Би-би-сига айтаман: “Энди ...уруш бўладими?”

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Тинчлик гаровими?

Ёз ўтиб, куз келди. Кузнинг биринчи кунлариданоқ қалбимда бир бўрон кўтарилди.

Дилим вайрон бўлди.

Ҳаётим издан чиқиб кетди. Ваҳимага тушиб қолдим. Уйнинг энг ичкарисидаги хонага кириб, кўрпага беркиниб ётдим.

Хаёлимда ҳозир бўлмаса, бугун-эрта эксремисту-террористлар хужум қилиб қолади... Тинчлигимизни бузади.

Барқарорликни издан чиқаради.

Ким бизни ҳимоя қилади ички ва ташқи офатлардан?

Бир ой шунақа яшадим. Ҳамма нарса кўзимга хавф ва душман бўлиб кўринарди. Ҳатто яқинларимдан ҳам шубҳалана бошладим.

Ишонган тоғимизнинг ағдарилганини тушуниб етмаётганлари учун жаҳлим чиқарди.

Охири яқинларим келиб, "буни домлага обормасак бўлмайди", дея нафаси зўрлиги билан танилган Аҳмад қори акага дам солдиришди.

Мулла акам аввал бу ваҳиманинг сабаби недур, деб сўрадилар.

Борини айтдим. Улар мийиғларида жилмайдилар.

"Бўтам, тинчлик бу Оллоҳнинг неъмати, уни бир одам билан боғлаб бўлмайди..."

Кўзим мошдай очилди. Қалбим таскин топди.

Уйга келиб бир мулоҳаза қилдим.

27 йил давомида шу биргина каломни нега ҳеч ким гапирмади?

27 йил давомида нима учун фақат телевизор деган бугун кўзимга бир кўзли маҳлуқ бўлиб кўринаётган "палакатдан" ақалли бир жумла ҳақиқат айтилмади?

Айтилгани, коса тагида нимкоса қилингани шу эдики - "Ўзбекистонда Ислом Каримов бўлмаса уруш бошланади..."

Буни фан тилида сублиминал таъсир дейишар экан.

"25 кадр" дейилар экан...

Хуллас, шу йиллар мобайнида мияда йиғилиб қолган "керакмас файллар"ни ўчиришнинг ягона йўли бу озгина бўлса ҳам диндан хабардор бўлиш экан деган қарорга келдим.

Шунга тақвадор қўшнимнинг олдига чиқдим. Келинг,акажон деб кутиб олди.

Бошимдан кечган воқеалардан кейин, ундан бир оз диний таҳсил олиш ниятим борлигини айтдим. У эса "Акажон, диний илм ўргатиш савоби олий, лекин буни замон кўтармайди. Сизга қўшиб мени ҳам олиб кетишади. Менинг лицензиям йўқ. Маслаҳатим сиз яхшиси расмий жойларда таълим олинг", деди.

Шунақа расмий жойларнинг рўйхатини қидирдим.

Атиги 2-3 тасини топдим.

Аммо менинг ёшим тўғри келмас экан бу даргоҳларга киришга.

Ўзимча китоблар олиб ўқийман десам, у ҳам ўхшамади.

"Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар" деганларидай...сўзларини тушунаман, лекин жумлаларнинг мағзини чақолмай овораю сарсонман.

Авваллари масжидларга жумага чиқсанг, имомга бир варақда савол узатиб юборсанг, жавобини батафсил олардинг, ҳозир эса умумий дуо ва идорадан келган тезис билан чекланишади.

Асосан тинчликни сақлаш ҳақидаги маърузалар. Кўпгина саволларимга жавоб тополмай қоляпман. Шунга Сиз орқали "Ҳидоят Сари" кўрсатувига мурожаат қилмоқчи эдим.

Шу келгуси Жумадаги дастурингизда васиятни бузиш, мерос ва ворислик ҳақидаги масалани батафсил тўхталсангиз, деган таклифим бор.

Қолаверса, мен каби авом халқ вакили учун қаерда оз-моз диний билим олиш имкони бор?

Шу масжидларда якшанба кунлари лицензияси бор имомлар 1-2 соатлик дарслар уюштирса аъло иш бўларди.

Хабарларга қараганда, ёнғиндан кейин қайта қурилган тарихий "Жўрабек" масжиди янги "Ислом ота" номи билан очилар экан.

Балки бу ташаббусни айнан шу жойдан бошлаб берилар?

Тушунаман, тинчликка ҳеч нарса етмайди.

Айниқса кўнгил хотиржамлигига...

Менга ўхшаб ўз уйидаги хоналардан бирига кириб, кўрпага ўраниб, ана уруш бўлади, мана бўлади, деб ётганлар қанча бўлса Ўзбекистонда...

Шунга домламизнинг менга айтганини яна такрорлаб қўйсам, ҳарна кимгадир даво бўлади.

"Тинчлик Оллоҳнинг неъмати, уни бир одамга боғлаб қўйиб бўлмайди..."

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

◾Instagram - BBC UZBEK

◾Twitter - BBC UZBEK

◾Odnoklassniki - BBC UZBEK

◾Facebook- BBC UZBEK

◾Google+ BBC UZBEK

◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

◾Skype - bbcuzbekradio

◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.