Шавкат Мирзиёев чиқиш визасини бекор қиладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Петиция

Аксарият ўзбекистонликлару мамлакатдаги мустақил журналистларга кўра, фақат бир ҳовуч мансабдорларнинг чўнтагини қаппайтираётган, порахўрлик ҳамда қоғозбозликнинг манбаи бўлган "чиқиш визаси" бекор қилиниши керак.

"Чиқиш визасининг" яна бир ўзига хослиги шуки, бу режим дунёда Ўзбекистондан ташқари фақатгина Шимолий Кореяда мавжуд.

Ҳар икки йилда бир марта янгиланадиган "чиқиш визаси" ҳукумат ёқтирмаган шахсларни "жазолаш" механизми ролини ҳам ўйнар эди.

Ҳеч бир изоҳсиз "қора рўйхатлар" тузилар ва айрим мансабдор гуруҳлар истамаган шахслар рўйхатга тиркалиб, улар "ватан қамоғига" ташланардилар.

"Чиқиш визаси"дан норози ўзбекистонликлар орасида мулозимлар ҳам, журналистлар ҳам, санъаткорлару оддий одамлар ҳам бор.

Сўнгги кунлар интернетда "Ўзбекистон фуқаролари ташаббус гуруҳи" президент ваколатларини вақтинча бажараётган Шавкат Мирзиёевга ўзига хос чақириқ - петиция билан мурожаат қилишган.

"... замон - 21-аср - янги талабларни олдимизга қўймоқда. Чиқиш визаси халқаро меъёрларга жавоб бермаслигига эътиборингизни қаратмоқчимиз. У сафар қилиш, саёҳатга бориш, юриш ва кўчиш эркинлиги тамойилига ҳам зид деб ўйлаймиз. Қолаверса, чиқиш визаси пораҳўрликнинг кенгайишига ҳам сабаб бўлмоқда".

"БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 13.1 бандида инсоннинг бутун дунё бўйича эркин юриши, ўз мамлакатидан эркин чиқиш ва кириш ҳуқуқига эга деб таъкидланган. Дунёнинг деярли бошқа ҳеч бир давлатида бундай виза мавжуд эмас. Бизга қўшни бўлган давлатларда ҳам йўқ. Аслида бундай амалиёт фақат Ўзбекистонда ва Шимолий Кореяда қолган. Ўзбекистон Республикаси жаҳоннинг ривожланган демократик давлатлар қаторига киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган экан ва шу йўлда бугунга келиб анча ислоҳотларни амалга оширганлигини инобатга олган ҳолда, биз ўзбекистонликларга чиқиш визасини бекор қилиш учун тегишли қарор қабул қилишингизни таклиф этамиз", дейилади қарийб 800 киши имзоланган петицияда.

Сиз қандай фикрдасиз? Ўзбекистонга "чиқиш визаси" керакми? Бундан кимга қандай фойда бор? Шавкат Мирзиёев "чиқиш визасини" бекор қиладими?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар