Ўзбекистонда Каримов даври давом этмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Internet
Image caption Каримов дафни

Президент Каримов ўлимидан кейин ҳозирга қадар бир эмас, бир неча қонунларни имзолаган, катта-кичик мулозимларни тўхтовсиз алмаштириб турган Шавкат Мирзиёев куни-кеча яна бир зоҳиран анчайин популистик бўлган сиёсий қарор олган.Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Мирзиёев «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини парламент қонунчилик палатасига тақдим этиш таклифини киритган.

Мирзиёевнинг Каримовдан кейинги қўяётган ҳар бир қадами 4 декабрга белгиланган сайловга ўзига хос тайёргарлик эканига шубҳа йўқ.

Президент Каримов ўлимидан кейин Ўзбекистон сиёсий саҳнасида бир қадар фаоллашиш кузатилар экан, ЎзЛиДеП - Ўзбекистон либерал-демократлари биринчи бўлиб ўз танловларини ошкор қилишган эди.

Бу танлов Каримовнинг вафотига қадар мамлакат Бош вазири бўлиб келган Шавкат Мирзиёев эди.

Аммо сўнгги хабарларда айтилишича, Ўзбекистон либерал-демократлари расман Мирзиёевнинг номзодини 14 октябрда эмас, балки 19 октябрда эълон қилишга қарор берганлар.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг podrobno.uz нашри хабар қилган.

Расман номзод кечиктиришнинг бирор бир сабаби маълум қилингани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати бу қарор ортида турган сабаблар ва умуман партиянинг номзод танлови ҳақида суҳбатлашиш учун ЎзЛиДеПнинг Тошкентдаги қароргоҳига сим қоқди.

Гўшакни кўтарган, аммо ўзини таништирмаган шахс мухбиримизнинг кимлиги ва телефон рақамларини сўрар экан, "ўн дақиқадан сўнг телефон қилинг, сизга жавоб берамиз", деди.

Ўн дақиқа ўтгач такроран телефон қилинганида эса алоқа "узилиб" қолди.

Би-би-си Ўзбек хизматининг англашича, ЎзЛиДеП айни масалада гаплашишни истамади.

Бу сўнгги ўн йилдан ортиқроқ вақт давомида Ўзбекистон ҳукумати, расмийлари ва ё улар томонидан тузилган ташкилоту фирқалар учун анъанага айланган жимжитликнинг намунаси эди.

Бу галги сайловнинг аввалгиларидан фарқи бўладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Каримов давридаги сайлов

Ўзбекистонлик аксарият сайловчилар ва мамлакатни яқиндан кузатиб келаётган журналистларга кўра, бу саволга "йўқ" деб жавоб бериш мумкин.

Тошкентлик мустақил журналистга кўра, "фақат биргина фарқ бор, бу ҳам 2016 сайловларда Каримов қатнашолмайди".

8 сентябрда мамлакат конституциясига зид равишда , аммо Сенат қарори билан Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг муваққат президенти этиб сайланар экан, Ўзбекистоннинг кейинги раҳбари борасида маълум пайт ўртага отилган тахминлар тўхтади.

"ЎзЛиДеПнинг Мирзиёев номзодини кўрсатиши расмиятчилик учун эди. Ундан кейин эса бошқа "чўнтак" партиялар ҳам бирин-кетин деярли ҳеч ким танимайдиган аъзоларини кўрсатишди. Бу номзодлар орасида энг таниқлиси Ҳотамжон Кетмонов эди. У ҳам Каримовга "рақиб" ролини ўйнаб бергани учун танилиб қолганди", дейди журналист.

2016 йилги президент сайловолди жараёни шу қадар "силлиқ" кечмоқдами?

Табиийки, бу жараён Каримов даврида бўлгани каби силлиқ кечаётгани йўқ.

Ҳар қалай, Ислом Каримов қудратдаги қарийб 27 йили давомида дўсту душманларига ўзининг қанчалар "алмаштириб бўлмас" эканини исботлаб улгурганди.

Конституцияни бузиш билан бир эмас, бир неча марта "сайловлар" уюштирганини эса ҳеч ким, ҳатто Ғарб ҳам жиддий савол остига олмас эди.

Сайлов арафасида ва сайловдан кейин турфа ташкилотлар, фаолларнинг мавсумий "оҳ-воҳи" ва танқидларига қарамасдан Ўзбекистонда сиёсий манзара мутлақо ўзгаришсиз қолди.

Аммо 2016 йилда вазият ўзгарди, замон бошқача бўлди.

Ислом Каримов вафот этди.

Каримов даврида аксарият онггида атайин ва ёки калтабинлик билан бир ишонч шакллантирилганди.

Кейинроқ айнан шу ишонч мамлакатда қанчалар муваққат бўлмасин ҳеч бир раҳбар истамаган ҳолатни юзага келтирди.

"Ҳеч ким Каримовдан кейин даврни тасаввур қилмас ва бу ҳақда сўз очмас эди", дейди ўзбекистонлик журналист.

"Дода"нинг ўзига меросхўр тайинламагани, бунга ақалли ишора бўлмагани бир масала бўлса, ҳеч кимда, ақалли энг ёш авлодда ҳам "мен президент бўламан" деган орзу парваришланмади.

Худди Сталин даврида бўлгани каби аксарият ўзбекистонликлар Каримовнинг бир кун келиб ўлишини тасаввур қила олмайдиган даражадаги ҳолатга туширилгандилар.

...аммо Каримов ҳар бир банда янглиғ "ўлимни тотгувчи" эди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption ...аммо Каримов ҳар бир банда янглиғ "ўлимни тотгувчи" эди

Унинг ўлими ижтимоий тармоқларни ростакамига қўзғатиб юборди.

Ижтимоий тармоқда бўлган ўзбекистонликлар икки, айрим ҳолатларда уч гуруҳга бўлинишди.

Тармоқларни яқиндан кузатган журналистга кўра, қайсидир маънода энг хатарнок ва агрессив гуруҳ - биринчи гуруҳдагилар эди.

Улар тинмай Каримовни дуо қилишар, муҳаббатларини изҳор этишар ва нафақат марҳум президентдан норозиларни, балки сукут сақлаётган ёки ўрта йўлда турганларга ҳам "виртуал зуғум" қилишарди.

Ўтган 25 йил ичида Ўзбекистон жамиятида муваққат бўлса ҳам бу қадар жиддий бўлиниш юз бермаган эди, ҳар ҳолда ижтимоий тармоқларда...

Ҳатто ҳукумат нашрлари ҳам Каримов шахсига бефарқ ва ё мухолифларни, сал бошқача фикр айтганларини очиқчасига ҳақорат қила бошлади.

Тролларга "фас" буйруғи берилди.

Шарҳ.уз каби нашрлар эса бошқаларни ҳам "душманга муносиб жавоб беринг" қабилида ўта саёз чиқишлари билан гиж-гижлай бошлади.

Журналистга кўра, айни мана шу гуруҳ Ўзбекистон режими учун таҳдидли анъанани шакллантиришга ёрдам берди.

Таҳдидки, авваллари жим турганлар ва ҳатто ҳайрихоҳ бўлганлар эндиликда турфа сайтлар, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон режимининг 25 йиллик монологига муқобил фикрлар мавжудлигини билиб қолишди.

Бир қарашда, миллионлар онггини ёввойи ва бироз йиртқичроқ "демократик анъана" Ўзбек матбуоти тили билан айтилса "заҳарлаб" қўйди.

Қудрат бўлашиш ўйинлари ва халқ Каримовдан ёмонроғини эмас, яхшироғини исташи ҳақида

Ўзбекистон ҳукуматида қудрат талашиш авжида эканига аксариятда шубҳа йўқ.

Агар шундай бўлмаса, бу ҳукумат тузишнинг барча қонунларига зид бир ҳолат бўлар эди.

Мустақилликнинг илк йилларидан бери диктаторлик ва авторитар тузум орасида аросатда яшаган Ўзбекистон учун ҳам бу ҳолат ёт эмас.

Айрим матбуот нашрлари, минтақа бўйича мутахассислар асли ўзбекистонлик бўлган бадавлат шахс Алишер Усмоновнинг Шавкат Мирзиёевга қариндошлиги, Усмоновнинг эса Россия президенти Путин билан яхши муносабатларда эканига бот-бот урғу беришмоқда.

Мирзиёев эса ҳали номзоди расман кўрсатилмасидан туриб, президентчасига нуқтлар сўзламоқда, мамлакат бўйлаб сафар қилиб, ўзи истаган ва ё ўзаро келишилган шахсларга мансаб бериб, "ярамай" қолганларини четлаштирмоқда.

Рустам Азимов, Рустам Иноятов каби "наҳанг мулозимлар"нинг аниқ мавқеилари ҳамон қоронғу қолар экан, ишбилармонлик даъвосида бўлган Салим Абдувалиев ва Ғофир Раҳимовлар каби баҳсли шахсларнинг эркинроқ нафас ола бошлагани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Тарқатилмоқда.

Бу ҳам қудрат учун кураш жараёнининг оддий одамлар кўзидан беркитилган томонларидир.

Лекин тепадигаларнинг бошини оғритаётган саволлардан бири ҳам оддий одамлар билан боғлиқ...

Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқлар ва интернетда Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси очилди.

Бу виртуал қабулхона аслида жамиятда, айниқса оддий одамлар орасида Каримов ўлимидан кейин тобора кўпроқ янграётган, тепадаги гуруҳлар учун ўта номақбул бўлган саволлардан сал чалғитишга ҳаракатдан бошқа ҳеч нарса эмас.

Чунки Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳукумати истагидан қатъий назар аксарият бу "номақбул" саволларни тобора кўпроқ ва қайта-қайта сўрамоқда.

Энг катта савол - энди нима бўлади?

Кейин эса:

Қачонгача пахта теримига мажбур қиласиз? Нима учун?

Нима учун ОВИР фақат Ўзбекистон ва Шимолий Кореяда бор?

Нима учун икки фуқаролик мумкин эмас?

Нима учун қамоқдаги сиёсий маҳбусларни озод этмайсиз?

Нима учун Тошкентга прописка бекор қилинмайди?

Нима учун...?

Ва бу рўйхатни ҳали узоқ давом эттириш мумкин.

Бу саволларга тўлақонли ва кўпчиликни рози қиладиган амалий жавоб бериш ҳозир қудрат бўлашиш ва ё талашиш жараёнида бўлган мулозимлар учун осон эмас.

Аммо жавоб бермаслик янги раҳбар учун ҳақиқий муаммо яратиши тайин.

Ҳар қанақа таъбир билан айтинг, аммо Ўзбекистон янги давр билан рўпара келгани кундай равшан.

4 декабрдан кейин қудратга келадиган ҳеч бир раҳбар, ҳеч бир ҳукумат миллионлаб ўзбекистонликларнинг "Каримов даври барибир яхши эди" деган даккисини кўтаролмайди.

Ўз вақтида Каримов "Совет даври яхши эди" деган қарашни кўтаролмагани каби...

Видео учун мана шу линкка боринг

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг