Тошкентга сиғмаган трамвайлар Самарқандга йўл олмоқдами?

Тошкент трамвай тизими

Тошкентнинг кенг, лойиҳалаш вақтидаёқ автомобиллардан кўра трамвайларга кўпроқ мослаштирилган шоҳ кўчаларига сиғмаган трамвайлар Самарқанднинг тарихий, пойтахтникига нисбатан тор ва паст-баланд бўлган йўлларини тўлдириши арафасида масъулларнинг мазкур транспорт воситасига нисбатан турфа муносабати диққатга молик.

Гап шундаки, Тошкент шаҳар ҳокимлигида 2016 йилнинг 28 март куни ҳоким Раҳмонбек Усмонов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шаҳарда 115 йиллик тарихга эга трамвай ҳаракати буткул тўхталиши эълон қилинган эди.

Ҳоким, ушбу қарорни қувватлантирувчи омиллардан бири ўлароқ, Тошкент трамвайи кунига 20-25 минг, йилига 10-11 миллион йўловчига хизмат кўрсатаётгани, бу шаҳардаги йўловчи ташишнинг атиги 3 фоизини ташкил этишини айтиб ўтган эди.

"Агар трамвай йўловчиларнинг 15-20-25 фоизини ташиганида, бу бизни ўйлантириб қўйган бўларди", - дея тан олганди Тошкент ҳокими.

Раҳмонбек Усмонов, шунингдек, Тошкентдаги трамвай йўлларининг 90 фоизи замонавий талабларга жавоб бермаслиги, уларни таъмирлаш учун катта маблағ кераклигини ҳам қайд этган эди.

Трамвайнинг ёпилиши маҳаллий интернет-нашрлар ва жамоатчилик томонидан танқидий руҳда кутиб олинганидан сўнг, Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати алоҳида баёнот билан чиқиш қилиб, трамвай билан боғлиқ қарорнинг тўғрилигини дастаклаш йўлида бир қатор омилларни санаган.

"Трамвайларнинг олиб ташланиши катта шов-шув қилиш учун объект эмас. Аҳоли ва мутахассисларнинг фикри ва хулосаларига таяниладиган бўлсак, трамвайнинг йўлларда ноқулайликлар келтираётгани фактдир. Намуна қилиб келтирилаётган бир пойтахт шаҳардаги трамвайнинг эксплуатацион тезлиги соатига 11-15 километрни ташкил этаркан, бу эса мазкур хизматнинг нечоғли норентабел ва нооқилона эканини яққол кўрсатиб турибди-ку", — дейилганди баёнотда.

Тошкент трамвайи сўнгги бор 2016 йилнинг 2 май куни линияга чиқди. Газета.уз нашрининг ёзишича, трамвайнинг сўнгги иш кунларида вагонлар трамвайга сўнгги бор чиқиб кўриш ниятидаги тошкентликлар билан тўлиб кетган, аксарият трамвайчилар йўналишнинг бошидан охиригача саёҳат қилган баъзи йўловчиларга бепул хизмат кўрсатган.

Тошкент трамвай сўнгги бор линияга чиқишидан 156 кун ўтиб, Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг 5-октябрь куни Самарқанд вилоятига амалга оширган ташрифи ҳақида ахборот бераркан, ЎзА давлат ахборот агентлиги шундай деб ёзди:

"Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрит ранспорт тизимини янада яхшилаш, замонавий трамвай линияларини барпо этиш лозимлигига эътибор қаратди. Бунинг учун барча имкониятлар мавжудлиги, трамвайнинг экологик тоза транспорт воситаси сифатида атроф-муҳитга таъсири камлигини қайд этаркан, бу лойиҳани сифатли бажариш, 2017 йилнинг Наврўз байрамигача якунлаш зарурлигини таъкидлади".

Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи ҳақида "Ўзбекистон" телеканалидаги "Ахборот" дастурида берилган лавҳада Президент вазифасини бажарувчининг "мазкур ташаббуси самарқандликларни қувонтирган" айтиб ўтилди.

Самарқандда транспортнинг трамвай турига қанчалик эҳтиёж борлиги ҳақида бирор расмий ҳисоб-китоб эълон қилинган эмас. Шаҳарда трамвай қуриш бўйича лойиҳанинг молиявий қиймати, техник тафсилоти ҳам ҳозирча маълум қилинмаган.

Аммо...

Трамвай ҳақида самарқандликлар фикри: "Шаҳарда чироқ йўқ, булар нимада юраркин?"

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев яқинда Самарқандга ташриф буюриб, шаҳарда трамвай фаолиятини йўлга қўйиш ва биринчи йўналишни 2017 йил 21 мартгача қуриб битказиш ҳақида кўрсатма берган.

Трамвай Самарқанд учун янгилик эмас - шаҳарда 1947-1973 йилларда ҳам битта йўналиш - Сиёб бозоридан шаҳар вокзали бўйича қатновчи электр трамвайлар ишлаган.

Янги трамвай йўналиши яна ўша Сиёб бозоридан шаҳарнинг Сартепа (Сат-тепо) даҳасига қатнаши айтилмоқда. Бироқ унинг айнан қайси кўчалардан ўтиши, қурилиш ишлари қачон бошланиши, молиявий қиймати ҳақида маълумотлар номаълум.

Бундан ташқари, шаҳарда қандай трамвайлар ҳаракатланади — янгилари сотиб олинадими ёки собиқ Тошкент трамвайи вагонларидан фойдаланиладими — бу савол ҳозирча ҳам очиқ.

Самарқандда трамвай йўлга қўйилиши ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда, тахмин қилинганидек, икки хил кайфиятда кутиб олинди ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Бир гуруҳ фойдаланувчилар кўҳна шаҳарда трамвайлар пайдо бўлиши ҳақидаги хабардан хурсанд эканини яширмаган.

"Зўр янгилик", деб ёзади Наталья Ахмедова.

Тимур Амонов: Тўғриси, мен бу ташаббусни қўллаб-қувватлайман. Трамвай ҳақиқатан ҳам экологик тоза транспорт.

Galina Lisitsina: Агар светофорлар яхши ишлаб турса, ҳеч қандай тирбандлик ҳам, муаммо ҳам бўлмайди. Трамвай пенсионерлар ва кексалар учун аъло транспорт воситаси.

לאוניד גוראליק: Европада йўллар торроқ, машиналар кўпроқ, лекин ҳаммаёқда трамвай бор. Жуда қулай ва тоза транспорт. Тор кўчалар бўйлаб ҳам трамвайни йўлга қўйса бўлади.

Erkin Musurmanov: Трамвай бўлса, биринчидан токни узишмайди! Иккинчидан ўз-ўзидан йўллар қайта ремонт бўлиб, КЕНГАЯДИ! Ўтиш йўлаклари замонавийлашади, экологик тоза траспорт ва ... трамвай музей-шаҳар, қадимги Самарқанд ансамблига жуда мос тушади.

Zafar-Malik Makhmudoff: Зўр бўларди, бир вақтнинг ўзида автобуслар сабаб юзага келадиган тирбандликлар олди олинарди ва мос равишда бир қатор кўчалар яна икки полосага кенгаяди. Агар йўлга қўйишса, жуда яхши иш бўлади!

Шу билан бирга, шаҳарда электр, газ, иситиш тизими ва иссиқ сув таъминоти, йўллардаги тирбандликлар билан боғлиқ нисбатан долзарб муаммолар турган вақтда трамвай нега керак, дегувчи фойдаланувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Timur Negmatov: Ҳей, трамвайга керакли электр қуввати бизда қаерда бор? Аввал кўчаларни ёритиш ҳақида ўйлашса бўларди.

Avazhon Karomatov: Юргани йўл йўқ, энди яна ҳам даҳшат бўларкан-да, қойил.

Sashulya Ryazanova-Vlasova: Шаҳримиздаги мунтазам чироқ ўчишлар сабаб, қишда йўл ўртасида қолиб кетса керак. Унчалик ҳам яхши ғоя эмас, менимча.

Muhitdin Suyarov: Менимча, ёмон ғоя. Трамвай бизда ўзини оқламайди, юз фоиз. Балки Самарқандда таксилар тақиқланар, ёки яна бирор нарса ўйлаб топишар, трамвайни қўллаш учун. Лекин умуман олганда ёмон ғоя. Бир неча йилдан сўнг ўлади. Белгиланган муддат ҳам ақлги сиғмайди. Баҳоргача, ярим йилда бундай лойиҳани амалга ошириш нореал.

Nargiz Sadinova: Ҳаммаёқда тирбандлик-ку, трамвай қаерга сиғади? Йўлнинг ярмини эгаллайди! Қанақасига алоҳида йўл қилишаркан? Йўлларни кенгайтириш учун шундоқ ҳам қанча дарахтларни кесиб ташлашди, дўконларни бузишди. Лекин ҳали ҳам ҳаммаёқда тирбандлик.

Кибриё Рашидова: Bir vaqtlar tramvay harakatlanishining to'xtatish sababi-shahrimizda qadimiy va tarixiy binolar ko'pligi,tramvay qatnovi esa bu binolar uchun juda zarar ekanligi haqida o'qigandim,qayta tiklanishini qanday tushunsa bo'ladi,agar bu gaplar rost bo'lsa.

Mila Raupova: Самарқандда бошқа муаммо йўқ. Трамвайсиз ўлиб қолаётгандик худди.

Murad Saidakhmedov: Электр трамвай ўрнига конка бўлади. Энг яхши тарихий анъаналарга хос равишда.

Evgeniya Agamyan: Тасаввур қиляпсизми, агар йўлларни кенгайтиришни бошлашса, қолган дарахтларни - асосан чинорларни -- ҳам кесиб ташлашади.

Екатерина Митрякова: Қизиқ, бу трамвай электр токисиз қандай қилиб юраркин?

Timur Negmatov: Трамвайларни томига движок ва газ-баллон ўрнатишади.

Юлия Ковальчук: Ундан кўра газ ва электр бера қолишса бўларди. Йўқса, ҳаво совигани сайин кундан кун қўрқинчли бўлиб боряпти.

Elena Baronina: Танишим айтиб қолди: "14 октябрдан ҳаво совиркан, буржуйкага ўтин тайёрлатиб қўйиш учун одам ёллашим керак", деб. XXI аср, шаҳар, ўтин, буржуйка... ва трамвай. Ваҳоланки, пойтахтдагилар Самарқандда ҳатто кўп қаватли уйлардаги хонадонлар ҳам буржуйкаларда иситилишига ишонмайди.

"Ўзбекистон электротранспорти" сайти маълумотига кўра, шу вақтгача Ўзбекистонда фақат икки шаҳарда трамвай ишлаган: Самарқанд трамвайи 1947-1973 йилларда фаолият олиб борган бўлса, 115 йиллик тарихга эга Тошкент трамвайи сўнгги бор 2016 йил 2 май куни линияга чиқди.

Шунингдек, тарихий манбаларга кўра, ХХ аср бошида Андижон шаҳрида маҳаллий бойлар шаҳарга трамвай олиб келишга қатъий ҳаракат қилган.

Самарқандда трамвай йўлларини қуриш - 8 сентябрь куни Президент вазифасини бажаришга киришган Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон шаҳарларида транспорт ҳолатини яхшилаш бўйича ягона таклифи эмас.

Жаноб Мирзиёев бунгача Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Сергели туманларида ҳам бўлиб, Тошкент метросининг "Юнусобод" йўлидаги икки бекатини қуришни якунлаш, ер устидан ўтадиган "Сергели" метро йўлини лойиҳалаштиришни жадаллаштириш ҳақида топшириқ берган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook- BBC UZBEK
  • ◾Google+ BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - bbcuzbekradio
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.