Мирзиёев тадбиркорлик тўғрисида фармон чиқарди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида фармонга муваққат президент Шавкат Мирзиёев имзо чеккан.

Унга кўра, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларини мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантиришда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш кўзда тутилади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгилансин, дейилади ҳужжатда.

Шунингдек, фармонда айтилишича, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади. Назорат қилувчи органларбундан кейин режадан ташқари текширишлар ўтказишни ташкил қилиш ҳуқуқига эга эмаслиги қайд этилади.

Айни вақтда юридик шахслар тугатилаётганида, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий суд, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва бошқа идораларга фармон юзасидан масъулиятлар юклатилади.

Жумладан, фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, коррупция кўринишидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасига ўзгартиришлар киритиш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишга ва уларнинг фаолияти тўхтатиб қўйилишига йўл қўймасликка қаратилган таклифларни киритиш белгиланган тартибда амалга оширилиши айтилади.

Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев зиммаларига юклансин, дейилади фармонда.

Ҳукумат сайтида эълон қилинган фармон матни ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинган.

Кўпчилик интернет фаоллар унинг амали мамлакат иқтисоди, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун жуда оқилона иш бўлиши тўғрисида фикр қолдирганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.