Ўзбекистонлик "мужоҳидларнинг" сони ҳақида маълумот борми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption "Завол топган тақдирлар" филмидан

Ўзбекистон телевизионида "Завол топган тақдирлар" номли филм намойиш этилган. Бир неча ўзбекистонлик ёш йигитларнинг аянчли тақдири ҳақида ҳикоя қилинган бу видеотўплам қўрқинчли мусиқа, манбаси кўрсатилмаган видеотасвирлар билан "бойитилган".

Шерзод ва Ислом Ўзбекистондан Туркияга қадар қандай қилиб боргани ва Сурияга ўтиб жангарига айланиши Ўзбекистон тележурналистикасининг шўроча қоралаш тарғиботига мос нафрат бўёқлари билан обдон тасвирланади.

Дарду ҳасратда қолган она билан "мужоҳид ўғил"нинг телефон сўзлашувлари "сохталаштирилади", актёрларга ўқитилади ва бу ҳолат очиқланмайди.

Журналистлардан бири Сурияга кетган Шерзоднинг отаси сўроққа тутади.

"Ўғлингиз милтиқ кўтариб, кимнидир кўксига ўқ отиши мумкинлигига ишонасизми", деб сўрайди ва отанинг "ишонмайман" деганидан қониқмай, ўзи ҳам "қайси ота ҳам ишонади", дея қўшимча қилади.

"Ўғлим алданди...ёмон алданди", дейди ота.

Ўзбекистонлик бу икки йигит, агар филмга ишониладиган бўлса, 2014 йилда қурбон бўлишади.

Филмда кўрсатилган бошқа бир ўзбекистонлик эса "гиёҳванд модда - "спайс" истеъмол қилиб, интернетдан тўғри келган, дуч келган манбалардан диний маърузалар, Абдували қори, Жундуллоҳ - Тоҳир Йўлдошни ... маҳсулотлари, Сурия жиҳод ҳаракатлари видеоларини кўрар эдик. Спайс чекканимиздан кейин кўзимиз ҳам, қалбимиз ҳам қотиб кетганди...Биз шаҳид бўлсак, жаннатга кирамиз, мусулмонларга ёрдам берамиз, деб ўйлардик", дейди.

Маҳаллий фаоллардан бири Сурияга кетган ўзбекистонликларни фуқароликдан чиқариш керак деган таклифни ўртага отади.

(Spice/Спайс - нашасимон, енгил наркотик модда)

Видеодан парчани BBCUZBEK YouTube да томоша қилинг.

Яқин Шарқда "мужоҳид ўзбекистонликлар" сони қанча?

Яқин Шарқ давлатлари, хусусан Сурия ва Ироққа кетган ўзбекистонликлар сони бўйича аниқ маълумотлар расман ошкор этилгани йўқ.

Аммо айрим халқаро ташкилотлару мутахассис гуруҳларнинг тахминларига кўра, Яқин Шарқдан тортиб Афғонистонга қадар жиҳодий ҳаракатлар сафида бир неча минг Марказий осиёликлар жанг қилишмоқда.

ICSR (Радикаллашиш ва сиёсий зўравонликни тадқиқ этиш халқаро маркази) ва Халқаро инқироз гуруҳи ўтган йилги ҳисоботларида Суриядаги марказий осиёлик жангариларнинг энг кўпи ўзбекистонликлар эканини айтган.

Яқинда Суриядаги ўзбек жиҳодчилари гуруҳи "Имом ал Бухорий катибаси" амири ўз тарафдорларини Сурияда жанговар тажрибаларни эгаллаб, Афғонистонга қайтишга чақирган.

"Шайх Салоҳиддин" номи билан билинган ўзбек жангарилари раҳбарининг видеомурожаати Суриядаги "Жабҳат Фатҳ ал-Шом" ташкилоти билан алоқаларга эга гуруҳнинг веб саҳифасида эълон қилинган.

Ўзбекистоннинг ўзида ИШИД сафларига қўшилган ва қўшилмоқчи бўлган қатор шахслар устидан маҳкама жараёнлари бўлиб ўтган.

Уларнинг кўпчилиги ўтмишда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларида Афғонистонда жанг қилган ўзбеклар деб ишонилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар