Ислом Каримов номини абадийлаштириш кейинга қолдирилдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи МАТБУОТДАН
Image caption Ислом Каримов

2016 йил 2 сентябр куни мустақил Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган ҳодиса юз берди - мамлакат Биринчи Президенти Ислом Каримов 78 ёшида, қудратга келганининг 27 йилида вафот этгани расман эълон қилинди.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон парламенти ва ҳукуматининг Ислом Каримовни дафн этиш маросимини ташкил қилиш, бунинг учун давлат комиссиясини тузиш ҳақидаги қарори эълон қилинди, комиссия олдига бир қатор вазифалар қўйилди.

Биринчи Президент ўлимидан кейин муваққат президентга айланган Шавкат Мирзиёев раис комиссия олдига "кенг жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олиб, бир ой муддатда Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича таклифлар киритсин" деган вазифа қўйилган эди.

Орадан бир эмас, бир ярим ойдан кўпроқ фурсат ўтди. Аммо расмий ОАВ Ислом Каримовнинг номини абадийлаштириш бўйича қилинаётган ишлар, билдирилган таклифлар ҳақида бирор нима деганича йўқ. ОАВнинг шу кеча-кундуздаги бош мавзуси - виртуал қабулхона.

'Аэропорт ва метрога Каримов номи берилсин!'

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY
Image caption Ислом Каримовнинг ўлимидан кейин ижтимоий тармоқларда аввал кўплар кўрмаган суратлари пайдо бўлди

Биринчи Президентнинг ўлими эълон қилингани ҳамоноқ ижтимоий тармоқлар Ислом Каримов номини абадийлаштириш таклифлари билан тўлиб тошди.

Ўзбекистоннинг сўнгги 27 йиллик тарихидаги ягона ва якка давлат раҳбари вафотидан ўзига келиб улгурмаган ёшлар мамлакатдаги барча энг йирик бино ва иншоотларга Ислом Каримов номини бериш даъвати билан чиқишди.

Сентябр бошида Ўзбекистонда оммабоп ижтимоий тармоқлар, мессенжерларда энг кўп тарқалган "абадийлаштириш таклифи" 12 банддан иборат "Мен Мустақил Ўзбекистонимнинг ўғлони сифатида" деб бошланувчи мурожаат бўлди.

Мурожаат муаллифи Каримов номидаги махсус стипендия ташкил этиш, Каримов орденини таъсис этиш, у туғилган кун (30 январ)ни давлат байрамлари қаторига қўшиш, унга бағишланган музей ва кутубхона қуриш, Тошкентдаги аэропорт, Мустақиллик майдони, Давлат бошқаруви академияси, "Бунёдкор" стадиони, метро бекатларидан бирига Биринчи Президент номини бериш ва ниҳоят, Мустақиллик майдонида Ислом Каримов ҳайкалини ўрнатишни таклиф қилган эди.

Жамоатчилик фикри ҳам ҳисобга олиниши лозимлиги айтиларкан, маҳаллий интернет-нашрлар ўз ўқувчилари орасида сўровлар ўтказди. Бу сўровларнинг аксариятида Туркиядаги Отатурк ё-да, Америкадаги Кеннеди аэропортларидан илҳомланган кўйи Тошкент, Самарқанддаги аэропортларга ҳам Каримов номи берилиши сўралди.

Талабалар ўзи таълим олаётган олийгоҳ, ўзи яшаётган ёки туғилган шаҳардаги энг катта бино ва иншоотлар номини Ислом Каримов деб ўзгартиришни таклиф қилишди.

Тошкентда, Каримов туғилган Самарқандда, вилоятлар пойтахтларида Биринчи Президентга атаб ёдгорликлар, музейлар қуриш фикрлари ўртага ташланган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актриса Раъно Ярашева Ислом Каримовнинг ҳаёт йўли ҳақида мактаблар, лицейлар, коллежлар, олийгоҳлар учун мўлжалланган янги дарслик чоп эттириш лозимлигини таъкидлади. Баъзилар президент ҳар куни уйга ва ишга қатнаган йўл ("Президент трассаси")ни Ислом Каримов деб номлаш маъқуллигини айтишди.

Маҳаллий ОАВнинг шундай сўровларидан сўнггиси "Новости Узбекистана" нашри томонидан Facebook да ўтказилди. 550 фойдаланувчи қатнашган саволномада 199 киши Тошкент аэропортига Каримов номи берилишини, 72 киши Мустақиллик майдонига Биринчи Президент ҳайкали қўйилишини, 57 киши бўлса метродаги бекатлардан бири Ислом Каримов деб номланишини ёқлаб чиққан.

"Ислом ота" масжиди

Фото муаллифлик ҳуқуқи МАТБУОТДАН
Image caption Лола Каримова-Тиллаева турмуш ўртоғи билан қайта таъмирланган масжиднинг очилиш маросимида (Сурат Qalampir.uz сайтидан олинди)

Ўтган бир ярим ой давомида Ислом Каримов номини абадийлаштириш бўйича ҳеч бир иш қилинмади, дейиш ҳам тўғри бўлмайди.

