Адрасга нега Бэтмэн, Дарт Вейдер ва арвоҳ аралашди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dilyara Kaipova
Image caption Дилора Қаипова ўзининг ғайриоддий чопонлари билан

Президент Ислом Каримовнинг тўсатдан вафот этиши билан Тошкентда сентябрь бошида ўтиши мўлжалланган Биеннале бекор қилинди. Бироқ "Тошкент Биеннале 2016"нинг ташкилотчилари тақдимоти мўлжалланган санъат асарларининг бир қисмини йиғиб шу кунларда замонавий санъат кўргазмасини ўтказишга қарор қилишди. Кўргазмада турли мамлакатлардан келган рассомларнинг асарлари тақдим этилди.

Ўзбекистонлик рассомлар орасида энг кўп эътиборни ўзига тортганлардан бири Дилора Қаипова бўлди. Унинг "Captain Ikat" (Капитан Адрас) номи остидаги лойиҳаси ранг-баранг тўнлардан ташкил топган. Аммо, булар оддий чопонлар эмас.

Тўнлардаги анъанавий ранг-баранг нақшлар орасидан бегона қиёфалар - бутун дунё бўйлаб таниш бўлиб қолган Бэтмэн ва Капитан Американинг логотиплари, Дарт Вейдернинг қалпоғи ва "Чинқириқ" номли даҳшат фильмидаги арвоҳ ниқоби ўрин олишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dilyara Kaipova
Image caption "Юлдузлар уруши" трилогиясидаги Дарт Вейдер ўзбек тўнида нима қиляпти дерсиз?

Дилора Қаипова Ибрат Сафога ўз лойиҳаси билан нима демоқчи бўлганини тушунтириб берди.

"Бу лойиҳамни ""Captain Ikat" деб атадим, лекин агар уни давом эттиришга молия топа олсам, уни "Интервенция" (Босқинчилик) деб атаган бўлардим. Бундай суратлар бизни ҳар томонлама қуршаб олган. Бу экспансия. Қаерга қадам босма, ана шу рамзлар, логотиплар... Хитойнинг яқинлиги ҳам буни янада кучайтиради. Оммавий маданият миллий анъаналарни еб ютиб юборяпти", - дейди рассом.

Қаипованинг чопонлари уйғунлашмайдиган нарсаларни уйғунлаштиришга урингандек, аммо аслида бу унинг мақсади эмас, бу бир ўйин, холос. Уларда Ғарб ва Шарқ, ўтмиш ва бугун ёнма-ён ноқулай ўрин олганлар .

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dilyara Kaipova
Image caption "Бақириқ" даҳшат фильмидаги арвоҳ ниқобини эслайсизми?

"Мен гўёки оммавий маданият рамзлари ва баъзида бемазагарчиликларни ҳам йирик миқдорда ёппасига ишлаб чиқарадиган корхонани яратдим. У гўёки бошқа ҳамма нарсани, миллий анъана ва рамзларни бозордан сиқиб чиқаради", - деди Дилора Қаипова.

Рассом бу лойиҳани яратиш учун Марғилоннинг бир неча юз йиллик адрас ва ипак анъаналарига юзланди. Ҳар бир чопон ва унинг матоси қадимий технологияларга содиқ қолган равишда қўл билан яратилган. Ҳатто бўёқлар ҳам табиий.

Хўш, марғилонлик усталарга рассомнинг ғояси тушунарли бўлдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dilyara Kaipova
Image caption Рассом бир неча юз йиллик тарихга эга бўлмиш табиий бўёқлар билан бўяш усулларидан фойдаланди

"Улар мени қип-қизил жинни деб ўйлашди," - деб кулади Дилора. "Ҳали ҳам тушунишмаяпти нега менга бу матолар кераклигини. Лекин, улар ҳақиқий усталар, уларнинг қўлида яратилаётган асарлар бу соф ижод. Бошқа томондан, улар ҳам қизиқиб қолишди, улар учун ҳам бу бир эксперимент-да. Аслида, лойиҳа жуда қийин бўлди, чунки эски технологиялар сизга унча эркинлик бермайди, аввалига иплар бўялади, кейин мато тўқилади, бу эса истаган суратингни чегаралаб қўяди."

Тошкентдаги замонавий санъат кўргазмасидан Дилоранинг "Bunnylove" (Қуёнча муҳаббати) номли бир гилами ҳам ўрин олган. Унда анъанавий така туркман гилам нақшлари ва ўзбек адрас нақшлари, турли даврлар, минтақалар ва маданиятлар аралашган. Бу ҳам Ғарб оммавий маданиятининг Шарқ миллий рамзларини емиришига ишора.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dilyara Kaipova
Image caption Рассомнинг гиламида анъанавий нақшлар Ғарб рамзлари билан аралашган

"Адраснинг нақшлари туширилган гиламларни ўтмишда Ўзбекистонда ҳам тўқишган, улар ипакдан тўқилган. Марғилонда бу усулни қайта тирилтиришга уринаётган ажойиб усталар бор", - дейди у.

Дилора Қаипова Тошкентда туғилган. Собиқан "Беньков билим юрти" дея танилган Республика рассомлик коллежида таҳсил олган. Сўнгра 15 йил давомида Муқимий номидаги Ўзбек мусиқий драма ва комедия театрида рассом ва декоратор бўлиб ишлаган.

Охирги беш йил ичида Дилора қўғирчоқ театрларида томошалар саҳналаштираяпти. У ғайриоддий қўғирчоқларни ўз қўли билан тикади ва тўқийди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг