Самарқандда янги иқтисодий ҳудуд очилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев чоршанба куни Самарқандга ташрифи пайтида вилоятда янги эркин иқтисодий ҳудуд очиш ташаббуси билан чиққан.

Унинг айтишича, Ургут тумани иқтисодий ҳудуд учун маъқул ҳисобланади.

"Ахборот" дастурининг хабар қилишича, Ургут ишлаб чиқариш ҳудудида 19 қўшма корхона дохил 40 та ишлаб чиқариш корхонаси мавжуд. Уларда қарийб 1200 киши иш билан банд.

Ўтган йилда мазкур корхоналар томонидан 157 миллиард сўмдан ортиқ ўнлаб саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган, экспорт ҳажми 10 миллион доллардан ошгани айтилади.

Хусусан, гилам ва гиламчилик маҳсулотлари, сунъий тола, электрпечлар, газ пилиталари, пластик идишлар, полимер елим каби маҳсулотлар шулар жумласига киради.

Туманда ташкил қилинадиган ҳудуд ишчи ўринларини кўпайтириши таъкидланган. Режага кўра, яна 78 та маҳсулот ишлаб чиқарилади, 3400 инсон ишлик бўлиши мумкин.

Айни пайтда Ўзбекистонда учта-Навоий, Тошкент ва Жиззах эркин иқтисодий ҳудудлари бўлиб, дастлаб 2008 йилда "Навоий" иқтисодий ҳудуди яратилган.

Расмийлар Навоий вилояти ва Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида тузилган эркин иқтисодий саноат ҳудудлари кўнгилдагидек даромад келтирганини айтганлар.

Унинг ортидан 2013 йилда Сирдарё филиали билан бирга Жиззах иқтисодий зонаси тузилган эди.

Ҳукумат эркин иқтисодий зоналар орқали инвесторларга бизнес юритиш учун имтиёз ва енгилликлар ваъда қилади.

Иқтисодий ҳудуд

Таҳлилчилар иқтисодий ҳудуд иқтисодий жиҳатдан қашшоқ, ночор ҳудудларда ташкил қилиниши кераклигини айтишади. Бироқ Ўзбекистон мисолида эркин ҳудудлар кўпроқ иқтисоди ривожланган ҳудудларга тўғри келади.

Навоий вилоятида газ ҳам, олтин конлари, бошқа саноат корхоналари хам яхши ишлайди ва маҳсулот ишлаб чиқариш республикада юқори ҳисобланади. Шундай экан у ерда нимага эркин иқтисодий зона қуриш керак?-деган савол туғилади.

Ўзбекистонда энг қашшоқ ҳудудлар сифатида Хоразм ва Қорақалпоғистон келтирилиб, бу вилоятларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, дейди улар.

Яъни иқтисоди ривожланмаган жойларда узок йиллар, 50-100 йилга эмас, балки қисқа муддатда иқтисодни кўтариш мақсадида эркин ҳудуд барпо этилади. Иқтисодни кўтариш учун махсус шароитлар яратилади. Жумладан солиқлар камайтирилади ва бошка имтиёзлар берилади. Албатта бундай шароитлар минтақанинг бошқа жойларидагидан фарқ қилади. Бу капитал ва хориж сармояларини жалб қилиш ва минтақа учун сезиларли даромад келтириш максадида қилинади.

Шундай экан, иқтисодий худудга талаб минтақанинг талабидан келиб чиқади. Мисол учун қолок вилоят нимага эҳтиёж борлиги, нима ишлаб чиқармоқчи эканини айтиб, ҳукуматга таклиф билан чиқиши керак ва шунга қараб эркин иқтисодий ҳудуд яратилади.

Мутахассислар фикрича, эркин иқтисодий ҳудуд яратиш ва унинг фаолияти шаффоф бўлиши, халққа нима ишлаб чиқарилаётгани ва ташқарига нима экспорт қилаётгани айтилиши, халқнинг манфаатини кўзлаши лозим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook- BBC UZBEK
  • ◾Google+ BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - bbcuzbekradio
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.