Би-би-сига айтаман: Мен нечун севаман Ўзбекистонни?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Паловхонтўра

Маҳалламизда "Жипириқ" лақабли бир бекорчи, безори, ишёқмас бор эди. Замоннинг зайли билан бир ухлаб туриб унга ҳам амал тегди.

Маҳалламиз посбони бўлди. Лекин шу ўринда бир нарсага аниқлик киритишим лозим, бу амал унга бир кунда тегмаган экан, унгача анча меҳнат қилибди.

Кимнинг уйида нима тадбир бўлмоқда, ким қурилиш қилмоқда, нима еб, нима ичиб юргани ҳақида маълумот тўплаб керакли жойларга етказиб турган экан.

Хуллас, "меҳнатлари" зое кетмади, мана мукофотини олди…

Уйда зерикиб ётгандим, эшик қўнгироғи чалиб қолди. Чиқиб қарасам, посбон жаноблари экан.

Шу эшик олдига яхши ният билан қурилиш учун тўкиб қўйган бир машина шағалим бор эди, шуни олиб қўйинг ҳоким бува кўчамиздан ўтадилар, деб чиқибди.

Майли деб, бозордан икки мардикорни бошлаб келдим.

Чойини ичиб, ечиниб энди бир-икки арава шағални ҳовлига олиб кирганди, бирдан посбон билан участковой келиб ҳалиги ишчиларнинг паспортини текшириб, пропискасини сўради…

Учта минимал ойликдан ҳар бирига жарима варақасини тўлдиришга тушганда, мен ўзимдан анча кичик бўлган "Жипириқ" билан учасковойга «ака, акажон, қуйинг», деб ёлвориб илтимос килдим.

"Ҳа майли сизнинг ҳурматингиз, биттасини расмийлаштирамиз, иккинчисига кўз юмамиз», деб менга енгиллик яратган киши бўлди қўшним.

Жарима варакасини тўлаш учун мени қўлимга тутқазди, ҳалиги бечора мардикорларнинг жавобини бериб юборишга мажбур бўлдим...

Шағал уюми қандай турган бўлса шундай қолди.

Шу пайт посбон менга ўз хизматини таклиф этди. Бу шағални ўзингиз эплай олмасангиз, мана мен ёрдам бераман деди.

Мен хурсанд бўлиб кетдим, қуёш қаердан чиқди деб. У шағални менинг ҳовлим ичкарисига эмас, балки ўзиникига олиб киришни таклиф этган экан.

Ноилож рози бўлдим. Икки соатга қолмай кўча ҳам "ҳашар услубида" тозаланди қолди.

Ҳалигилар билан ади-бади айтишиб, бугунги зарарни чамалаб, хуноб бўлиб тургандим, кеннойингиз овқатга чақириб қолди.

Паловхонтўрани сузаман, эшикдаги меҳмонларни чақиринг, деди.

Булар меҳмонлар эмас, ўзимизни қўшнилар десам, чақираверинг "меҳмон келар эшикдан, ризқи келар тешикдан", деди.

Ичкарига кириб ўтирдик, мени чув туширганлар билан бирга таом едик. Ўртадан адоват кўтарилгандек бўлди.

Қорин тўйгандан кейин, ҳамтовоқларим ҳам дардини менга айта кетди.

"Ака, бизга ҳам сизни жаримага тортиб нима зарур, биз ҳам кичкина одаммиз. Шу бизга юқоридан план келади, бугун бир-иккита бепропискани штрафини олиб келмасанг, ишдан бўшашга аризангни ёзавер, дейишади. Биз ҳам бола-чақа боқишимиз керак, ака, тўғри тушунинг, айбга буюрмайсиз энди", деб, узрларини сўрашди.

Менинг ҳам кўнглим бир оз эриб, уларга ҳамдард бўлдим. Кейин қучоқлашиб хайрлашдик.

Хуллас, нима десангиз ҳам, ўзбегим муросали, жойида келишиб кетадиган халқ!

Балки четдаги мухолифат вакиллари озгина эркинлик билан нафас олиб, бу ҳикояни ўқигач, мана сизга манқуртликнинг яққол белгиси ёки қуллик зеҳнияти дейиши мумкиндир.

Лекин сўнгги хабарларга қараганда, чет элдаги мухолифатчилар ҳам қанчалар яхши шароитда кун кечиришмасин, ватанга қайтиш илинжида эканликларини айтишаётган экан...

Улар ҳам менга ўхшаб, бир пайтлар ўзларини "бола-чақа" боқиш умидида қувиб солган "жипириқ"лар билан келишиб олишар...

Давоси битта паловхонтўра бўлиб чиқар барча гина-кудуратларнинг?

Ўзбекистонлик муштарий

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.