Шавкат Мирзиёев: Афғонистонга нисбатан янгича сиёсатми?

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўзбекистон муваққат президенти ва Бош вазири Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидлаган.

Шавкат Мирзиёев бу ҳақда ўзининг Афғонистонга бевосита чегарадош жанубий Сурхондарё вилоятига қилган сешанба кунги сафари чоғида баён қилган.

Унинг бу чиқиши "Ўзбекистон" телеканалининг "Ахборот" дастурида олиб узатилган.

Бу ҳақдаги видеолавҳани Би-би-си Ўзбек хизматининг Youtubeдаги каналида томоша қилинг.

Таъкидлаш жоиз, бу - Ўзбекистон муваққат президентининг Афғонистон борасида қилган илк расмий баёноти бўлади.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевнинг ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтиришга оид сўзлари Афғонистон қайта зўравонликлар гирдобига ботиб бораётган бир манзарада янграган.

Катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, Толибон бутун Афғонистон бўйлаб қайта фаоллашишга муваффақ бўлган.

Орада Ўзбекистоннинг шундоққина биқинидаги бу қўшни мамлакатга ИШИД жангарилари ҳам ҳар томондан сизиб киришга муваффақ бўлганига оид хабарлар олинган.

Эски ва янги сиёсат

Расмий Тошкент ва Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов эса, ўз бошқаруви билан кечган қарийб чорак асрлик вақт давомида Афғонистондаги бу каби вазиятдан жиддий ва ошкора ўз хавотирларини изҳор этиб келган.

Афғонистон билан ўзаро чегарасида кучли хавфсизлик чораларини жорий этган, бу икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ ва тижорат кўламини ҳам, йилларки, худди шу омил белгилаб келган.

Қудратга келган икки йил вақт ичида Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистонда бўлиб қайтишга улгурган Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний эса, Ўзбекистонга илк бор фақат шу йил июнь ойида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг юбилей саммити, орадан икки ой ўтиб, президент Ислом Каримовнинг дафн маросимида иштирок этиш учун ташриф буюрган.

Ўзбекистон муваққат президенти ва Бош вазирининг Сурхондарёда баён қилишича, "энг оғир кунларида" амалга оширилган айни шу ташриф "ўзлари, эл ва президентга нисбатан ҳурмат белгиси" бўлган.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларидан аён бўлишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам яқинда Брюсселда афғон раҳбари билан кўришиб, ҳамкорлик масаласини муҳокама қилган.

Эслатиб ўтиш жоиз, 4-5 октябр кунлари Брюссел донор давлатларнинг Афғонистонга оид йирик халқаро анжуманига мезбонлик қилган, унда Ўзбекистонни ташқи ишлар вазири намоён этганди.

Айни анжуман чоғида келаси тўрт йилни кўзда тутиб, Афғонистонга 15 миллиард доллардан ортиқ молиявий ёрдам ваъдаси янграганди.

Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, тез орада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Афғонистонга бориб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йирик битимларни имзолашади.

"Бундан кейин ҳам меҳнаткаш афғон халқи билан ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун қўлларидан келгунча ҳаракат қилишади".

Аммо Шавкат Мирзиёев Сурхондарёда қилган чиқишида ўз ташқи ишлар вазири муҳокама қилган ва ўзи назарда тутаётган ҳамкорликнинг ҳам айнан қайси соҳаларни кўзда тутишини очиқламаган.

Ўзбекистон ва Афғонистон

Ўзбекистон Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён АҚШ бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун муҳим таъминот йўли вазифасини бажариб келган.

Қўшни Афғонистонни ташқи дунё билан ягона темир йўл ёрдамида боғлаётган ва ўнғай автомобил йўлига эга Ўзбекистон хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарликлари ортидан ҳам муҳим мамлакат сифатида қолмоқда.

Хабарларга кўра, Сурхондарёга ташрифи чоғида Ўзбекистон муваққат президенти Афғонистон билан ҳамкорликни ривожлантириш учун барпо этилган 'Termez Cargo Сentre' халқаро логистика марказини ҳам бориб кўрган.

Бош вазир логистика маркази Афғонистон билан савдо алоқаларини кенгайтириш ва нафақат Сурхондарё, балки бутун Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришига умид билдирган.

Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов ҳам ўзининг сўнгги йилларда қилган чиқишларида Афғонистон борасида ўз ақллари билан сиёсат юритишлари ва ўзларига манфаат келтирадиган ишларни қилишларини алоҳида таъкидлаган.

Такрор ва такрор Афғонистон масаласида бетараф сиёсатларига содиқ қолишлари ва у ердаги бирор бир мухолиф гуруҳни қўллаш ниятлари йўқлигини урғулаган.

Афғонистон билан доимо икки томонлама муносабатда бўлишгани ва бундан кейин ҳам худди шу тариқа йўл тутишларини давомий равишда баён қилиб келган.

Аммо Ислом Каримов, "ҳатто, қудратли давлатлар бўлмайдими, ҳозир дунёда ҳеч ким афғон можаросининг эртанги ечими нима бўлишини билмаслиги, мавжуд вазият ўзларини жиддий ташвишга солаётганини" ҳам яширмаганди.

Хавотир ва ташаббуслар

Тошкентдан сешанба куни олинган хабарлардан аён бўлишича, Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга ташрифи чоғида Ўзбекистоннинг жанубий сарҳадларидаги чегара постларидан бирини кўздан кечиришни ҳам унутмаган. Давлат чегараларини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини ҳам муҳокама қилган.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Ғарб бошчилигидаги катта сондаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан оммавий сафарбарлиги арафасида АҚШ "Янги Буюк Ипак йўли" лойиҳасини ўртага ташлаган.

Ўзининг ана шу янги ташаббуси воситасида Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги тижорий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳисобига минтақада тараққиёт ва тинчликни таъминлашга умид қилганди.

Уларнинг янги лойиҳаси минтақадаги деярли барча давлатлар томонидан хуш қаршиланган.

Мустақил сиёсатшунослар эса, воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида АҚШ Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш: йўл қурилиши ва ё мавжуд темир йўлларни янада узайтириш ишлари бўладими ёки газ, электр энергияси экспорти, хуллас, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан кўпроқ алоқада бўлиши истагида эканига ишора қилишганди.

Аммо Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Ислом Каримов шу йилнинг 2 сентябр куни миясига қон қуйилиши натижасида 78 ёшида кутилмаганда ҳаётдан кўз юмган.

Ўзбекистон конституциясига мувофиқ ўтказилиши кўзда тутилган президент сайловлари эса, 4 декабр кунига белгиланган.

Муваққат президент ва Бош вазир Шавкат Мирзиёев расман президентликка тўртта номзоддан бири бўлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.