'Ўқитувчилар касб байрамларини далада нишонлашмоқда'

1 октябр Ўзбекистонда Ўқитувчилар байрами сифатида нишонланади.

Шу муносабат билан муваққат президент Шавкат Мирзиёев республика ўқитувчиларини касб байрамлари билан табриклаб, уларнинг хизматларини муносиб қадрлашини айтган.

Хабарларга кўра, ҳозир республикадаги барча вилоятларда мактаб ва коллеж, лицей ўқитувчилари пахта теримига жалб қилинган.

Ҳукуматнинг мактаб ўқувчиларини пахтага жалб қилмаслик қароридан сўнг, уларнинг ўрнига давлат ташкилотлари ходимлари, жумладан ўқитувчилар ҳам оммавий равишда пахтага олиб чиқилмоқда.

Касаба уюшмаси федерацияси ва Меҳнат вазирлигининг пахта териш мажбурий эмас, ихтиёрий деган мазмундаги баёнотлари тарқатилишига қарамасдан, амалда Ўзбекистон вилоят ва шаҳарларида ҳамма пахтада экани айтилади.

Шу муносабат билан Ўзбекистондаги нодавлат Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш алянси ўз кузатувларини давом эттирган.

Алянс раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, Бўка туманида ўқитувчилар байрамни далада нишонлашларига тўғри келган.

"1 октябр Ўқитувчилар куни. Лекин касб байрамида пахта тераётган ўқитувчининг кайфиятини байрамона деб бўлмайди. Сабаби, ишдан айрилишдан қўрққан ўқитувчилар жимгина пахта теришга мажбурлар", дейилади Алянс тарқатган хабарда.

Унга кўра, Бўка тумани маориф бўлими мудири Муҳаммад Азимов ўқитувчиларни Кўкорол, Алхожар каби узоқ туманларга ёталай пахтага жўнатган. Бошқа ўқитувчилар эса кунлай пахта теримига олиб чиқилмоқда.

Баёнотда айтилишича, "районо мудири 44- мактаб раҳбари билан биргаликда пахтага бормаган ўқитувчиларга 250 минг сўмдан 400 минг сўмгача тўлов тўлашни буюрган".

Бундан ташқари, "Тошкент вилоятининг янги ҳокими Бўка туман маориф бўлимига рахбари пахтага мўлжалдагидан кам ўқитувчилар чиққани учун ҳайфсан берган".

Бунинг ортидан эса, "Бўка туман маориф бўлими раҳбари Муҳаммад Азимов охирги кунларда 10 та мактаб(4, 9, 14, 19, 25, 35, 34, 31, 42, 47 ўрта мактаблар) директорларини ишдан бўшатган", дейилади хабарда.

Маҳаллий яшовчилар эса пахтага чиқмаганларга нисбатан қўпол муомала ва таҳдидлар бир неча кишини қон босими кўтарилишига ҳам олиб келганини айтганлар ҳуқуқ фаолларига.

Алянсга кўра, Ўқитувчилар куни муносабати билан Бўка маориф бўлимидан ўқитувчиларга аталган пул мукофотлари пахта фондига ўтқазилган.

Ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқ фаоллари муваққат президент ва Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига ишонч телефонлари орқали мурожаат қилганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати ушбу маълумотлар юзасидан Бўка туман маориф бўлими мудири Муҳаммаджон Азимов билан боғланишга муваффақ бўлди.

У ўқитувчилар мажбурий пахтага олиб чиқилаётганини рад қилди ва улар фақат дарсдан кейин пахтага чиқаётганларини қайд этди.

Шунингдек, алянс айтганидек, 10 та мактаб директорлари эмас, икки мактаб-34 ва 35 ўрта мактаб директорлари пенсия ёшига етгани учун ишдан бўшатилганини таъкидлади.

Жаноб Азимов ўқитувчиларга бериладиган пул мукофотлари бошқа фондга ўтказилганини "бўлмаган гап", деб атади ва мукофот пуллари ҳаммага эмас, ўз фаолияти билан бунга лойиқ бўлган ўқитувчиларга навбати билан берилишини айтиб ўтди.

Унинг билдиришича, байрам муносабати билан шаҳар ҳокимиятидан берилган мукофтлар ўз эгаларига тарқатилган ва ҳамма ўқитувчилар ҳозир байрамни нишонлашмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.