Тожик-Ўзбек алоқаларида ўзгариш?..
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тожик-Ўзбек алоқаларида ўзгариш?..

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон билан ўзаро муносабатлар ўз мамлакати ташқи сиёсатида устивор характерга эга эканини алоҳида қайд этган.

Унинг бу сўзлари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг пойтахт Душанбега амалий ташрифи чоғида янграган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг Тожикистонга сафари Ўзбекистоннинг чорак асрлик президенти Ислом Каримов вафотидан қарийб бир ойча ўтиб, кеча пайшанба - 29 сентябр куни амалга оширилган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Тожикистон Қирғизистон билан бирга марҳум президент Ислом Каримов бошқаруви даврида Ўзбекистон билан алоқалари жиддий совуқлашган иккита минтақа давлатидан биттаси бўлади.

Ўзбек-тожик алоқалари

Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари эса, турли геосиёсий ва, айримлар фикрича, шахсий сабаблар боис, ўтган йиллар давомида таранглашиб келган.

Айниқса, охирги йилларда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги алоқаларнинг тобора совуқлашиб бораётгани кузатилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи rushydro

Тожикистон электр токи олиш ниятида улкан Роғун ГЭСини қуриш режасини эълон қилиши билан сувталаб пахта экадиган Ўзбекистон бунга кескин қарши чиқди.

Аҳвол шу даражага етдики, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов сув муаммолари боис минтақада уруш чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Тожикистон Ўзбекистонни иқтисодий қамалда айблаб келаётганига ҳам анча бўлди.

Тожик тарафи ўзларига мўлжалланган юкларнинг Ўзбекистонда атайин узоқ вақт ушлаб турилишидан ўз иқтисоди зарар кўраётганини айтиб келади.

Транспорт-коммуникация тизимлари, саноат ва савдоси Шўролар даврида бир-бирига чамбарчас боғланиб кетган Ўзбекистон ва Тожикистоннинг айни соҳаларги алоқалари мустақиллик йилларида деярли барбод бўлди.

Аввалига Тожикистондаги фуқаролар урушидан хавотирда бўлган Ўзбекистон транспорт алоқаларини, хусусан, Душанбе-Тошкент йўналишидаги учоқлар парвозини бекор қилди.

Кейинроқ Тожикистон оша Фарғона водийсига тушган йўлдан фойдаланиш тўхтади.

Икки мамлакат ўртасида виза тизими жорий қилинар экан, Ўзбекистон чегара минтақаларини миналаштириб чиқди.

Аммо, таъкидлаш жоиз, бу каби қарийб душманона муносабатлар қўшни Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб, охирги пайтларда бироз илигандек ҳам кўринди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи president.tj

Сўнгги ривожланишлар

Тожикистондан олинган сўнгги хабарлар тафсилотларидан маълум бўлишича, пойтахт Душанбедаги музокаралар чоғида айнан сув-энергетика ва транспорт-логистика соҳалари, фуқароларнинг икки давлатга ўзаро ташрифлари масалалари фаол ўзаро ҳаракатларни талаб қилувчи йўналишлар сифатида эътироф этилган.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев мамлакат Сенатининг ўзи муваққат президент этиб эълон қилинган 9 сентябр кунги қўшма мажлиси чоғида Марказий Осиё минтақаси - ташқи сиёсатларининг энг устивор йўналишларидан бири бўлиб қолаверишини таъкидлаган.

Яқин қўшнилари: Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қолишларини баён қилганди.

Ўзбекистон муваққат президентининг ана шу чиқиши ва МДҲ давлатлари юбилей саммити сабаб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг пойтахт Бишкекка сафари ортидан, Қирғизистон билан ўта совуқлашган муносабатларда ҳам бироз илиш кузатилгандек бўлди.

Шу ой ўрталарида бир неча ҳафталик ҳозирликлари ортидан, баҳсли Ўнғортепадан ҳарбийлар чиқарилди, қарийб бир ойдан бери қамалда қолган Сўх-Шоҳимардон йўли ҳам очилгани, чегарада назорат текшириш пункти одатий тартибда ишлай бошлагани хабар берилди.

Минтақада кузатилаётган воқеаларнинг бу каби ривожига ўз баҳосини бераркан, Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов, Ўзбекистонда қудратга "янги шахснинг келиши мана шу шаклланган муаммолар устида қайтадан бош қотириш, ечимига қайтадан имконият излашга имкон беради", - деган фикрни изҳор этди.

Таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, ўз навбатида, ҳам Тожикистон ва ҳам Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан ижобий ва ишонарли муносабат ўрнатишга эҳтиёжи бор.

Эҳтиёж

Камолиддин Раббимовнинг таъкидлашича, айниқса, Тожикистон бунга катта эҳтиёж сезади.

"Чунки Тожикистонни ярим орол давлат, дейишимиз мумкин. Бир томондан, кейинги икки асрда шаклланган коммуникация тизимларининг ҳаммаси Ўзбекистон орқали ўтади. Иккинчи томондан тоғли ва Афғонистонга ўхшаш беқарор бўлган бир давлатга қўшни. Шунинг учун ҳам, Тожикистоннинг Ўзбекистон билан муносабатларини ижобийлаштиришга эҳтиёжи ҳақиқатан юқори", - дейди таҳлилчи.

Унинг таҳлилича, Тожикистон раҳбарияти Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг вафотини бунинг учун жиддий сиёсий фурсат сифатида талқин қилган.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаевдан фарқли тарзда, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 3 сентябр куни Самарқандда бўлиб ўтган дафн маросимида шахсан иштирок этганди.

Аммо, сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, Қирғизистондаги вазият бироз ўзгача.

Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Қирғизистон ҳам Ўзбекистон билан муносабатларини қайта кўриб чиқишни, албатта, хоҳлайди.

Аммо Қирғизистон, бир томондан, Ўзбекистон каби катта бир давлатдан ҳадиксираса, бошқа тарафдан, 90 нчи ва 2010 йиллардаги воқеаларга қандай муносабатда бўлишини ўйлаб, Ўзбекистон янги раҳбариятига ҳам эҳтиёткорлик ва ҳам умид билан қарайди, дейди у.

Таҳлилчининг айтишича, бу икки қўшни мамлакат билан узоқ муддат чигал муносабатда бўлиб келиши, аслида, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги мавқеининг пасайишига олиб келган.

Унга кўра, Ўзбекистонда ҳозир ўзининг қолган Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларини бошқачароқ қуришга мойиллик, эҳтиёж кучли.

"Ўзбекистон раҳбариятининг Каримов даврида шаклланган сиёсатдан янги сиёсатга ўтгунча камида бир йил, икки йил вақт керак бўлади. Лекин ҳозирги пайтдаги воқеалар шуни кўрсатаяптики, шу пайтгача музлатилган муаммолар устида дипломатик доирада бир ижобий ечим топиш тенденцияси бошланаяпти, менимча ва бу - ижобий ҳолат", - дейди Франциядан сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимов суҳбатимиз сўнггида.

Президент вазифасини бажараётган Бош вазир Шавкат Мирзиёев ҳам тўртта номзоддан бири бўлган Ўзбекистондаги президент сайлови 4 декабр кунига режаланган.

Шу ой бошида Тошкентдан олинган расмий хабарларда унгача Шавкат Мирзиёевнинг муваққат президент бўлиб туриши айтилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.