Алишер Усмоновнинг Ўзбекистонда нима манфаати бор?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Алишер Усмонов Ўзбекистонда туғилиб ўсган

Дунёнинг энг бадавлат шахсларидан бири Алишер Усмонов Ислом Каримов вафотидан кейин Ўзбекистонга тез-тез ташриф буюрмоқда. Жаноб Усмонов Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажараётган Шавкат Мирзиёев билан қудалик ришталарига эга. Айни дамда у Россия Президенти Владимир Путиннинг яқин шерикларидан бири ҳисобланади. Унинг Ўзбекистонда тез-тез кўриниши ортида қандай сабаблар бўлиши мумкин? Усмоновни Ўзбекистонда нима қизиқтиради? Би-би-си бу саволлар билан сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомовга мурожаат қилди.

Илҳомов: Шубҳасиз, гап сиёсий таъсирни ошириш ҳақида кетяпти, лекин кимнинг таъсирини деган савол туғилади. Айни шароитда мен бу Усмоновнинг эмас, Россия раҳбариятининг ташаббуси деб биламан. Россия кўп вақтлардан бери Ўзбекистонни ўз таъсир доирасига қўшиш мақсадида турли усулларни қидириб келади. Маълумки, Каримов охирги йилларда КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) ва Овросиё иқтисодий иттифоқи каби ташкилотлардан ўзини масофада ушлаб келди, чунки улар Россиянинг Варшава келишуви ёки Совет Иттифоқига ўхшаган иттифоқларни тузиш хоҳиши дея баҳоланди. Тошкент бунга шубҳа билан ёндошарди, Путин эса босим ўтказмасдан, мавридини кутиб, лекин айни дамда норози эканини ҳам билдириб келди. Икки томонлама алоқаларда Тошкент яқинлашишга интиларди, аммо Шанҳай ҳамкорлик ташкилотидан ташқари минтақавий руҳдаги иттифоқлардан ўзини йироқ тутарди. Бу каби сиёсат Каримовнинг шахси, унинг мустақиллик мафкураси, айнан собиқ марказ бўлмиш Москвадан мустақил бўлиш ғоялари билан боғлиқ эди. Энди эса у кетиб, Мирзиёев келар экан, балки у прагматик йўл тутар? У ҳам ўзининг шахсий манфаатларидан келиб чиқиб, Москва билан яқинлашиш тарафдори бўлиши мумкин. Ҳозирча расмий минбарлардан у аввалги тизим сақланиб қолиши ва иттифоқларга қўшилмаслигини айтаяпти, лекин вақт билан бу ўзгариши мумкин. Агар Кремль янги раҳбариятнинг онги ва юрагига йўл топса, вақт ўтиб иттифоқларга ҳам қўшилиш мумкин. Бунинг учун Москвага турли таъсир усуллари керак. Айнан шу мақсадда Москва Алишер Усмоновни норасмий элчи сифатида қўллаяпти.

Би-би-си: Лекин Усмонов жаноблари сиёсий амбициялари йўқлигини айтиб келган. Аммо, сиз айтгандек, норасмий элчи сифатида иш юритиши мумкин, шундайми?

Илҳомов: Одамлар юқори минбарлардан ўз сиёсий амбициялари йўқлигини айтишганида, бунга шубҳа билан ёндошиш керак. Тўғри, Усмоновнинг сиёсатда катта тажрибаси йўқ. У тадбиркор сифатида шаклланиб бўлган, ҳамда Россия ва Ўзбекистон сиёсий доираларида таъсирга эга одам. Лекин, у бевосита, қандайдир расмий лавозимни эгаллаб, давлат ишлари билан шуғулланишни истайди деб айтмаган бўлардим. Президентликдан паст лавозимни эгаллаш унинг обрўига тўғри келмайди. Мирзиёев яққол номзод бўлиб турганида, Усмонов бу лавозимга даъво қилолмайди. Шунинг учун ҳам у Кремлнинг норасмий вазифасини бажаради.

Image caption Усмоновнинг Тошкент аэропортидаги хусусий самолёти

Би-би-си: Ўзбекистон иқтисодиёти Усмоновнинг ташрифлари билан қандай ўзгариши мумкин? Усмонов учун ҳам ўзбек бозори ўта йирик бозор.

Илҳомов: Ўзбекистонда фақатгина ўта юқори даражадаги ҳимояга эга бўлсанг, бизнес қилишинг мумкин. Бошқа давлатлар билан солиштирсангиз, Ўзбекистондаги сармоя даражаси ўта паст. Масалан, Грузияни олинг, унинг аҳолиси Ўзбекистонникидан 8 баравар кам, аммо икки йил аввал унга ётқизилган сармоялар 2 баравар кўпроқ эди. Ўзбекистонда 30 миллионлик аҳоли бор, йирик бозор, минерал захиралар, катта пул қилиш имкониятлари бор, лекин маъмурий аралашувлар, коррупция ва ўзбошимчалик сармоядорларга халақит беради.

Би-би-си: Лекин, Усмоновда ҳимоя бор деб айтсак бўлса керак. Унда ҳатто Мирзиёев жаноблари билан қудалик ришталари ҳам бор.

Илҳомов: Ҳа, лекин у келажакни ҳам ҳисобга олиши керак. Бугун "крыша"си бор, лекин эртага бўлмай қолса-чи? Оддий сармоядор сифатида унинг Ўзбекистонга сармоя киритиши амри маҳол. Бу унинг табиатига қарши. У биладики, Россия бизнесини аллақачон Ўзбекистонда юритишга уринишлар бўлган. Ҳатто Америка билан қўшма корхоналарда ҳам ходимлар пахта далаларига ҳайдалади. Сармоядорлар учун бу каби қўпол шароитлар мавжудлигини Усмонов жуда яхши билади. Юқори даражали ҳимоя, шаҳсан Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлови унга ёрдам бериши мумкин, лекин бу дегани, Усмонов янги раҳбариятга ҳам сармоя киритиши керак. Раҳбариятга қанча "киритиши" кераклигини биз билмаймиз. Акс ҳолда Мирзиёев айнан Усмоновга ҳимоя яратиб беришдан қандай манфаатдор? Эвазига нимадир бериши керак. Акс ҳолда, ҳукуматда сармоядорга қарши фундаментал доиралар бор. Уларга қай миқдорда, қанчалар тез-тез тўлов бериб туриш керак? Балки уларга бари камлик қилар? Бу каби тизим ўта ишончсиз, шундай экан Усмонов ҳам етти марта ўйлаб кўради.

Би-би-си: Ҳозир ҳам, масалан узметроном сайти Усмоновнинг ташрифлари аллқачон баъзи доираларнинг, хусусан МХХнинг жиғига тегаётганига ишора қиляпти.

Илҳомов: Ҳа, шуни айтмоқчиман. "Крыша"га даъво қилсанг, билгинки, фақат президентники етарли эмас, чунки ўз таъсири ва иштаҳаларига эга кўплаб бошқа структуралар бор. Яна савол пайдо бўлади: кимга, қанча, қачон ва қанча вақт давомида? Ҳозир муайян структураларнинг жиғи қўзиётганига гувоҳ бўляпмиз, ва бу Усмоновга бир ишора бериши керак, яъни у фақат битта расмий эмас, балки бир нечаси билан ҳисоблашиши керак.

Би-би-си: Айни дамда Усмоновнинг характерини қандай баҳолаган бўлардингиз? У бир неча бор ўз миллий мероси, ўзбеклиги билан фахрланишини айтган. Мана энди унда ўзбек халқи учун, ўзбек иқтисодини кўтариш учун яхшигина имконият пайдо бўлди. Унда шундай ғоялар, ватан олдидаги бурч деган тушунчалар бормикан?

Илҳомов: Буни истисно қилмайман. Бўлиши мумкин. Лекин қай шаклда ва қандай миқдорда? У аллақачон кичик объектлар, масалан масжид қурилишига ҳомийлик қилган. Бу ҳомийлик, холос. Ҳомийлик йўли билан у 1, 2, 3 ёки 20 миллион доллар бериши мумкин. Лекин, иқтисодни ривожлантириш учун бу миқдор катта аҳамиятга эга бўлмайди. У қандайдир из қолдириб, Ўзбекистон учун нимадир қилдим дея олиши мумкин. Лекин, агар ҳақиқатдан ўзбек иқтисодига ёрдам бермоқчи бўлса, у буни сармоялар орқали қила олишига кўзим етмайди. У қанчалик бадавлат бўлмасин, унинг бойлигини Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотига қиёслаб бўлмайди, шунинг учун у бир сармоядор сифатида кўп ҳам ўзгартиришлар қила олмайди. Мамлакатга аслида сармоядорлар оқими керак. Бир миллиардер эмас, балки кўплаб бошқа компаниялар, халқаро банк ва корпорациялар ёғилиб келиши керак. Агар у ўз таъсиридан фойдаланиб, ўзбек ҳукуматини ислоҳотлар қилишга ундаса, бу бошқа гап. Мана шу ислоҳотлар ҳам унинг сармоялари ва ҳам кўплаб бошқа хорижий сармоядорларга шароитлар яратиб берган бўларди.

Видеолавҳа учун YouTube BBCUZBEK каналига боринг - линк

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.