Ўзбек телеканалларида яна бир тарғибот фильм

Ҳужжатли фильм

Ўзбекистондаги телеканаллар бирин-кетин "Ватанга талпинаётган кўнгил" деб ном берилган тарғибот фильмини намойиш этган.

Фильм "Тошкент" телеканалининг маҳсулоти экани билдирилган, бироқ телевидение ходимларининг аксари бундай кўрсатувлар махсус хизматлар ҳамда энг юқори идоралардаги раҳбарларнинг буйруғи асосидагина тайёрланиши ва эфирга узатишга рухсат берилишини жуда яхши биладилар.

Фильм хорижга қочган "Акромийлар тўдаси аъзосининг адашган оиласи"га бағишланган.

Унда 2005 йил 13 майидаги Андижондаги қирғинбарот "бир тўда риёкорларнинг хориждаги раҳнамолари остидаги катта сиёсий ўйин" деб талқин қилинади.

Ўзбекистон ҳукумати Андижонда 187 инсон ҳалок бўлган, уларнинг аксари қуролли жангарилар, деб келади.

Аммо гувоҳлар Андижоннинг Бобур майдонига яқин ҳудудлар ва Қирғиз-Ўзбек чегарасида юзлаб тинч фуқаролар ҳалок бўлганини кўрганлари ҳақида айтганлар.

Ҳукумат, Андижондаги зўравонликларни Акромжон Йўлдошев тузган "Акромийлар" диний-экстремистик оқим аъзолари содир этди, дейди.

Мақсадлари бир-бирларига ёрдамга асосланган исломий биродарлик эканини айтадиган андижонликлар "Акромия" деган оқим йўқ, дейдилар.

Ўзбекистон телеканалларида авваллари айни мавзуда бир неча буюртма фильмлар тайёрланган ва намойиш этилган.

Бундай фильмларда "қаҳрамон"ларни раҳм-шафқат туйғуларини буткул унутган, ваҳший инсон сифатида кўрсатишни яхши кўрадилар муаллифлар.

Шунингдек, ўзбекона одоб-ахлоқ, маданият ва урф-одатларни писанд қилмайдиган, яқин қариндошлари ҳақида мутлақо қайғурмайдиган инсон сифатида тақдим этиш билан фильм муаллифлари "қаҳрамон"га нисбатан томошабинларда нафрат ва жирканиш туйғуларини уйғотишни хоҳлайдилар.

Ҳар қанча ишонарсиз чиқмасин, мусулмон тақводор кишини дунёдаги ҳар қандай қабиҳ, бузуқ иш ёки амалдан қайтмайдиган, пул учун ҳар қандай буйруқни бажаришга тайёр инсон сифатида кўрсатиш билан аксар ўзбекистонликларни айтаётган гапларига ишонтиришни истайдилар бундай фильмлар "ижодкорлар"и.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.