Шавкат Мирзиёев Ислом динини муҳофаза қилишга чақирди

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев Ислом Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларни Ислом дини қадриятларини ҳимоя қилиш ва Ислом дунёси мутафаккирларининг ютуқларини кўпроқ тарғиб этишга чақирган.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Жаноб Мирзиёев Тошкентда иш бошлаган Ислом Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисининг очилиш маросимида гапирган.

"Биз исломий қадриятлар ва мусулмон маданиятини муҳофаза қилишимиз лозим", деб айтган Ўзбекистон муваққат президенти, Бош вазир Мирзиёев.

Ўз нуқтида Шавкат Мирзиёев Ислом дини тинчликка, маърифатга ва маънавий бойликка даъват этадиган дин эканини урғулаган.

Тошкентда ўтаётган Ислом Ҳамкорлик ташкилотининг сессиясига "Таълим ва маърифат - тинчлик ва бунёдкорликка йўл" деган шиор танлашга қарор қилинган.

"Шу маънода бизнинг буюк аждодларимиз - Ислом дунёсининг мутафаккирлари ютуқлари, уларнинг жаҳон тамаддуни тараққиётига қўшган мислсиз ҳиссаларини ўрганиш ва оммалаштириш ўта муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон исломий маданият ноёб меросига эга ва Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Абу Райҳон Беруний, ал-Хоразмий, Имом ал-Мотуридий ва бошқа буюк арбобларнинг номлари нафақат мусулмон мамлакатлари ва бутун дунёга яхши таниш", деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон муваққат президенти Самарқандда Ислом илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ғоясини илгари сурган.

"Биз Самарқанд шаҳрида ислом дунёси олимлари ва донишмандлари меросини ўрганиш бўйича Ислом ҳамкорлиги ташкилоти ёрдамида Ислом илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини билдирамиз", деб айтган жаноб Мирзиёев.

Хабар қилинишича, Тошкентдаги йиғинда Ислом Ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг раислиги Қувайтдан Ўзбекистонга ўтади.

Ўзбекистон бу кенгашнинг 2017 йилдаги навбатдаги мажлисигача раислик қилади.

Ислом Ҳамкорлик ташкилоти 1969 йили ташкил этилган ва бугунги кунда ташкилотга 57 мамлакат аъзо бўлиб кирган.

Ўзбекистон ИҲТнинг 1996 йилдан аъзоси ҳисобланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.