Ўзбекистон муфтийси дунёнинг нуфузли 500 мусулмони орасида

Usmanov Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Уммонда жойлашган Султонлик Исломий Стратегик Тадқиқотлар маркази томонидан 6 октябрда "Дунёнинг энг қудратли 500 мусулмони" рўйхати эълон қилинган.

Ушбу рўйхат 2009 йилдан бери Американинг George Town университети қошидаги Шаҳзода Ал-Валид бин Талал маркази билан ҳамкорликда мунтазам равишда чоп этиб келинади.

Дунёнинг энг қудратли мусулмонлари рўйхатини мисрлик Шайх Аҳмад Муҳаммад ал-Тойиб бошлаб беради.

Иккинчи ўринда Иордания подшоҳи Абдуллоҳ ибн ал-Ҳусайн ва Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдул Азиз ал Сауд келади.

Юқори бешликдан Марокаш подшоҳи Муҳаммад VI ва Эрон Oлий диний руҳонийси Оятуллоҳ Саид Али Ҳoмaнаий жой олганлар.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон саккизинчи ўринда.

Ўзбекистонни ўтган йилдаги каби мамлакат Бош муфтийси Усмон Алимов намоён этган. Муфтий рўйхатда 138 ўринни эгаллаган.

Китобда Усмон Алимовга берилган изоҳда 2007 йилда ЮНЕСКО томонидан пойтахт Тошкентнинг "Исломий маданият маркази" деб топилишида қўшган ҳиссаси қайд этилади.

Шунингдек, алоҳида рўйхатда Рио Олимпиадасида Ҳасанбой Дўстматов, Руслан Нуриддинов, Шаҳобиддинов Зоиров, Фазлиддин Ғоибназаров каби олимпиада чемпионлари дохил Ўзбекистонни намоён этган 13 совриндор спортчилар номлари ҳам келтирилган.

2013 йилда марҳум президент Ислом Каримов илк бор дунёнинг энг қудратли мусулмонлари рўйхатига киритилганди.

Марказий Осиё давлатлари орасида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов учинчи бор энг нуфузли мусулмонлар қаторидан жой олганлар.

Муаллифлар Имомали Раҳмон 1993 йилдан бери Тожикистон Президенти лавозимини эгаллаб келаётгани ва 2013 йилда тўртинчи муддатга сайланганини қайд этганлар. Шунингдек, Раҳмон ҳаж амалини адо этгани ва 2007 йилда фамилиясида мусулмонча бўлмаган "ов" қўшимчасидан воз кечгани айтиб ўтилган.

Тожикистон уламолар кенгаши раиси Саидмукаррам Абдулқодирзода ҳам бу йилги рўйхатга киритилган.

Тожикистонда сўфизмнинг нақшбандия оқими ривожланаётгани айтилади.

2016 йил Рио олимпиадасида Тожикистондан ягона совриндор, олипиада чемпиони Дилшод Назаров ҳам таниқли мусулмонлар ичида.

Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров олдинги йиллардаги каби рўйхатдан жой олган.

Рўйхатда мусулмон лидерлари ёки уламоларининг сиёсатдан тортиб дин, матбуотдан тортиб, санъат, илм-фан ва тараққиётга қўшган ҳиссалари инобатга олинади.

"Дунёнинг энг қудратли 500 мусулмони" рўйхати муаллифлари билдиришича, бу каби тадқиқотлар Ислом оламининг дунёга ижобий таъсирига хизмат қилади, одамларнинг Ислом динини яқиндан англашларига кўмаклашади ва Исломнинг мақсади тинчлик ва тарaққиёт эканини таъкидлайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook- BBC UZBEK
  • ◾Google+ BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - bbcuzbekradio
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.