'Ўзбекистонга марҳамат, жаноб Гутерриш!'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев Антониу Гутерриш Бирлашган Миллатлар ташкилотининг навбатдаги Бош котиби этиб сайлангани муносабати билан табрик йўллаган.

Жаноб Мирзиёевнинг жаноб Гутерришга юборган мактубида "Ўзбекистон БМТни бутун жаҳон тинчлиги ва барқарорлигини сақлаш, халқаро ва минтақавий хавфсизликнинг кўплаб мураккаб муаммоларини ҳал этиш, изчил ривожланишни таъминлаш ва экологияни ҳимоя қилишдаги универсал халқаро тузилма деб ҳисоблаши" таъкидланган.

Муваққат президент, Бош вазир Шавкат Мирзиёев Антониу Гутерришга ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этган.

БМТнинг жорий Бош котиби Пан Ги Мун Ўзбекистонга икки марта борган.

Илк сафарида жаноб Пан бир вақтлар Орол денгизи соҳилидаги балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритган Мўйноқ шаҳрига борган ҳамда Орол денгизининг қуриши оқибатлари билан яқиндан танишган.

Пан Ги Мун Ўзбекистонга Орол фожеаси оқибатларини юмшатишда БМТ дастагини ваъда қилган.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари, Португалиянинг собиқ бош вазири 67 ёшли Антониу Гутерришнинг номзоди БМТнинг Бош Ассамблеяси 13 октябр куни Бош котибликка тасдиқлади.

У 2017 йилнинг 1 январидан 2021 йилнинг 31 декабригача Бирлашган Миллатлар ташкилотига раҳбарлик қилади.

Антониу Мануэл де Оливейра Гутерриш 1949 йили Лиссабон шаҳрида туғилган.

Лиссабон Олий Техника институтида инженерлик иши ва физикани ўрганган.

1971 йили институтни тугатганидан кейин ўқитувчи сифатида фаолият бошлаган.

1974 йили Португалия Социалистик партиясига аъзо бўлиб кирган.

1993 йили Социалистик партия бош котиблигига сайланган.

Антониу Гутерриш 1995 йилдан 2002 йилгача Португалия бош вазири лавозимини эгаллаган.

2005 йили БМТ Қочқинлар агентлигининг Олий комиссари этиб тайинланган.

Таҳлилчиларга кўра, жаноб Гутерришнинг раҳбарлиги йилларида Қочқинлар агентлигининг Женевадаги идорасидаги ходимлар сони қисқартирилган, агентликнинг дунёнинг "қайноқ нуқта"ларида юзага келган инқирозлар пайти қочқинларга ёрдам бериш амалиёти тезлашишига эришилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.