"Сайловгача Ўзбекистонга қайтамиз"

Россиянинг Ростов вилоятида меҳнат қилаётган кўплаб ўзбекистонлик муҳожирлар шу йилнинг 4 декабрида ўтказилиши режалаштирилган президентлик сайловларига қадар Ўзбекистонга қайтиш ниятида эканликларини билдиришмоқда.

Бир неча йилдан буён ўз оиласи билан Ростов шаҳрида истиқомат қилаётган Жаҳонгирнинг айтишича, Ўзбекистон янги даврга қадам қўймоқда. Шу сабабли, у президентлик сайловларида иштирок этиш ҳар бир ўзбекистонликнинг фуқоролик бурчи деб ҳисоблайди.

"Кўплаб Ватандошларимиз самолёт ёки поездга билет олишмоқда. Таксида Тошкентга жўнаётганлар ҳам кўп. Уч-тўрт йилдан бери Ўзбекистонда бўлмаган танишларим ҳам, бу йил қишни ватанда ўтказиб келамиз, бирйўла сайловда ҳам қатнашамиз, дейишяпти. Биз ҳам оилам билан ноябр ўрталарида Ўзбекистонга бормоқчимиз. Сайловда ўз овозимизни берамиз. Янги йил байрамини Ўзбекистонда нишонлаб, кейин қайтамиз", - дейди Жаҳонгир.

Меҳнат муҳожирларига кўра, бу сафарги сайлов Ўзбекистон мустақил бўлгандан буён ўтган 25 йилда илк бор янги раҳбар сайланаётгани учун ҳам аввалгиларидан кўра қизиқарлироқдир.

Шунингдек, меҳнат муҳожирлари Ўзбекистон президентлигига кўрсатилган номзодлар ҳақида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқдалар.

Ўзбекистоннинг муваққат президенти этиб тайинланган Шавкат Мирзиёев ҳақида ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар ҳамда Бош Вазирнинг кўпгина соҳаларда ижобий ўзгартиришларга қўл ураётгани ҳақидаги хабарлар ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Бир муддат аввал Шавкат Мирзиёевни яхши танимасликларини айтган кўплаб муҳожирлар, бугунга келиб айнан шу кишини Ўзбекистон президентлигига энг муносиб номзод дея баҳолашмоқда.

"Шавкат Мирзиёевнинг имкониятлари бошқа номзодларникидан кўпроқ, бу унинг ҳозир эгаллаб турган вазифаси билан ҳам боғлиқ. У ҳозир халққа ўзининг яхши томонларини кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Президентликка сайлангандан кейин ҳам ишни шундай давом эттирадими йўқми, номаълум, лекин сайловгача бўлган вақтдан у фойдаланиб қолади. Халқ орасида обрўини кўтариб олишга улгуради. Аллақачон муҳожирлар орасида ҳам: "Мирзиёевга овоз берамиз-да, бошқа кимга ҳам овоз берардик", деяётганлар кўпчиликни ташкил қиляпти", - дейди ўзбекистонлик муҳожирлардан бири Мурод.

Суҳбатдошнинг айтишича, Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Обид Асомов ва бошқа эл суйган санъаткорларнинг катта саҳналарга қайтарилиши ҳақидаги гап-сўзлар ҳам Мирзиёевнинг халқ орасида обрў қозонишига ёрдам бериши мумкин.

Муҳожирлар орасида Молия Вазири Рустам Азимовнинг президентликка ўз номзодини қўймаганидан афсусланаётганлар ҳам бор.

Шу билан бирга, улар сайловларда номзодлари кўрсатилган Ҳотамжон Кетмонов, Наримон Умаров ва Сарвар Отамуродовни Бош Вазир Шавкат Мирзиёевга муносиб рақиблар деб ҳисобламасликларини айтишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.