Шавкат Мирзиёев мусулмон оламининг хавфсизлиги ҳақида

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўзбекистон муваққат президенти ва Бош вазирининг баён қилишича, мамлакати ядро қуролидан холи ҳудудлар кўламини изчил кенгайтириш тарафдори ва Яқин Шарқда ҳам худди шундай ҳудуд ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлайди.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Шавкат Мирзиёев бу ҳақда Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда бўлиб ўтаётган 43-сессияси очилиш маросими чоғида қилган нутқида баён қилган.

Жаноб Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон ташкилотга аъзо мамлакатлар ва, умуман, мусулмон оламининг хавфсиз ва фаровон давлатларга айланишига ишонади.

Ўзбекистон муваққат президенти оммавий қирғин қуролини тарқатмаслик муаммоси бугунги кунда энг кескин муаммолардан бири бўлиб қолаётганини таъкидларкан, мамлакати ҳали 1993 йилдаёқ Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудудни ташкил этиш ташаббусини илгари сурганини эслатиб ўтган.

Ўзларининг бу ташаббуслари Ўзбекистон ва қўшни давлатлар томонидан 2006 йилда имзоланган махсус шартнома ва орадан 8 йил ўтиб, Бирлашган Миллатлар Хавсфизлик Кенгаши беш нафар доимий аъзоси томонидан маъқулланган Кафолатлар тўғрисидаги протоколида ўзининг амалий ифодасини топганлигини таъкидлаган.

Худди шу манзарада қатор интернет нашрларида Ўзбекистонда мамлакат Бош прокурорининг 30 сентябрдаги буйруғига асосан, "Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётганлар рўйхатига киритилган шахсларнинг операциялари, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб (туриш) қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисида"ги низом тасдиқланганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Биринчи бор эмас

2014 йил Ўзбекистоннинг бошқа бир расмийси ҳам Марказий Осиёда атом иншоотларининг мавжудлиги бу минтақани ядровий терроризм хавфи қаршисида ожиз қилиб қўйганини баён қилган.

Ўзбекистондаги минтақавий хавфсизлик муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази ижроий раҳбари Алишер Бадалбоевнинг бу сўзлари Тожикистон пойтахти Душанбеда бўлиб ўтган "Минтақавий барқарорликни таъминлашда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг роли: муаммолар ва истиқболлар" номли илмий анжуманда янграганди.

Жаноб Бадалбоев ўшанда ядровий материалларнинг террорчи кучлар қўлига тушиб қолиши хавфи юзасидан хавотирлар кучайиб бораётганини айтган.

Ўтган 10 йил ичида бу каби маҳсулотларни ноқонуний тарзда сотишга уриниш билан боғлиқ 650 та қайд этилган ҳолатдан ярмига яқини собиқ Шўро давлатлари ҳисобига тўғри келганини ўз сўзларига мисол тариқасида келтириб ўтган.

"Ҳеч бир шубҳа йўқки, хавфсизликка бўлган ноанъанавий таҳдидлар тури ортиб бораркан, ядровий қуролларни тарқатмаслик муаммоси янада долзарблик касб эта бошлаши"ни таъкидлаган.

Ўзбекистон ўз олдига Марказий Осиёни ядровий қуроллардан холи минтақага айлантиришга оид келишувга имкон қадар хайрихоҳлик қилиш вазифасини қўйганини айтганди.

Ўзбекистонга қўшни Қозоғистон мустақиллигининг илк йилларида собиқ Шўролар давридан қолган ядровий иншоотларини ёпганига қарамай, у ерда ҳамон ядровий материаллар сақланиб қолмоқда.

Қозоғистон

Айрим маълумотларда биргина Семипалатинск шаҳрида 3 тонна плутоний ва катта миқдорда ўта бойитилган уран сақланиши айтилади.

Семипалатинск ядро полигони 1991 йилда Қозоғистон ҳукуматининг қарори билан ёпилганди.

1949 йилда ишга туширилган полигон собиқ Шўролар ҳудудидаги энг йирикларидан бири эди.

Айнан Семипалатинскда советларнинг илк атом қуроли синаб кўрилган.

Айрим маълумотларга кўра, 40 йиллик фаолияти давомида полигонда 450 дан ортиқ ядровий синовлар ўтказилган.

Уларнинг таъсири эса, юз минглаб аҳолининг саломатлигига зиён етказгани айтилади.

Орада Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев дунё миқёсида Халқаро Ядровий синовлар қарши кураш кунини байрам қилиш ташаббуси билан ҳам чиққан.

Бунинг ортидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ҳам дастакланган ушбу сана илк бор 2010 йилнинг 29 август куни бутун жаҳон бўйлаб байрам ҳам қилинганди.

Орадан йил ўтиб эса, Норвегиянинг Bike for Peace ноҳукумат ташкилоти худди ана шу ташаббуси учун Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг номзодини Нобел Тинчлик мукофотига илгари сурганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.