Ўзбекистоннинг Ravon бренди МДҲга чиқади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон автосаноатининг экспорт учун мўлжалланган Ravon маркали машиналари фақат Россияга эмас, МДҲнинг бошқа мамлакатлари, жумладан яқин вақтда Белорус, келгусида Озарбайжон ва Туркманистонга ҳам етказилиши хабар қилинади.

GM Uzbekistan ширкатининг Ravon матбуот хизматига кўра, Белорус автомобил бозорига R2, Nexia R3 ва Gentra, йил охирига бориб R4 моделини етказиш йўлга қўйилади.

Шунингдек, Озарбайжон ва Туркманистон ҳам ўзбек машиналарига қизиқиш билдирган.

GM Uzbekistan ширкати 2017 йилдан бошлаб собиқ иттифоқ республикаларида ўз автосалонларини қуришни режалаштирганини маълум қилган.

Айни пайтда Россиядан Ravon Matiz автомобиллари чиқиб кетиши хабари тарқалган. Ширкатнинг ўзи бу борада изоҳ бермаган. Бунгача Россияда Ravon Matiz модели 314 000 рубл (Россия Марказий банки курси бўйича 5 минг АҚШ доллари)га баҳоланган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда Daewoo маркаси остида ишлаб чиқарилган машиналар 2016 йилда Россияда Ravon номи остида сотила бошланган.

Ширкат Ravon маркаси фақат Россия бозори доирасида ривожлантирилишини билдирганди.

Бир ой олдин Россияда Ravon автомашиналари нархи 20 минг рублга кўтарилиши хабар берилган.

Илгари 390 минг рубл бўлган Ravon 409 минг рубл, кўпроқ қулайликларга эга модели 509 минг рублгача қимматлаган.

Нархлардаги ўзгаришлар, Ravon машиналарининг Россияда тобора оммалашиб бораётгани билан изоҳланганди.

2015 йил бошида эса Россиядаги иқтисодий инқироз Ўзбек автомобиллари нархига ҳам таъсир қилган, минглаб машиналар сотилмаган, нархи тушиб кетган.

GM ширкати ҳам Россия бозорига Chevrolet Cobalt ва Chevrolet Spark автомобилларини етказишни тўхтатишини, буни Россия бозорининг мавҳумлиги билан тушунтирганди.

Бироқ бу Ўзбекистоннинг ичида машиналар нархига ҳеч ҳам таъсир қилмаган.

Ўзбекистонликларнинг ўзлари четдагидан икки баравар қиммат нархда машина сотиб олишга мажбурлар. Бундан ташқари, автосалонлар миллий валюта-сўмда эмас, долларда фаолият қилиб келган.

Фуқароларнинг машина учун банкка тўлаган пул-долларлари ширкатга таалуқли гуруҳ томонидан шахсий мақсадларда айлантириб келингани фош этилган.

Жорий йилнинг апрел ойида "Ўзавтосаноат" бошқарув раисининг ўринбосари ва 'GM-Uzbekistan' қўшма корхонаси бош директори Тоҳиржон Жалилов ушбу коррупция жанжаллари орқасидан лавозимидан четлатилган, ҳибсга олингани хабар қилинган, яқинда эса у гаров эвазига уй қамоғига ўтказилгани айтилганди.

Бироқ 'GM-Uzbekistan' ширкати автомобилларини сотиш бўйича йирик коррупцион схема амал қилиши ҳақидаги даъволарни рад этиб чиққан.

"GM -Uzbekistan"

В 2008 йилда "Ўзавтосаноат" ва Daewoo ширкати 2002 йилда банкрот бўлиши ортидан Ўзбек бозорига кирган Американинг General Motors ширкати ҳамкорлигида UzDaewooAutoнинг вориси GM-Uzbekistan тузилган.

Собиқ Чкалов заводи ҳудудида ширкатнинг Тошкент филиали очилиб, Chevrolet Captiva, Tacuma ва Epica, 2012 филда Chevrolet Malibu автомобиллари ишлаб чиқарила бошланган.

Ўзбекистоннинг ички бозорида сотиладиган атомобилларнинг 90 фоиздан кўпроғи "GM -Uzbekistan" ҳиссасига тўғри келади.

"General Motors" дунёнинг бошқа биронта бозорида бу каби йирик ҳиссага эга эмас.

'GM-Uzbekistan' ҳиссаларининг 75 фоизи Ўзбекистон ҳукуматига тегишли.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.