Президентликка номзод Отамуратов: 'Лотин ёзувига тўлиқ ўтамиз, ўзбек курашини Олимпиада ўйинлари рўйхатига киритаман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи uzreport.uz
Image caption "Миллий тикланиш" партияси номзоди Сарвар Отамуратов

4 декабрда Ўзбекистон янги президент сайлайди. Бу сайлов натижаларига, ўзбекистонлик журналистлардан бири айтгани каби "ҳатто номзодлар ҳам заррача шубҳа қилишаётгани йўқ".

Шунда ҳам мамлакат тарихида ўтган сайловлардан бу галгиси катта фарқ қилади.

4 декабрда ўзбекистонликлар мустақиллик тарихида биринчи бор Ислом Каримовсиз сайловга чиқишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати Ўзбекистон президентлиги учун номзодларнинг таржимаи ҳоллари, дастурлари ва сиёсий қарашлари ҳақида бир қатор мақолалар тайёрлаган.

Шавкат Мирзиёевдан ташқари барча номзодларнинг сиёсий дастурамаллари ва қарашлари сайлов натижаларига таъсир қилмаслигига шубҳа йўқ.

Аммо уларнинг дастурамаллари ва қарашларида фарқ борми?

"Миллий тикланиш" партияси номзоди Сарвар Отамуратов

Сарвар Отамуратов 1973 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)ни битирган. 1998 йили Банк академиясини, 2003 йили Президент академиясини тамомлаган. Социология фанлари номзоди, иқтисодчи, халқаро муносабатлар магистри. Ўзбек тилидан ташқарирус тилини билади. Оилали, икки фарзанди бор.

1995-2006 йилларда Молия вазирлиги тизимида ишлаб, бош бошқарма бошлиғи лавозимигача кўтарилган. 2006-2013 йилларда Ўзбекистоннинг суғурта компанияларида раҳбар лавозимларда ишлаган.

2009 ва 2014 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланган. 2010-2014 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет қўмитаси раиси ўринбосари сифатида ишлаган. 2015 йилдан палата спикери ўринбосари, Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитаси аъзоси ҳисобланади.

2013 йил мартида "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий кенгаши раиси этиб сайланган. Партиянинг 2016 йил 15 октябрь куни бўлиб ўтган қурултойида Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида тасдиқланди.

Қурултойда Сарвар Отамуратов ўз сайловолди дастури билан чиқиш қилди. 3243 сўздан иборат маърузани икки қисмга - у ҳозирги Ўзбекистонда қандай муаммоларни кўраётгани ҳамда уларни ҳал қилиш ва бошқа масалалар бўйича нималарни ваъда қилаётгани ҳақида икки қисмга бўлиб, эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ҳозирги аҳвол ҳақида қандай фикрда?

Ҳали бир қатор маданий мерос объектлари ҳисобга олинмаган, экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатлари тўлиқ тоифалаштирилмаган;

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш ҳақидаги қонун қабул қилинганига 23 йил бўлди, лекин бу жараён ҳали ҳам тўлиқ тугалланмаган, катта авлоднинг кўп қисми ҳали бу алифбони ўзлаштирмаган;

Оммавий муомала ва оммавий ахборот воситаларида ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари қўпол бузилмоқда;

Ўзбекистонда яшаб ўтган буюк олимлар, санъат ва адабиёт намояндалари, буюк давлат арбоблари, ҳарбий саркардалар ҳақида ҳаёти ва фаолияти ҳақида миллий кино асарлари деярли йўқ;

Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилаётган бадиий ва видеофильмларнинг аксарияти чет эл давлатлари тарихи, уларнинг қаҳрамонлари ва олимлари ҳақида;

Театр санъатига қизиқиш ҳавас қиларли даражада эмас, театр заллари кўпинча томошабинлар билан тўлмаяпти;

Фуқароларнинг серташвиш суд мажлисларига хоҳиш-истаги йўқ;

Ўзбекистонда транспорт хизматларининг нархи сезиларли даражада юқори -- 20 тонни маҳсулотни 500 километр масофага автомобилда ташиш таннархи Ўзбекистонда 1 километр учун 1,75 доллар, қўшни давлатларда эса 0,7 доллардан 1,3 долларгача;

Ўзбекистонда логистика инфратузилмаси суст ривожланган, маҳсулот экспорти учун талаб этиладиган ҳужжатлар кўп ва уларни кўриб чиқиш муддати узоқ ҳам қиммат, буларнинг бари Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини туширмоқда ва ўзбек маҳсулотлари таннархи сунъий ошишига сабаб бўлмоқда;

Қувват берувчи ичимликларни ўсмирлар соғлигига зарарли деб ҳисоблайди;

Шаҳарлардаги кўп қаватли уйларда техник эксплуатация қилиш норма ва қоидалари бузилиши одатий тус олган, одамлар уйни ушлаб турган устунларни бузиб бўлса-да, ўз хонадонини кенгайтиришга ҳаракат қиляпти;

Уй-жой соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш тартиби ва аниқ механизми бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

Нималарни ваъда қилмоқда?

