Руфат Рисқиев: ‘Мухлисларимга катта раҳмат’
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Руфат Рисқиев: ‘Мухлисларимга катта раҳмат’

Куни-кеча оёғида жарроҳлик амалиётини ўтказган ўзбекистонлик донгдор боксчининг касалхонадан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ҳозир аҳволи анча яхши ва оғриқлари ҳам деярли босилган.

Ўзбекистондан душанба куни олинган хабарлардан қорасон бошлангани сабаб, шифокорлар Руфат Рисқиевнинг бир оёғини тиззасидан пастини кесиб ташлашга мажбур бўлишгани аён бўлганди.

Маълум бўлишича, ҳаваскор боксда ўз вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони, Ёзги Олимпиада Ўйинларининг илк совриндори бўлган ўзбекистонлик бу боксчи жарроҳлик амалиётини пойтахт Тошкентдаги 16-касалхонада ўтказган.

“Саломатлигимга билдирган қизиқишлари учун, авваламбор, мухлисларимга катта раҳмат. Мана шу жарроҳлик амалиётидан кейин уч-тўрт кун ҳаммаёғим жудаям ёмон оғриди-да...Ўрнимдан туролмасдан ётдим. Мана, ҳозир икки-уч кундан буён яхши ухлаяпман. Оғриқ ҳам оз. Худо хоҳласа, тузалиб кетаман. Шифокорларга ҳам раҳмат, қўлларидан келган ҳамма ишни қилишаяпти. Ҳозир оғриқ йўқ ҳисоби”, - дейди Руфат ака Рисқиев.

У кишининг айтишича, жарроҳлик амалиёти ҳам яхши ўтган.

“Шифокорларга катта раҳмат. Улар бўлишмаса, мен нима қилардим”, - дейди суҳбатдошимиз.

Руфат ака Рисқиевнинг айтишича, ўзининг касалхонада экани, жарроҳлик амалиётини ўтказганига оид хабарни эшитган кимки бор, ҳозир йўқлаб, яхши тилаклар билдириб кетишаяпти.

2 октябр куни 67 ёшни қаршиловчи ўзбекистонлик бу донгдор боксчи ҳозир нафақада.

Аммо у кишининг айтишича, оёққа туриб кетиши билан, агар, лозим бўлса, бокс соҳасида бундан буёғига ҳам ўз кўмагини аямайди.

“Жаҳонда, Оврўпода мухлисларим борлигидан бошим осмонга етди. Мен ҳозир учиб юрибман. Жуда хурсанд бўлдим. Ҳаммасига раҳмат. Соғ-саломат бўлишсин. Омад ёр бўлсин. Барчангизга яна бир бор раҳмат”, - дейди суҳбатимиз сўнггида Руфат ака Рисқиев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fergana.ru

Ўзбекистонлик таниқли боксчи 75 кг вазн тоифасида 1974 йилги жаҳон чемпиони.

1976 йилги Монреал Олимпиада Ўйинлари кумуш медали совриндори, қатор халқаро турнирлар ғолиби.

Руфат ака, бундан ташқари, Куба Очиқ чемпионатининг икки карра чемпиони ҳам бўлади.

Руфат Асадович Рисқиев 1949 йилнинг 2 октябрида Тошкент шаҳрида дунёга келган. Бокс билан шуғулланишни 14 ёшида бошлаган.

Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтини тугатган.

Таниқли боксчи рингда аъло даражадаги кураш тактикасини намойиш қилган.

Ҳар иккала қўли билан ҳам аниқ зарба беришга қодир бўлган Руфат Рисқиев аксарият ҳолларда ўтказган жангларида муддатидан илгари ғалаба қозонган.

У ҳаваскор боксчиларнинг 1974 йилда бўлиб ўтган илк Очиқ чемпионатида иштирок этиш бахтига муяссар бўлган боксчилардан биридир.

Таниқли боксчи АҚШ, Австрия, Бўлғористон, Можаристон, Польша, собиқ Чехословакия, собиқ Югославияда ўтказилган халқаро турнирларда ҳам иштирок этиб, ғалаба қозонган.

Руфат ака Рисқиев жаҳон бокси афсонаси марҳум Муҳаммад Али билан шахсан кўришиш бахтига муяссар бўлган ўзбекистонлик биринчи ва ягона боксчи ҳам бўлади.

У киши СССРда Хизмат кўрсатган спорт мастери, "Ҳурмат Белгиси", "Буюк хизматлари учун" ва "Эл-юрт ҳурмати" фахрий унвон ва орденлари совриндори саналади.

Руфат ака Рисқиев ҳаваскор рингда ўзининг маҳорати билан "Тошкент йўлбарси" лақабини қозонган боксчи бўлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.