Талабалар пахтага олиб чиқилмаяптими?

Image caption Талабалар пахта даласида

Тошкент вилоятидаги баъзи коллеж ўқитувчиларининг айтишларича, бу йилги пахта теримига талабалар олиб чиқилмаяпти. Ўтган йиллар давомида коллежларнинг 3-курс талабалари пахта далаларига сафарбар қилинарди.

"Бу йил коллеж талабаларимиз чиқмаяпти. Учинчи курсдагилар ҳам. Бу яхши, албатта, талабалар таълим олиши керак дейиляпти. Лекин, дарси камроқ ўқитувчилар, қоровулларимиз, лаборантларимиз ҳар куни чиқишяпти, уларга назорат катта", - дейди Тошкент вилояти туманларидан бирининг ўқитувчиси Би-би-сига.

Бироқ, республиканинг бошқа ҳудудларида, хусусан Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги коллежнинг нафақат 3, балки 1-курс талабалари ҳам пахта теримига олиб чиқилиши буюрилган.

Бу ҳақида коллеж ўқитувчиларидан бири ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида билдирди.

"Якшанба куни гуруҳингизни пахтага олиб чиқинг деган буйруқ бўлди. Албатта, оғзаки буйруқ. 1-курс гуруҳларидан бирига гуруҳ раҳбариман", - деб ёзди муалли ўз ижтимоий тармоқда.

Талаба меҳнатини ким қоплайди?

Айни дамда бўшаб қолган мазкур ишчи куч ўрнини тўлдириш маҳалла қўмиталарига топширилган.

"Маҳаллақўмлар уйма-уй юриб, уйда ўтирадиган одамларни пахтага чиқишга мажбурлашяпти. Биз ўқитувчиларни эса шанба-якшанба кунлари пахтага чиқаришади. Шу билан етти кун ишлаймиз", - дейди Тошкент вилоятидан гапирган суҳбатдош.

Унинг айтишича, ҳар бир ўқитувчи маошидан коллеж раҳбарияти "ёлланма пахтакорлар" учун 600 минг сўм ушлаб қолмоқда.

"Бу пул ўрнимизга пахта терадиган одамлар учун экан. Агар норози бўлсак, унда "бор, далага чиқиб пахта тер, килосига 250 сўм оласан, ойлик ёзилмайди" деб айтишади", - дейди муаллим.

Коллежлар раҳбариятининг ўқитувчилар маошларидан ушлаб қолаётган пули республика бўйлаб ҳисобланса, юз миллионлаб сўмни ташкил қилади. Аммо, бу миқдорнинг қанчаси ҳақиқатдан ҳам мардикор пахтакорларни ёллаш учун сарфланиши борасида ҳеч қандай ҳисоб-китоб олиб борилмайди.

Бу пуллар кимнинг чўнтагига бориб тушиши номаълум.

Айни дамда суҳбатдош ўқувчиларнинг далага олиб чиқилмаётганини олқишлайди. "Барибир уларни олиб чиққандан фойда йўқ. Югуриб, ўйнаб юришади далада", - дейди у.

Кимнинг боши?

Ўзбек интернет нашрларида тарқалган хабарларда айтилишича, Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев бир неча кун аввал ўтказилган селектор мажлисида вилоят ва туманлар ҳокимларига мактаб ва коллежлар талабалари меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаган. У бу буйруқни бузганлар боши билан жавоб беришларини айтиб таҳдид қилгани айтилади.

Расмий Тошкент пахта йиғим-теримига болалар жалб этилишини рад этиб келади, лекин шунга қарамай айрим ҳудудларда болалар меҳнатида фойдаланиш давом этмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.