Юртбоши ва замонавий ўзбекларнинг кўчманчилиги ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption "Кўчманчилар"

"Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ", деган гапни эшитмаганлар йўқ бўлса керак. Мен ҳам "дода" ҳаётлигида ТВдаги чиқишларига беэътибор бўлган эканман. Ҳозир архивдаги нутқларини томоша қилсам бошқача таъсир қилмоқда.

Ҳақиқатда ҳам келажакни кўра биладиган бир сардор эканликларига амин бўлмоқдаман!

Айниқса, уларнинг ўзбек халқини характерини ўзгартира олганларига беш кетмоқдаман.

Азалдан ўтроқ ўзбеклар қўшнилари бўлмиш кўчманчи қозоқ ва қирғиздан фарқлироқ томонларга эга бўлишган.

Хозирда эса ўзбекни умуман таниб бўлмайди!

Ризқ кетидан қувиб, бутун дунёга тарқаб кўчманчига айланганлар биз - ўзбеклар бўламиз!

Қўшниларимиз, асл кўчманчи қозоқлар эса ...ўтроқлашиб бормоқда...

Агар тирикчилик билан ўзбек яшаб турган уйини, маҳалласи ва юртини ташламаса, бошқа сабаб топиб олади.

Ўзимдан қиёс, ака-уканинг бир қориндан туғилгани бор гап, лекин бир уйда бирга яшаши йўқ...

Жанжал сенлардан чиқмаса, бола-чақангдан чиқади.

Дадамлар ҳам, кел, уканг бу уйда қолиб, сен ер олиб том сол, деганларида аччиғим чиққанди.

То қувиб солмагунларича шу томи қийшиқ уйни ака-ука талашиб ўтиргандик.

Йўқ, ноилож дадамга қулоқ солиб, охир-оқибат қўшни туманга кўчиб ўтдим.

У ердагилар иссиқхона қилишаркан, менга ҳам ўргатишди.

Барака топиб кетдим. Келиб укамга ҳам ўргатдим.

Ҳозир биздан аҳилроқ оила йўқ. Демоқчи бўлганим, "бир балчиқ кўлмакни" мен ўзимча денгиз деб юрган эканман.

Четга чиқсанг, дунё сен ўйлагандан кўра каттароқ ва ранглироқ экан.

Шуларни мулоҳаза қилган ҳолда, раҳматли президентимиз ҳам бу ўтроқ халқ бир жойда ўтиравермасин, дунё кезиб, дунё кўрсин, янги технологияларни ўргансин, деб оқилона, узоқ муддатли сиёсат олиб борган ва бизни зимдан, ўзимизга билдирмасдан қийнаб кейин ватанни тарк этишга мажбур қилган бўлсалар, ажабмас.

Албатта, биз каби оми халқ учун юртбошимизнинг муборак бошларида яна нималар бўлгани, қандай синовлар билан бизни чиниқтиришни ният қилганларини билиш деярли имконсиз...

Биз фақат яхши гумонда бўлишимиз керак. Шу "дангасалар" деб эркалаб айтган сўзлари ҳам бежиз эмас.

Мана шу янги ҳовлини қурганимда, қишнинг чилласида бетонини қуйиб берди Россияда мардикорчилик қилган шоввозлар.

Уларга бу ёрилиб кетмайдими музлаб десам, ака, Россияда бундан совуқроқ шароитда бетон қуйганмиз, хеч нарса қилмайди, агар технологияга тўлиқ буйсунилса, дейишди.

Қанақа ғайриоддий жарангламасин, лекин маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг шартларидан бири, бу иқтисодни тўлиқ таназулга келтириш экан.

Чунки агар аҳолида "Сникерс" сотиб олиш имкони бўлмаса, унда уддабуррон ўзбек тадбиркори шу маҳсулотга эҳтиёж борлигини кўриб, қўлбола "Сникерс" ишлаб чиқаришга ҳаракат қилади.

Аввалига ерёнғоқ ва шакарни аралаштириб бир нима ясайди.

Кейинчалик даромади ошган сари ўз маҳсулотининг сифатига эътибор беради.

Йиллар ўтиб эса экспорт қилиш пайига тушади.

Аммо бу жуда кўп йилларни талаб қиладиган жараён.

Ундан осон йўли ҳам мавжуд, бу эркин бозор иқдисодиёти ва сармоядорларга тўлиқ кафолат.

Балки марҳум юртбошимиз, "додамиз" юртдан ноилож ва ёки яхши ҳаёт истагида кетган "дангасалар" бир кун сармоя ва технологиялар билан қайтишини ҳисобга олгандир?

Шунинг учун ҳам "Ўзбекистонинг келажаги буюк", деб такрор ва такрор айтгандирлар?

Фақат...Юртбошимиз ҳам бир бандаи ожиз бўлганлар эмасми, балки ана шу ватанга қайтаман, уни обод қиламан деб чўнтагини қаппайтириб турган муҳожирларнинг бугунга келиб Фуқаролик ҳақидаги қонун имзоланиб қолиши, бошқа юртнинг паспортига эга бўлган сармоядорларнинг "автоматик равишда" фуқароликдан чиқариш таҳдидини ҳисобга олмагандирлар?

Бунақада... орадан ярим асрча вақт ўтгач, қўшни давлатларнинг тарих китобига ўзбеклар "минтақадаги кўчманчи миллат" деб кириб қолиши ҳам эҳтимолдан холи эмас...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар