Ўзбек тили ҳақида ўйлар ва ёки “...зато Шавкат ака...”

Ўзбекистондаги нонвойхона эълони Фото муаллифлик ҳуқуқи fergana.info

21 октябр - Ўзбекистонда давлат тили куни.

"Давлат тили ҳақида"ги қонун қабул қилингани муносабати билан мамлакатнинг деярли барча вилояту-*туманларида "Она тилим - жон тилим" мавзусида турли маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.

Бироқ ўзбек тилининг ҳозирги кундаги мақоми ва мавқеи фақат ана шундай тадбирлар орқали ифодаланмоқдами?

Ўзбек тилига, хусусан, давлат идора-ташкилотлари расмийларининг эътибори қандай?

Айниқса, расмий идораларда саводхонлик қай даражада?

Би-би-си Ўзбек хизматининг ижтимоий тармоқларида кўтарилган айни мавзуга кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Изоҳларнинг баъзилари таҳрирсиз келтирилмоқда.

Holida Abdulahonovaнинг ёзишича, "Ўзбек тили давлат тили бўлганига чорак аср бўлдию биз ҳали ҳам ўрис тилига сиғинамиз. Соҳам бўйича ўтган йили Тошкентга ўқишга борганимда устоз ўқиш бошланишидан олдин дарсни қайси тилда олиб борамиз деди. Иккита-учта рус забонлар жаҳллари чиқиб албатта рус тилида-да дейишди. Қолган курсантлар жимммм, биз 54 курсант эдик. Мен жим турмадим, биз ўзбекмиз, ўзбек тили Давлат тили бўлганига неча йил бўлди, дедим. Устоз жаҳли чиқиб, сиз қаерликсиз, миллатчилик қилманг, сиёсатга аралашманг, деди. Бу қанақа миллатчилик? Ўзбекистонда яшаяптими, тилимизни, урф-одатимизни ҳурмат қилишсин, ўрганишсин, дедим. Бўлди, устоз шу курсни битириб кетгунимча мен билан келиша олмади. Мен рус тилини 100% биламан, лекин бу дегани мен ўзбек бўлиб туриб нима учун рус тилида гапиришим керак? Тўғри, бу тил керак керакли жойда мен ҳам ишлатаман, лекин нима кераги бор ўзимизни аристократ қилиб кўрсатиб рус тилида гаплашишга? Мен ўзбекман, ўзбек тилида гапиргани уялмайман. Хатолар жуда кўп. Саводсизлар жуда кўп. Тошкентдаги лавҳаларга, эълонларга қаранг! Полончи полон куни консерт беради, ижролар жонли ЭТИЛАДИ миш, ЭТИЛАДИмас айтилади".

Унга жавобан Rasul Bek Özbek эса "Тўғри қилгансиз! Тилга ихтиёрсиз - элга эътиборсиз", дейдилар. Ўша "домлангиз" ўзбексимон экан", деб ёзади.

Унга қўшилиб, Tohir Bilolov исмли Фейсбук фойдаланувчиси, "Биз ҳаммадан зиёдроқмиз!" деб жар солар маддоҳлари, Аммо хароб бугунги кун ҳолатига парвоси йўқ...", деган фикр билдирган.

Бунга ўхшаш фикрни Madina Ruzieva ҳам қолдирган: "Грамматикани яхши билади деб ўйлавасизми? Каранг кўчаларни, рекламадаги ёзувларга эътибор беринг, шарманда. Ман ҳар куни кўраман хатоларни, кулгим келади".

Hurshida Fayzievaга кўра, "Ўзбек тилига кирилицани қайтариб беришса яхши бўларди..."

Бироқ Ozod Turkiston унга жавобан бундай фикрни келтиради: "Узоқни кўзлаш керак. Лотин алифбосига ўтишни тезлатиш керак".

Hurshida Fayzieva эса "Манам шуни этвоммандее. Узоқни кўзлаш кереэдии. Чунки ҳалиям лотин алифбосига ўтиш қийин бўвотти... ишхоналарда барибир кирилица..." дея ўз далилларини келтиради.

Шунингдек, Кирилл ёки Лотин алифбоси кераклиги мазмунидаги баҳсга Rasul Bek Özbek якун ясаб, "Яқин 15 йилда кирил алифбоси бутунлай чиқиб кетса керак", деб ўз хавотирларини изҳор этади.