Биринчи Президент номи абадийлаштирилиши билан боғлиқ ҳозирча ягона энг йирик ҳодиса - Тошкентнинг Фарғона йўли ёқасида бир йил аввал ёниб кетиб, сўнг қайта қурилган "Жўрабек" масжиди "Ислом ота" дея ўзгартирилганидир.

Президент вафотига қадар масжид унинг атрофидаги маҳаллада истиқомат қилувчи шахси зиддиятли ишбилармон Салим Абдувалиев ҳомийлигида таъмирланаётир, деб тахмин қилинган эди.

Лекин Ислом Каримов ўлимидан 10 кунча ўтиб, унинг кенжа қизи Лола "масжидни қайта тиклашдек савобли ишни бажариш бахтини мен ва турмуш ўртоғимга насиб айлагани учун меҳрибон Парвардигорга беадад шукроналар ва ҳамду-санолар" айтиши ортидан намозгоҳга кенг жамоатчилик таклифига биноан "Ислом ота" жомеъ масжиди номи берилганини эълон қилди.

Бу ташаббус турлича кутиб олинди. Кимдир масжидга Ислом Каримов номи берилганини олқишлаган бўлса, кенжа қиз отасининг номини абадийлаштиришга уриниш йўлида аслида унга нисбатан ҳурматсизлик қилганини айтгувчилар ҳам топилди.

"МДҲнинг қатор давлат раҳбарларидан фарқли равишда Ўзбекистон Президенти ҳеч қачон диний байрамлар муносабати билан мусулмонларга мурожаат қилмасди. МДҲнинг баъзи давлат раҳбарларидан фарқли ўлароқ, у кинокамералар қуршовида байрам намозларига кириб бормасди. У ўз халқининг самимий ҳурматини қозонган эди, шу сабабли ҳам бу каби тарғибот тадбирларига мухтож эмасди", - деб ёзади ўз вақтида Ўзбекистон расмий матбуотида ишлаган, ҳозирда uzmetronom.com сайти муҳаррири Сергей Ежков.

Ашхобод ва Москвада нима гап?

Ислом Каримовнинг жанозасига биринчилардан бўлиб етиб келган Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов дафн маросимидан сўзга чиқиб, Туркманистондаги майдон ва кўчаларга Ислом Каримов номи берилишини эълон қилган эди.

Бундан ташқари, Россия пойтахти Москва шаҳри марказида Ислом Каримовга атаб ҳайкал қўйиш, Санкт-Петербургдаги кўприклардан бирига Ўзбекистон Биринчи Президенти номини бериш ташаббуслари ҳам янгради.

Бироқ на Ашхобод, на Москва, на бошқа бир хорижий мамлакатда Ўзбекистон Президенти хотирасини абадийлаштириш бўйича амалий ҳаракатлар кўзга ташланди.

Ислом Каримовнинг кўринмас ҳайкаллари Ўзбекистонда Ислом Каримов сурати бўлмаган бирор таълим муассасаси, давлат корхонасини топиш мушкул, ҳатто хусусий ширкатларда ҳам унинг катта ва кичик портретлари эъзоз билан юқори қўйилиши одат тусига кирган.

Мамлакатдаги ҳар бир ижобий ўзгаришни, давлат оммавий ахборот воситалари томонидан айтиладиган бунёдкорлик ва фаровонлик, тинчлик ва осойишталикни Ислом Каримов номи билан боғлаш унинг вафотидан кейин ҳам давом этмоқда.

Шунга қарамай, тириклигидаёқ ҳайкаллари ўрнатилган Қозоғистон ва Туркманистон раҳбарларидан фарқли ўлароқ, Ислом Каримов ҳаётлигида ўз шахсини абадийлаштиришга очиқ-ошкора уринмаган.

Ҳар йили жаҳоннинг турли мамлакатларида ўтказиб келинган халқаро Ислом Каримов кураш мусобақасини ҳисобга олмаса, унинг номи билан боғлиқ бошқа бирор объект ё тадбирни эслаш қийин.

Кўп йиллар аввал ўз ташаббуси билан ўтказилган, жаҳон теннисчилари қатнашган халқаро теннис мусобақасига ҳам "Ислом Каримов кубоги" деб эмас, балки Президент кубоги деб ном қўйган эди.

1993 йили Фарғона вилоятида Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатилганида, президент девони бу ҳаракатни қоралаб чиққан, аҳолидан бу каби ташаббусларни тўхтатишни сўраган.

Ислом Каримовнинг ўлимдан сўнг ижтимоий тармоқларда Биринчи Президент тасвири туширилган хаёлий 10 минг сўмликларнинг суратлари пайдо бўлди, шу билан бирга Каримов сўм муомалага чиқарилган биринчи йилларда пулда шахсларнинг сурати акс эттирилиши яхши эмаслиги, ўзи ҳам бунга қарши эканини айтгани эслатилди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.