Ўзбекистон тарихининг бузиб, сохталаштириб талқин қилинишига қарши курашади;

Маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказади, экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларини тўлиқ тоифалаштиради, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштиради;

ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига кирмаган осори-атиқаларни унга киритишда фаоллик кўрсатади;

Моддий маданият меросини қайта тиклаш ва капитал таъмирлаш жамғармасини ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайди;

Чет мамлакатларда қолиб кетган ёки олиб чиқиб кетилган, хориж кутубхоналари, архивлари ва музейларида сақланаётган ўзбек алломалари, мутафаккирлари ва ёзувчи-шоирларининг асарларини Ўзбекистонга қайтаради;

Ўзбек тилини бойитиш, янада такомиллаштиришга, унинг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш ва унинг тўла амал қилишига эришмоқчи;

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтишни тўлиқ якунига етказмоқчи;

Фунаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришмоқчи;

Ўзбекистонда яшаб ўтган буюк олимлар ва арбоблар ҳақида жаҳоннинг етакчи киностудиялари, таниқли режиссёр ва актёрлар билан ҳамкорликда кинолар олдирмоқчи ва бутун дунё жамоатчилигига етказмоқчи;

Чет элларда вафот этган ўзбек аллома ва мутафаккирларининг қабрларини аниқлаш, уларни ободонлаштириш ишларини давлат миқёсида амалга оширмоқчи;

Ўзбекистон тарихи ва маданий мероси ҳақида китоблар чоп этаётган ноширларни иқтисодий қўллаб-қувватлаб, уларга солиқ имтиёзлари бермоқчи;

Театрга одамларни қайтармоқчи, театр томоша маданиятини оширмоқчи, мамлакатнинг барча театрларида "Очиқ эшиклар куни"ни ташкил этмоқчи;

Маҳаллани миллий демократик институт стфаиида янада такомиллаштирмоқчи;

Мамлакатда ҳуқуқий таълим тизимини янада такомиллаштирмоқчи, инсон ҳуқуқлари ва демократия асосларини узлуксиз ўрганиш тизимини ривожлантирмоқчи;

Оила, мерос, уй-жой даъвоси ва маиший турмуш манбаида туғиладиган низоларни судгача ҳал қилиш тизимини ривожлантирмоқчи, бу борада маҳалла, васийлик ва ҳомийлик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ролини кучайтирмоқчи;

Дунё бозорида рақобатбардош ва миллий иқтисодиётимиз тимсолига айланадиган трансмиллий компанияларни шакллантирмоқчи;

Экспорт учун ишлаётган ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар учун солиқ миқдорини камайтирмоқчи, божхона имтиёзлари ва имтиёзли субсидияларни ваъда қилмоқда;

Транспорт-экспедиторлик компанияларига имтиёзлар бермоқчи, йирик юк ташувчи автомобилларни лизингга беришни ривожлантирмоқчи;

Божхона хизматлари нархини камайтириш ва чегарадан ўтиш тартибини соддалаштириш керак, деб ҳисоблайди;

Енгил ва ихчам тўқимачилик корхоналари сонини кўпайтирмоқчи;

Давлат компаниялари ва давлат улуши устунлик қиладиган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти шаффофлигини таъминламоқчи;

Инженер-механик, молия-иқтисод, корпоратив бошқарув менежментлари, ахборот технологиялари соҳасида дастурчиларни тайёрлашни тубдан кучайтирмоқчи;

Ўзбекистонда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини кўпайтирмоқчи, бунда генларни модификация қилиш усулини чекламоқчи;

Қувват берувчи ичимликларни ўсмирларга сотишни тўла тақиқламоқчи;

Уй-жой фондини техник эксплуатация қилиш норма ва қоидаларининг бузилиши олдини олиш, соҳада қонунчиликнинг бажарилиши устидан самарали давлат назоратини ўрнатмоқчи;

Миллий ахборот тизимлари ва миллий ахборот ресурсларини ривожлантиришни бугуннинг энг долзарб вазифаси сифатида кўради;

Ўзбекистон ифтихори бўлган спортчилар ҳақида тарбиявий аҳамиятга эга бўлган фильмлар, илмий-оммабоп асарлар яратишни янада кучайтирмоқчи;

Ўзбек курашининг Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олиши учун бор куч ва имкониятини ишга солмоқчи ва бу борада охиригача курашмоқчи;

Чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари ва компаниялари ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилмоқчи.

Бош мақсади - замонавий ривожланган демократик давлат қуриш.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар