Ўзбекистон ҳибсни ҳаммага ҳам қўлламоқчи эмас

Ўзбекистонда келгуси йил 1 апрелидан айрим жиноятлар учун қамоқ кўринишидаги жиноий жазонинг ўрнига бошқа жазо турларини қўллаш режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев махсус фармон имзолаган.

Шу пайтгача кимнингдир жиноят содир этган-этмагани аниқ бўлмаса ҳам, ҳатто кимдир иқтисодий ҳуқуқбузарликда гумон этилаётган бўлса ҳам, кучишлатар тизимлар инсонларни муваққат ҳибсхонага тиқиб қўйишар, адвокат билан учрашиш муддати чўзилар ва баъзан жиноят ишлари ҳибсдан бир неча кун зтиб очилиши ҳоллари кузатиб келинади.

Ҳуқуқ фаоллари милиция ходимларининг дастлабки ҳибс билан боғлик суистеъмолликлари ҳақида кўп хабар тарқатганлар.

Муваққат президент Шавкат Мирзиёев 21 октябр куни имзолаган фармоннинг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадини кўзлагани ҳақида хабар тарқатганлар маҳаллий оммавий ахборот воситалари.

Фармонга мувофиқ, 2017 йил 1 апрелидан "қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилади".

Ўзбекистон президенти фармонига биноан, келгуси йил 1 апрелидан бирор бир жиноятда гумон қилинган одамни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга камайтирилади.

Қамоққа олиш муддати, уй қамоғида сақлаш муддати қисқартирилиши кўзда тутилган.

Шу вақтгача Ўзбекистонда жиноят ишларини тергов қилиш учун 1 йилгача муҳлат кўзда тутилган.

2017 йил 1 апрелидан мамлакатда дастлабки терговнинг энг узоқ муддати 7 ойдан кўп бўлмаслиги лозим.

Муваққат президент, Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизими фаолиятига боғлиқ янги фармони унинг президентликка номзодлик дастурини эълон қилишидан бир кун ўтиб қабул қилинган.

20 октябр куни Ўзбекистон тадбиркорлар ва ишбилармонларининг партияси деб тақдим этиладиган Либерал-демократик партиянинг қурултойида Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги суд-ҳуқуқ тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идора ва ташкилотларининг фаолиятини танқид қилган.

У суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, адвокатуранинг роли ва ўрнини кучайтириш, шунингдек, жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётидан воз кечишни таклиф қилган.

Бош вазирнинг таъкидлашича, кейинги йилларда судлар томонидан биронта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаган.

"Суд ёки оқлов, ёки қоралов ҳукмини чиқариши керак", - деб айтган жаноб Мирзиёев.

Унга кўра, "суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда одил судлов фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш асосий масаладир".

Аввалроқ Сенат жаноб Мирзиёевнинг таклифи билан амнистия тўғрисидаги қонунни қабул қилган, аммо ҳозирча амнистиянинг кўлами қанчалик бўлиши, жумладан, диний-сиёсий айбловлар билан қамалганларнинг озод этилиш-этилмаслиги номаълум.

Мирзиёевнинг Президент вазифасини бажарувчи сифатида имзолаган илк қонунларидан бири ички ишлар идоралари тўғрисидаги қонун бўлган.

Ўтган ҳафта муваққат Президент шунингдек, парламентнинг қуйи палатасига коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунни қабул қилишни таклиф этган.

У шунингдек, Ўзбекистоннинг қўшнилари билан алоқаларни яхшилаш томон қадамлар қўйган.

Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги илк қадамлари ва қонунчилик ташаббуслари мамлакатда ўзгаришларнинг муқаррар экани ҳақидаги умидларни уйғотган.

Аммо танқидчилар унинг фаолиятига ҳақиқий баҳони президент сайловларидан кейингина бериш мумкинлигини айтишади.

4 декабр кунги сайловларда Мирзиёевдан ташқари яна уч сиёсий партия номзодлари иштирок этадилар.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкоролик Ташкилоти сўнгги ўн йилда илк бор Ўзбекистондаги сайловларга тўлақонли ҳайъат юборишини маълум қилган.

Сайловларда мухолифат иштирок этмайди ва жаноб Мирзиёев ҳозирга қадар сиёсий соҳада жиддий ислоҳотларни амалга ошириши борасида ҳеч қандай ишора бермаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.