Би-би-сига айтаман: "Уй қамоғи" оғир экан

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

"Уй қамоғи тўғрисида"ги қонун чиққанида, шу ҳам жазо тури бўлибдими, деб бир оз ажаблангандим. Лекин ўзим ҳам бир ой ихтиёрий "уй қамоғида" ўтиргач, бу нақадар оғир жазо эканини тушундим.

Айтмоқчи бўлганим, ёзда Грин Карта ютган жияним АҚШга меҳмонга чақирганди. Ҳамма харажатларимни тўлагандан кейин бир бориб айланиб, ўйнаб келай дедим. Бордим, кутиб олди, биринчи кун роса меҳмон қилди.

Кейин эса ипотекага уй олган экан, шу тўловини қилиш учун бўзчини моккисидек чопгани-чопган - 2 та ишда ишлар экан. Мени айлантиришга унча вақт топмади.

Қўлимга 1000 доллар бериб, тоға Дисней Лендга борасизми, иш қилиб қайси кўнгил очар жойга борсангиз келса мазза қилиб ҳордиқ чиқаринг деди, барака топгур. Бу пулни кўриб кўзларим квадрат бўлиб кетди ўзиям. Ҳисобини олсам, сал кам 7 миллион сўм бўлиб турибди. Ахир бу менинг ўқитувчилик ойлигимда роппа-роса 1 йиллик пластигимга тушадиган ойлигимку!

Шу пулни олдиму режаларим умуман ўзгарди-қўйди. Кўчага чиқсам турган битгани харажат деб, шу жиянни уйига ўзимни қамадим қўйдим.

Кун ўтишини санайман, хеч ҳам тонг отмайди чамамда, уйқу ҳам қочди. Хаёлан пластикни келин ойингизга бериб қўйиб, шу 1000 кўкатни 100ини ҳар ой майдалаб бемалол улфатлар билан чойхона-пойхонада юрганим кўзимни олдидан ўтади.

Ора-чора ёстиқни тагига ташлаб қўйган 10 та кўзни қувнатгувчи рангли кўкатни қайта-қайта бирма бир қўлдан ўтказаман. Эрта бўлса яна уйда бир ўзим қоламан, ТВ кўрай десам тилини тушунмайман, қўшни-пўшни билан суҳбат қилай десам яна тил муаммоси, ундан ташқари тилни билган тақдирингда ҳам, улар ҳам ўзи билан ўзи овора.

Жиян ҳар куни кечқурун келиб, ҳа тоға, бугун қаерларга бордингиз, нималарни кўрдингиз?- деб саволга тутади.

Мен, эээ болам маза бўлмади, куни билан уйда ётдим, деб баҳона қиламан.

Хуллас, шу кўйда амаллаб 1 ой ҳам ўтди. Уйга келдим. Ҳалиги пулни ичкарироққа беркитиб бемалол юргандим, хотин қурмагур топиб олибди…

Шу қизимизни чиқарган эдик, хайит қиламан деб, тоғора-тоғора таому, коробка-кробка пишириқлар, камига ҳамма уй аъзоларига бош-оёқ сарпо қилди. Устига-устак шу пул ҳам камлик қилиб, пластикдаги борини ҳам ишлатиб юборибди. Урушай десанг, қилсангиз ўз фарзандингизга қилибсизда, деб мот қилди.

Хуллас, яқинда қизимизнинг кўзи ёрийди. Ойиси энди "бешик тўйга тайёргарлик қилаверинг, дадаси", деб куну-тун миямни қуртини термоқда. Шунга ўйлаб-ўйлаб сизга ёзаётганим.

Сабаби жиян ватанидаги янгиликлар ҳақида қизиқиб, юрган йўлида телефонида сизнинг сайтингизга кириб туришига кўзим тушганди. Ўзим унга айтишга ботинолмадим. Зора шу мақолани ўқиб, бир ой эмас 3-4 ойга чақирса деган умиддаман. Чунки шу узоқроқ муддат "уй қамоғида" ўтирадиган тадбир кутиб турибди олдинда. Хотин айтганидек, ўзбегим фарзандлари учун ҳамма нарсага тайёр, ҳатто «уй қамоғига» ҳам!

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.