‘Халқаро террорчиликнинг Марказий Осиёга киришига йўл қўйиб бўлмайди’

ИШИД жангариси Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Бу ҳақда Россия ва Хитой президентлари БРИКС саммити баҳона Гоада ўтказган юзма-юз мулоқотлари чоғида баён қилишган.

Халқаро террорчиликнинг минтақа орқали бошқа давлатларга ёйилишининг олдини олиш учун бундан буёғига ҳам ўз ҳамкорликларини давом этдиришнинг муҳимлигини урғулашган.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Томонлар Суриядаги вазият борасида фикр алмашишган, "террорчиликка қарши курашиш масаласида мавқеълари ўхшаш экани"ни алоҳида таъкидлашган.

Бу ҳақда Россиянинг қатор ахборот агентликлари ва интернет нашрлари Россия президенти матбуот воизи Дмитрий Песковга таяниб, хабар беришган.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, ҳар икки давлат раҳбари ўзаро мулоқотлари чоғида Марказий Осиёнинг ишларига четдан аралашувни қабул қилиб бўлмаслигига хосан диққат қаратишган.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда шундоққина биқинларидаги Афғонистонда вужудга келган вазият Марказий Осиё давлатлари қолиб, Россия ва Хитойнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Айниқса, Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақалари зўравонликлар гирдобига кириб бораркан, мавжуд ҳолатни ўнглаш учун расмий Кремль афғон ҳукуматига ўз ёрдамини таклиф этиш даражасига борган.

Хитой ҳукумати эса, афғон можаросига ечим топиш учун минтақада янги дипломатик воситачи вазифасини бажариш ташаббуси билан чиққан, бунинг учун осмонўпар иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга ҳозир эканлигини ҳам баён қилган.

Устига устак, бу икковлоннинг Гоадаги сўнгги баёнотлари Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи Марказий Осиёни кўзлаб, Афғонистон шимолига минглаб жангариларини сиздириш ниятида эканига оид сўзлари манзарасида янграган.

Генерал Абдулрашид Дўстумнинг ўзи эса жорий пайтда шу йил ҳисобидан учинчи бор Афғонистоннинг Туркманистон ва Тожикистонга бевосита чегарадош вилоятларида йирик ҳарбий амалиётларга бошчилик қилмоқда.

Худди шу кунларда Ўзбекистондаги Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти раҳбари Сайёра Хўжаева ҳам интернетда "ИШИД террорчиларига Афғонистон эмас, дарё ортидаги Марказий Осиё кераклиги" ҳақидаги фикрларни изҳор этиб чиққанди.

Шимол-шарқ

Афғонистоннинг шимолий-шарқий минтақаларида сўнгги йилларда нафақат толиблар, балки ИШИД жангариларининг ҳам анчайин фаоллашишга муваффақ бўлишгани айтиб келинади.

ИШИД гуруҳи эса, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан кечган ўтган бир йилнинг ўзидаёқ минтақага сизиб киришга муваффақ бўлган ва Покистонда ўзининг янги тармоғига асос солган.

Ҳам Покистон ва ҳам Афғонистонда собиқ толиблар ҳисобидан ўзига юзлаб янги аъзолар ёллаган, Афғонистоннинг ҳар бир бурчагига кириб бориш, ўзининг тайёргарлик жамлоқларига асос солиш ва ҳатто, мамлакатнинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий-шарқий минтақаларида йирик ва ҳалокатли ҳужумлар уюштиришнинг уддасидан чиққан.

Яқинда эса, Афғонистоннинг шарқий Нангархор вилоятини ўзининг Яқин Шарқдаги исломий халифатининг бир қисми, деб эълон қилган.

Гуруҳ орада ҳам Покистон ва ҳам Афғонистон Толибон ҳаракатининг эски ва яқин иттифоқчиларидан бири бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини ўзига оғдиришга муваффақ бўлган, ҳаракат тўлиғича уларга расман байъат келтирган.

Аммо яқинда ҳаракат сафларининг парчалангани, улар орасидан ИШИДга қарши ва қайта Толибонга мойил қаноти ажралиб чиққанига оид хабарлар ҳам олинганди.

Яқин-яқингача минтақадаги аксарият жангари гуруҳлар расман байъат келтириб келган Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбарияти ИШИДнинг ўз тупроқларида фаоллашиш ҳаракатларига кескин ва ошкора норозилик билдирган.

ИШИД етакчиси ва Яқин Шарқдаги халифи Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат келтиришдан бош тортиш баробарида, унга очиқ мактуб йўллаб, Афғонистондан узоқроқ туриш, акс ҳолда бунинг оқибатлари жиддий бўлиши билан ҳам огоҳлантирган.

Аммо раҳбариятининг бу каби кескин мавқеи манзарасида Афғонистон ичкарисида қоришиқ вазият шаклланган, толибларнинг анъанавий таянч нуқталари сифатида кўриб келинган жанубий, жанубий-шарқий ва шарқий минтақалари икки гуруҳ жангарилари ўртасидаги шиддатли жанглар саҳнасига айланган, шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида эса, икковлон яқин иттифоқчи каби ҳаракат қилишга ўтишган.

Хавотирлар

Россия эса, бор-йўғи бир йилнинг ўзида шундоққина биқинида шаклланган бу каби вазиятдан жиддий ташвишда. Орада россиялик юқори мартабали хавфсизлик мулозимлари қолиб, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва президент Владимир Путинга қадар бу хусусда устма-уст хавотирли баёнотлар билан чиқишган.

Мавжуд вазиятни қатор минтақавий хавфсизлик ташкилотларининг йиғинларида кўтаришган, сўнгги ойларда ўзининг минтақадаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган ва Афғонистонга бевосита чегарадош Тожикистонда эса, йирик қўшма ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказишга тушиб қолган.

Мамлакати қайта зўравонликлар гирдобига ботиб бораркан, Хитой Афғонистоннинг янги президенти Ашраф Ғани Толибон билан тинчлик музокараларида дастагини сўраб, биринчилардан бўлиб сафар қилган дунёнинг иккита давлатидан биттаси бўлганди.

Президент Ғани бу масалада энг аввало расмий Пекиннинг Исломободга бўлган катта таъсири ва йирик иқтисодий қудратига кўз тикканди.

Ўз навбатида, ҳам ҳарбий ва ҳам иқтисодий жиҳатдан қанчалик қудратли бўлмасин, шундоқ биқинидаги Афғонистондаги вазиятнинг қандай тус олиши, йилларки, қолган аксарият минтақа давлатлари каби Хитойнинг ҳам диққат-эътиборидаги асосий масалалардан бири бўлиб келади.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, расмий Пекин чегараоша арзон афюн оқими ва уйғур исломий бўлгинчилигининг янада кучайиб, Хитой миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигидан жиддий хавотирда.

Аммо орадан икки йил ўтиб ҳам, Толибон ҳаракати Хитой ҳукуматининг осмонўпар иқтисодий ташаббусларига ошкора бирор бир муносабат билдириб чиқмаган.

Расмий Пекиннинг афғон можаросига сиёсий йўл билан барҳам бериш учун рақиб ва манфаатдор томонлар ўртасида воситачилик қилиш уринишлари эса, ҳозирча, деярли бирор бир самара бермаган.

Ҳисоб-китоблар

Россия эса, Яқин Шарқда бўладими ва ёки Афғонистонда, ИШИД гуруҳи сафларида ўз ва собиқ Шўро давлатлари фуқаролари сонининг ортиб бораётганидан жиддий хавотирда.

Ғарблик айрим таҳлилчиларга кўра, ИШИД сафларида Россиянинг Шимолий Қофқозидан бўлганларнинг сони анчагина бўлиш баробарида, лидерлик мавқеида бўлганларнинг ҳам кам эмаслиги боис, Россия улар ва бошқа исломий жангари гуруҳларни ўз хавфсизлигига жиддий таҳдид сифатида кўради.

Расмий Кремль ўтган йил ўзининг Суриядаги ҳаво ҳужумларига қўшилиш қарорини ҳам қисман худди шу омил билан изоҳлаган.

Жумладан, президент Владимир Путин суриялик ҳамкасби Башар ал-Ассад билан Москвада ўтказган сўнгги учрашуви чоғида тўрт мингга яқин собиқ Шўро давлатлари фуқароларининг расмий Дамашққа қарши жанг олиб боришаётганини таъкидлаганди.

Уларнинг наздларида, ИШИД Афғонистонни минтақада ўз таъсирини кенгайтиришда муҳим жанг майдони сифатида кўрмоқда.

Раҳбариятининг хавотирлари манзарасида россиялик юқори мартабали хавфсизлик мулозимлари ИШИДнинг Хуросон амирлигини барпо этиш режасига диққат қаратишган.

Уларнинг айтишларича, гуруҳнинг Афғонистон шимолида ўзининг вилоятига асос солиш режаси Марказий Осиё, Эрон ва Хитойга ҳам таҳдид солмай қўймайди.

Аммо

Яқинда ИШИД Афғонистонда кучланиб бораётгани, ҳозирга келиб, жангариларининг сони уч мингга етиб қолганлигини тахмин этиб чиққан Америка ҳарбийлари эса, сўнгги ойларда афғон ҳукумат кучлари билан уларга қарши ҳаво ҳужумларини кучайтиришган.

Орада минтақадаги тармоғи раҳбари Ҳофиз Сайид Хон дохил қатор етакчилари ва юзлаб жангариларини ўлдирганликларини иддао этиб чиқишган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, уларнинг айни мазмундаги баёнотларига шу пайтга қадар Афғонистондаги ИШИД жангарилари бирор бир муносабат билдиришмаган.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра эса, турли минбарлардан туриб, устма-уст ошкора билдираётган хавотирларига қарамай, Россия ва Хитой бундан буёғига ҳам Афғонистонга ўз ҳарбийларини юборишнинг ўрнига, қўпроқ Афғонистон Қуролли кучларини қуроллантириш, тайёргарликдан ўтказиш ва мамлакат иқтисодини оёққа қўйиш ишларида кўмак беради.

Улар, ўз ўрнида, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан 2014 йилдаги оммавий сафарбарлиги минтақада кучлар мувозанатининг ўзгаришига олиб келиши, бундан буёғига Россия ва Хитой ўз иқтисодий ёрдамлари билан Афғонистон масаласида якуний сўзни айтишга уринишларини тахмин этишади.

Афғонистон Россия-ю Хитой етакчи мақомга эга ва Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистонни ўз ичига олувчи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотида кузатувчи мақомига ҳам эга.

Айрим таҳлилчилар Покистон ва Ҳиндистон қаторида расмий Кобулнинг ушбу минтақавий ташкилотга тўлиқ аъзоликка эришишга қаратилган сўнгги уринишлари манзарасида ШОС бу яқин келажакда Афғонистонда барқарорликни қарор топтиришда муҳим ўрин тутиши мумкинлиги эҳтимолини ҳам назардан соқит этишмайди.

Аммо худди шу манзарада сўнгги хавотирли баёнотларини Россиянинг Марказий Осиёдаги гео-сиёсий манфаатлари билан боғлаб изоҳлаётган экспертлар ҳам йўқ эмас.

Уларга кўра, Россия, бир томондан, Марказий Осиёда ўзининг манфаатларини парваришлаш, иштирокини кучайтириш учун Афғонистон таҳдидини бўрттириб, информацион соҳада унга каттароқ эътибор бераётган бўлиши мумкин.

Бу каби таҳлилчилар наздларида, Россия шу тариқа Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни қўрқитиб, уларни ўз орбитасига қайтаришга уриниши - ҳар доим кузатиб келинган ҳолат. Ва, уларнинг таъкидлашларича, бунинг ҳеч бир янгилик жиҳати йўқ.

Аксарият таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича эса, афғон можаросидан манфаатдор барча ўйинчи давлатларнинг манфаатларини кўзда тутмас экан, бу муаммо амалда ҳеч қачон ўз ечимини топмайди.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, Собиқ Шўролар Иттифоқи 10 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан, 1989 йилда Афғонистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Бунинг ортидан, Афғонистон бир неча йилга чўзилган қонли фуқаролар урушига ботган ва алал-оқибат буларнинг барчаси 1996 йилда қудратга толибларнинг келиши билан якун топганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.