Каримовдан кейин: Ўзбекистонда ҳокимият алмашуви қандай рўй бермоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Самарқандда Ислом Каримовнинг дафн маросими.

Яқингача ўзбекистонликлар фақат битта раҳбарни - дунёдаги энг репрессив давлатлардан бирини тузган Ислом Каримовни билар эдилар.

У вафот этгач, жамият ноаниқлик ичида қолди- унинг меросхўри ким бўлади ва қандай тарзда содир бўлади? Баъзилар ҳатто ҳокимият учун шафқатсиз кураш бошланишини башорат қилдилар.

Бироқ ҳокимият алмашуви кутилмаганда силлиқ амалга ошди. Бош вазир Шавкат Мирзиёев муваққат президент этиб сайланди ва Каримовнинг Либерал-демократик партияси уни 4 декабрга белгиланган президентлик сайловларига ўзининг номзоди сифатида илгари сурди.

Ҳозир камдан-камдан одам Мирзиёев Ўзбекистоннинг кейинги раҳбари бўлишига шубҳаланиши мумкин.

Лекин бу ўйланганидек оддий эмас.

Муваққат президент

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов даврида қабул қилинган бир нечта қарорларни бекор қилди.

Жаноб Мирзиёев ҳали расман президентликка номзод қилиб рўйхатга олинмаган бўлсада, унинг сайлов кампанияси фаолиятини қизғин бошлаб юборди. У мамлакат бўйлаб одамлар билан учрашмоқда, фармонлар чиқариб, қонунларни имзолаяпти.

"У буни ҳамма таниши учун қиляпти, чунки шу пайтгача аксарият уни деярли эшитмаган, билмаганди", деб айтади Глазго университетининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотлари маркази ўқитувчиси Лука Анчеши.

Жаноб Мирзиёев Каримов бошқарувининг соясида ишлаб келди.

Wikileaks сайтида чоп этилган маълумотларга биноан, у давлат оммавий ахборот воситаларига ўзини кўрсатмасликни буюрган, сабаби давлат раҳбарига ёқмай, рашкини келтириши мумкин эди.

Энди эса у бой берилган вақтни тўлдиришга ҳаракат қилиб, 2 ҳафтанинг ичида Ўзбекистоннинг 13 вилоятидан саккизтасига ташриф буюрди.

Қизиғи, жаноб Мирзиёев ҳанузгача ҳукумат сиёсатидан норозилар ҳар доим юқори саналган Фарғона водийси вилоятларига борганича йўқ. Одамлар ҳукумат 2005 йил Андижонда йирик ижтимоий намойишга йиғилган одамларга қарши армияни қўллаганини унутмаганлар.

Шавкат Мирзиёев ҳукуматдаги ўзгаришлар билан шуғулланмоқда, янги ҳокимлар, милиция раҳбари ва прокурорларни янгитдан тайинлаяпти.

У ҳатто Маориф визири ва унинг ўринбосарини ҳам ўзгартирди. Бу вазирлик таркибидаги ресурслар сайловларда овозларни назорат қилиш ва сайловчиларга чиқиш учун доимий фойдаланиб келинади.

Минтақадаги оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Мирзиёевнинг оиласи Каримов оиласига тегишли бўлган бизнесларни ўзиники қилиб олиш ҳаракатларини бошлаган.

Бироқ молиявий назоратни ва қудратли давлат идораларини қўлга олишнинг ўзи етарли эмас. Муваққат президент Каримов мероси билан рақобатлашиши ва унга мос, қонуний вориси эканига одамларни ишонтира олиши лозим.

Ўзбекистонда тузумнинг қонунийлиги Ислом Каримов тимсолида шаклланиб бўлган. Кимдир ҳокимиятга келиши мумкин, деган ҳар қандай фикр ҳатто билдирилишидан олдин бостирилиши мумкин эди.

Давлат тарғибот машинаси "келажаги порлоқ Ўзбекистон" Каримов туфайли эканини ҳақида тинимсиз эслатиб келган.

"Марказий Осиёдаги инсонлар ўзларининг биринчи раҳбарларига жуда ҳурмат билан муносабатда бўладилар чунки у ерда бошқа мамлакатларда бўлмаган биринчи президентга таалуқли қандайдир аура-руҳ бор, дейди доктор Анчеши.

Жаноб Мирзиёев ўзининг қонунийлигини ошириши керак- ва бунга ўзидан олдинги раҳбарнинг йўлидан бориш ваъдалари билан бунга эришяпти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ислом Каримов дунёдаги энг қаттиққўл раҳбарлардан бири эди.

"Бизнинг бурч- Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг асосий концепцияларини ҳаётга тадбиқ этиш ва унинг йўлидан, мақсад ва вазифалардан оғишмасдан тўлиқ боришдир", деб эълон қилди у парламент ўзини муваққат президент этиб сайлаганида.

Айни вақтда у илк қадамларидаёқ Каримов давридаги баъзи қарорларни бекор қилгани ҳам кузатилди.

Жумладан, у корхоналарни режалаштирилмаган текширишни бекор қилди ва фермерларнинг даромаддан ҳукуматга хориж валютасида тўлови енгиллаштирилди. Президент кортежи учун фойдаланилган ва одамлар учун ёпиқ бўлган асосий йўллар яна очилган.

Бу чоралар, кўринишича, аҳолига таъсир қилмасдан қолмаган. "Одамлар янги раҳбар улар тўғрисида қайғураётганини айтишяпти", дейди пойтахтлик яшовчилардан бири Би-би-сига.

"Уларнинг кўпчилиги анча оптимистик руҳда".

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Мирзиёев Россия, Хитой ва яқин қўшнилар билан яхши муносабатлар тарафдори эканини айтган.

Ташқи сиёсатда Мирзиёев яқин вақтгача душман саналиб келинган Тожикистон билан "очиқ ва кенг муносабат"ларга чақирди.

У шунингдек баҳсли ҳудуд бўйича икки мамлакат ўртасида қарийб бир ой давом этган тарангликдан сўнг Қирғизистон ҳайъатини таклиф қилди.

Бу қадамлар ҳам қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган, дейди Ньюкасл университетидан Алишер Ҳамидов.

"Каримов энди йўқ экан, ўзбек элитасига легитимликнинг янги шакллари керак бўлади. Россия каби катта давлатлар ва қўшнилар билан яхши муносабатлар бу мақсадга элтади", қайд этади у.

Бироқ Нью-Жерсидаги Роуэн университети доценти Лоуренс Марковиц бу қадамларни фақат юзаки деб билади. Унинг фикрича, Ўзбекистон сиёсий тизимида ҳеч қандай кутилмаган ўзгаришларни кутиш керак эмас.

"Элита ўзининг шахсий ғазнасини тўлдиришга ёрдам берадиган ва йўналтирилган мақомини сақлаб қолишдан манфаатдор", дейди доктор. "Сиёсий институтлар президентлик қудратига босим ўтказиш учун жуда заиф."

Халқ ўзини тан олиши учун Ўзбекистоннинг янги раҳбари жамиятга ширин кулча таклиф қиляпти. Лекин кузатувчилар бу асал ойи узоқ давом этмайди, яқин вақтда ширин кулчалар ўрнини қамчи эгаллаши мумкин, деган фикрда якдил.

Ўзбекистон Республикаси

Пойтахти: Тошкент

Аҳолиси: 32 млн

Майдони 447400 кв км (172,700 миль кв)

Асоий тиллар: Ўзбек, Рус, Тожик

Асосий Дин: Ислом

Ўртача ҳаёт давомийлиги: 66 ёш (эркаклар), 72 ёш (аёллар)

Пул бирлиги: Ўзбек сўми

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.