Ўзбекистон: президентликка номзодлар тасдиқланди

Oqsaroy Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон парламентида ўз депутатларига эга сиёсий партиялар ўз қурултойларида 4 декабрга мўлжалланган президентлик сайловига номзодларини маъқуллаганлар.

Ўзбекистонни 27 йил мобайнида бошқариб келган президент Ислом Каримовнинг вафотидан кейин муваққат президент этиб Бош вазир Шавкат Мирзиёев тайинланди.

Либерал-Демократик партия Шавкат Мирзиёевни президентликка номзод сифатида илгари сургани хабар қилинди.

Аммо расман либерал-демократларнинг қурултойи ҳали ўтказилгани йўқ.

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси Халқ Демократик партияси, "Миллий тикланиш" демократик партияси ва "Адолат" социал-демократик партияларидан ҳам сайловда қатнашиш учун талаб этиладиган ҳужжатларни қабул қилиб олганини маълум қилган эди.

Сўнгги бир неча кун мобайнида "Миллий тикланиш" партиясининг съезди Сарвар Отамуродовни ўз номзоди сифатида, "Адолат" Наримон Умаровни, Халқ Демократик партияси Ҳотамжон Кетмонов номзодларини тасдиқлаганлар.

Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилигига биноан, президентликка илгари сурилган номзод аҳолининг 1 фоизи дастаклови тасдиғи сифатида имзолар тўплаши талаб қилинади.

Сиёсий партиялар ўз номзодлари қўллови учун 20 октябргача 214 мингдан ортиқ имзо йиғишлари лозим.

Ўзбекистонда 2015 йил 29 мартида президентлик сайлови бўлиб ўтган, унда марҳум Ислом Каримовга рақиб сифатида Халқ Демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, "Адолат" социал-демократик партиясидан Наримов Умаров, "Миллий тикланиш"дан Акмал Саидов номзодлари қўйилганди.

Ўзбекистон парламентида ўз депутатларига эга сиёсий партиялар ҳукуматга чин мухолиф партиялар сифатида кўрилмаган.

Мухолифатдаги "Эрк" Демократик партияси ва "Бирлик" Халқ ҳаракати фаолларининг Ўзбекистон парламентида ўз депутатига эга бўлиш мақсадидаги ҳаракатларига тўсқинлик қилиб келинган, ҳатто мустақил номзодлар сифатида Марказий Сайлов комиссиясида рўйхатдан ўтказишга ҳам йўл қўйилмаган.

Сўнг мустақил номзодларга қўйиладиган талаблар янада оғирлаштирилган.

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотини 4 декабрдаги президентлик сайловини кузатишга таклиф этган.

ОХҲТ гуруҳининг 11-14 октябр кунлари Ўзбекистонга бориб ички сиёсий вазият билан танишиши, ушбу танишув асосида президентлик сайловига ўзининг кузатув гуруҳини юбориш-юбормаслик борасида қарор бериши хабар қилинган.

ОХҲТ Ўзбекистондаги президентлик сайлови расмий мазмун касб этиб, омма кўзи учун ўтказилишини ҳам истисно қилмаган.

Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовга кўра, "сайловлар миллий сайлов қонунчилик талаблари ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик тамойиллари асосида очиқ ва ошкора ўтказилади".

Ўзбекистондаги бундан олдинги сайловларга ОХҲТ ўзининг чекланган ҳайъатларини юборган.

Буни Ўзбекистондаги сайловларда рақобат йўқлиги боис тўлақонли миссия қатнашишининг зарурияти йўқлиги билан изоҳлаган.

2015 йил март ойида ўтган президентлик сайловлари ҳақида Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти "сайловлар яхши ташкил қилинди, аммо ҳақиқий рақобат ва баҳсларсиз ўтди", деган, "сайловда ҳақиқий мухолифат мавжуд бўлмаган ҳолатда сиёсий саҳнада жорий раҳбар сиймоси устуворлик қилган"ини айтганди.

Таҳлилчилар айни пайтда Ўзбекистонда олиб борилаётган сайлов кампанияси фақат Шавкат Мирзиёевга тегишли бўлиб қолаётгани, бошқа номзодларнинг сайловолди дастурлари ҳақида тарғибот ишлари йўқлигига эътибор қаратишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.