Sardor Saidov "ҳукуматга ҳақиқий ўзбеклар келмагунча "ЎЗБЕК ТИЛИ" эътиборсиз қолаверади. Нима учун рус тилидаги телеканалларни ўзбек халқи молиялаштириши керак? Нега Россияда ўзбекча телеканал у ёқда турсин биронта кўрсатув ҳам йўқ? Нега ҳукуматнинг асосий ташвиқотини амалга оширувчи, яъни миллатнинг асосий "Ўзбекистон" телеканалида "Ахборот" рус тилида ҳам бор. ОРТ да "Новости"нинг ўзбекчасини тасаввур қила оласизми? -деган саволларни ўртага ташлайди.

Фахриддин Соли: "Айниқса телевиденияда ўзбек тилининг талафузи бузилмоқда, бунга мисолллар: кемани-кеема, ўзгартиришларни-ўзгатишлар, терма жамоани-трма жамоа, устоз отангдан улуғни -устоз отангдек улуғ, ўзбек тилига таржима қилинди - ўзбек тилига ўгирилди. Ўзбек тили хақида мутахасис филологлар ва ўқитувчилар ўрнига артистлар, қўшиқчилар, дикторлар ва маҳалла фаоллари гапиришмоқда. Олдинлари телевизорда профессор Алибек Рустамовнинг тилга бағишланган илмий кўрсатувлар серияси бўларди. Нимагадир хозир кўрсатилмаяпти. Битта "Ҳидоят сари" кўрсатувида Анвар қори Турсунов умирлари узоқ бўлсин тил хақида, Алишер Навоий ҳазратлари ва уларнинг асарлари ҳақида маъруза қилиб турибдилар.» дея ўз фикр-мулоҳазасини изҳор этган.

"Давлат тили ҳақида"ги қонуннинг 20-моддасида "Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин", деб айтилган.

Хорижий тил атамаларидан фойдаланиш ўзбек тилини бойитадими ёки бузадими деган саволимизга:

Фарход ХАКИМ - "Менимча хоҳлаймизми, йўқми янги-янги атамалар тилимизга бўлмаса ҳам сўзлашиш услубимизга кириб келаверади. Бироқ ушбу масалага жиддий ёндашмоқ зарур. Тил нуқтаи назаридан ушбу (четдан кириб келган атамаларга) жиддий эътибор бермоқ зарур. Чунки ўтган асрда кашф қилинган кўп нарсаларни таржима қилиб тилга киритилди. Бу эса кутилгандек натижа бермади. Биргина фикримга яққол мисол самолётни тайёра, аэропортни тайёрагоҳ дедик. Халқ эса буни истеъмол доирасидан четда қолдирди. Халқ ўзига осон ва тил нуқтаи назаридан оладиган бўлсак, маъно оттенкаси туб, кучли бўлган сўзни ишлатади. Бу эса эътиборга моликдир. Бироқ бу сўзлар орқали тилимизни бойтиб, шундайлигича қабул қилсак, тил бутун ўзлашган сўзлардан ташкил топди. Шундоғам ўзбек тилида форс ва араб, рус сўзари "қалашиб" ётибди. 80 минглик изоҳ луғатини кўрар эканмиз, тилимизнинг 60 фоиз сўзлари ўзлашмалардир. Бу эса ўзбек тилшуносларига "яхшигина" муаммо бўлса керак. Давлат бу ҳодисага жиддий қараб лингвист, тилшунос олимларни жалб қилиб буни жиддий кўриб чиқмоғи лозим." деб ёзган.

Марат Кимсанов: "Ўзбек тилини тозалигини ҳимоячиларини тушунмиман, ахир тилни қамоқда сақлайолмайсиз тил ривожланади хохлесими йоми !!!!! Тилни ҳимояси ўрнига ривожлантиринг барака топкурлар ! Форсча сўзми русча сўзми қулай бўлсин ўзбегимга!!!!"

Behzod Hakimov эса "Бутун тв-д-ня, қўшиқчила, шифокорла, орган, давлат идоралари совотсиз бўлди ёш авлодам битта адабиёт ўқимиди ёғлиги ун кимдир лотинда кимдир кирилда кимдир ўзбек кирилда ёзади фаросатсиз омила кўпайиб кетти, деб ёзиб "ким манфаатдор бундан?", деган саволни қўяди.

Abdulmalik Anvari: "Зато Шавкат ака , халқаро Ислом анжуманида асл ўзбек тилида нутқ сўзладилар. Яшанг, Шавкат ака Мирзиёев." дея баҳсга якун ясайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.