидаги қонунга ўзгаришлар бундан олдин 2015 йил августида киритилган эди.

Ислом Каримов 2015 йил 10 августда имзолаган қонуннинг ўзгартириш киритилган 21- моддасига кўра, Ўзбекистонда жамият ва давлат манфаатларига зиён етказган шахслар фуқароликдан маҳрум қилиниши айтилган.

Бошқа давлат фойдасига ишлаш, осойишталик ва хавфсизликка қарши жиноятларни содир этиб, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказганлар фуқароликдан чиқарилиши белгиланганди унда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.