Шавкат Мирзиёев Сергелидаги аҳвол билан танишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев якшанба, 25 сентябрда Тошкент шаҳар Сергели туманида бўлган.

Ташриф давомида туманда олиб борилаётган қурилиш ишлари, аҳоли турар жой ва маиший объектларларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги билан танишган.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ушбу ташрифни кенг ёритганлар.

Ахборот дастуридаги лавҳага кўра, вақтинчалик президент вазифасини бажараётган Бош вазир аҳоли учун кўп қаватли турар-жой биноларни қуриш, коммунал хизматларни яхшилаш ва бу соҳада иқтисодий самарали усуллардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратган.

Шавкат Мирзиёев шаҳар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва мутахассислар билан учрашувда Тошкентни ривожлантириш дастури доирасида 2017-2022 йилларда Сергелида замонавий талабларга жавоб берувчи 500 кўпхонали уйлар қурилиши режаланганини айтган.

Бундан ташқари пойтахтда истироҳат боғлари, яшил ҳудудлар барпо қилиш, метро йўналишлари бўйича қурилишларни тезлаштириш, аҳолининг ўсиб бораётган талабларини қондириш, тартибни муҳофаза қилиш ишлари муҳокама қилинган.

Мутасадди вазирлик ва ташкилот вакиллари Тошкентда тартибни ҳар томонлама мустаҳкамлаш учун паспорт-виза режимига қаттиқ амал қилинаётгани тўғрисида ҳисоб берганлар.

Ижтимоий тармоқлар

Шавкат Мирзиёевнинг Сергелига ташрифи, хусусан, шаҳар расмийлари билан учрашувида паспорт-виза режимини кучайтириш тўғрисида сўз боргани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларни пайдо қилган.

Бир кун аввал маҳаллий сайтларда Шавкат Мирзиёев томонидан 23 сентябрда имзолаган прописка тўғрисида қонунга қўшимчалар эълон қилинган.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискада бўлганлар ўз қариндошларини пропискага қўйишлари мураккаблаштирилгани кўпчиликни хавотирга солган.

"Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 14 сентябрдаги қонуни билан тасдиқланган "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати изоҳи"га кўра,

Рўйхатнинг 2, 3, 5, 9-12 бандларига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқароларнинг қариндошлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинмайди", деб қайд этилади унда.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари айни пайтда ўзларининг қайси тоифага киришларини, бу бандлар ўзларига таалуқли ёки йўқлигини баҳс қилмоқдалар.

Шунингдек, интернет фаоллар ўзлари яшайдиган вилоят ва туманларга ҳам муваққат президентни таклиф этиб, газ-сув, электр энергия билан муаммоларини ёзганлар.

Би-би-сининг Фейсбукдаги саҳифасида Мах Икс никли фойдаланувчи шундай фикр қолдирган:

"Прописка" тизими бу Чор Россиясининг "крепостной ҳуқуқи" тизими асорати эканини 32 миллионли давлатнинг Президенти вазифасини бажараётган одам наҳотки билмаса...

P.S.1861 йилгача Чор Россиясидаги рус камбағаллари ўз оилалари билан (Л.Н.Толстой талқинида "мужик"лар) помешчикларнинг поместьесига "прописка" қилинган. Агар "мужик" помешчикнинг поместьесидан "выписка" қилинмаса бошқа помешчикнинг поместьесига "просписка"га кириш ҳуқуқи бўлмаган. Ўзи яшайдиган помешчикнинг поместьесидан "выписка" қилинмаган "мужик"ни ўз поместьесига ишга ёллаган помешчик қаттиқ жазога тортилган. Шунинг учун рус "мужик"лари ўзлари "прописка" қилинган поместьени ташлаб кетолмаган. Бу мужикларнинг бир йилда бир кун "выписка" бўлиш ҳуқуқи бўлишган. Бу кунни руслар ҳозир ҳам ноябрь ойида "Юрьев день" деб нишонлашади. Кейинчалик собиқ СССР даврида И.В.Сталин "прописка"ни, яъни паспорт тизимини амалиётга қайтарган эди", деб ёзган у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.