Мирзиёев сиёсати сайловдан кейин ўзгарадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шавкат Мирзиёев вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи ваколатини олгандан буён ўтган бир ой ичида мамлакат ижтимоий-иқтисодий вазиятини, шунингдек, Марказий Осиёда сиёсий муҳитни ўзгартириши мумкин бўлган фаолиятни давом эттирмоқда.

Республика оммавий ахборот воситалари ҳам муваққат вазирнинг ҳар бир фаолиятини кенг ёритишга ҳаракат қилаяпти.

Охирги қарорлардан бири бўлган "Тадбиркорликни ривожлантиришни жадаллаштиришни таъминлаш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" фармони Ўзбекистонда тадбиркорликни ҳимоя қилишга қаратилгани кўпчиликда умид уйғотди.

Жаноб Мирзиёев шунингдек, Самарқандга ташрифи мобайнида шаҳарда янги трамвай йўналишини қуришни таклиф қилди.

Ўзбекистон телевидениесининг "Ахборот" дастурида Самарқандда трамвай йўл 2017 йил Наврўз байрамигача якунланашини хабар берди.

Бундан ташқари Шавкат Мирзиёев Самарқандда иқтисодий ҳудуд очиш ташаббуcи билан чиқиб, Ургут тумани махсус дастур учун қулайлигини айтди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов қабрини ҳам зиёрат қилиб қайтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

Хабарларга биноан, Шавкат Мирзиёев Сирғали йўналишида узунлиги 8 км ни ташкил қилувчи ва олти станциядан иборат ер усти метро йўналиши қурилишини шу йилдан бошлашга кўрсатма берган.

Сирғали туман ҳокими Фурқат Мақсудхўжаевга кўра, метро йўли тўрт йилда қуриб битказилиши керак.

Виртуал қабулхона

25 сентябрда Ўзбекистон ҳукуматининг расмий портали - gov.uz да Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси иш бошлади.

Бундан буён фуқаролар pm.gov.uz манзилига "ҳал этилмаган" муаммолар юзасидан ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилишлари мумкин бўлиши айтилган.

Бош вазирнинг расмий сайтида: "Сизда ҳал этилмаган масалалар/муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар борми?

У ҳолда мурожаатингизни тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига 3 хил усулда:

қўнғироқ қилиш, мурожаат юбориш ёки "O'zLiDeP" ҳудудий партия ташкилоти Кенгашига ташриф буюриш орқали юборишингиз мумкин", деган эълоннинг жойлаштирилиши фуқароларда ўзгача жонланишни пайдо қилди.

Мирзиёев муаммоларни ҳал қилиб беряпти экан, деган умидда муаммосини тўғридан-тўғри Бош вазирга айтишга ҳаракат қилаётганлар кўпайган.

Қўшнилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Минтақавий сиёсат масаласида ҳам Мирзиёев қўшнилар билан яхши алоқа ўрнатишга ҳаракат қилаётгани кузатилади.

Жумладан, Тожикистон Президентининг туғилган куни муносабати билан жаноб Раҳмонга қўнғироқ қилиб табриклагани матбуотда айтилди.

Икки давлат раҳбарлари "очиқ ва ҳар томонлама музокаралар"ни давом эттиришга тайёрликларини билдиришган.

Шунингдек, яқинда имзoланган икки томонлама шартномалар "икки халқ манфаатлари йўлида тинчлик ва минтақада барқарорлик учун келгусида узвий ҳамкорликни мустаҳкамлаш"га хизмат қилишини таъкидлашган.

Мирзиёев Имомали Раҳмонга Ислом Каримовнинг жанозасига ташриф буюрганидан миннатдорчилик изҳор этган.

Ушбу телефон мулоқоти эса Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг қўшни мамлакатга иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни кўтариш таклифи билан ташриф буюрганидан бир ҳафта орасида бўлиб ўтди.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар 1990 йиллардан, Тожикистонда юз берган фуқаролар уруши, сўнгги вақтда Роғун ГЭСи қурилиши орқасидан таранг сақланиб келаётганди.

Сайловгачами?

Кузатувчилар фикрича, 4 декабрда ўтиши кутилаётган президентлик сайловларигача Шавкат Мирзиёевнинг ички ва ташқи сиёсатда фаолияти иложи борича халқда яхши фикр қолдиришга қаратилгани шубҳасиз. Кетма-кет қабул қилинаётган қарорлар ва барча ўзгаришларни Шавкат Мирзиёевнинг номи билан боғланиши ҳам албатта шундан.

Бироқ сайловдан кейин ҳам унинг тутадиган йўли шу йўсинда кетадими ёки ўзгача бўлади, бунга кафолат йўқ.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда "Шавкат Мирзиёевни ёқлаб овоз бераман", деган изоҳлар кўпайган, шу билан бирга унга қарши "ҳаммаси сайловгача" деган танқидий мулоҳазалар ҳам кузатилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook- BBC UZBEK
  • ◾Google+ BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - bbcuzbekradio
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.