Таниқли ўзбекшунос олим Эдвард Олворс оламдан ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи FACEBOOK Timur Kocaoğlu
Image caption Туркий тиллар бўйича олим, профессор Темур Хўжа ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида устози Эдвард Олворсни хотирлаб ёзди.

Шогирдлари эҳтиром билан "Домла" деб аташган америкалик Марказий Осиё бўйича буюк олим Эдвард Олворс 92 ёшида вафот этган.

Профессор Эдвард Олворс ўнлаб йиллар мобайнида Колумбия Университетининг Яқин Шарқ ва Осиё тиллари бўлимида Турк-Совет тадқиқотларини бошқарди.

У ушбу ўқув даргоҳида Марказий Осиё дастури деб номланган, шунингдек, Миллий Масалалар дастурига асос солган эди.

Профессор Олворс талабаларига Марказий Осиё ва Қофқоз бўйича таҳсил бериб келди.

Шогирдлари профессор Олворснинг ёндашуви АҚШ таълим даргоҳларида Россия деб билинган СССРдаги халқлар ҳақидаги билим бойишига туртки берганини айтадилар.

Бошқа университетлар асосан рус тилига ихтисослашган тадқиқотларга кўпроқ эътибор қаратган бир даврда профессор Олворснинг Колумбия Университетидаги курслари кўпчиликка, соддароқ қилиб тушунтирганда, СССР фақат рус халқидан таркиб топмаганини "кашф қилиб берган".

Эдвард Олворснинг Марказий Осиёга қизиқиши ҳарбий сифатида 1944 йилнинг 6 июнида Францияга парашютда ташланганидан кўп ўтмай бошланган.

Орадан бир неча кунлар ўтиб, ёш Эдвардни Олмония нацистларининг ҳарбий кийимини кийиб олган аскарларнинг ташқи қиёфаси осиёликларникига ўхшаши ҳайрон қолдирган.

Нацистлар формасида асир тушган аскарнинг миллати Ёқут бўлиб чиққан.

Маълум бўлишича, Совет аскари бўлган бу ёқут йигит немисларга асирга тушганидан кейин нацистларга ёрдам бера бошлаган.

Эдвард Олворс бошқа жанглар қатори 1944 йил декабрида Белгиянинг Бастон шаҳри учун қақшатқич жангларда ҳам иштирок этади.

Икки марта жароҳатланган Олворс Валор учун жангда АҚШнинг "Бронза юлдузи" билан тақдирланган.

Урушдан сўнг Эдвард Олворс рафиқаси Жанет билан учрашди.

Ёш жуфтлик бир йил мобайнида Туркиянинг Истанбул шаҳрида туркий тилларни ўргандилар.

Колумбия Университетидаги профессор Олворс курсларини ўта қийин курслар деб таърифлашади.

У бир ўқув семестри давомида шогирдларидан Ўзбек тили, Марказий Осиё таризи, Марказий Осиё ва Қофқоз драмаси курсларини ўзлаштиришни талаб қилар, шунингдек, тадқиқотлар ҳам сўраларди.

Кўп ўқитувчилар икки курс билан чекланишар, аммо профессор Олворс учун тўрт курс, одатдан ташқари эмас, оддий таълим бериш йўли саналарди.

У шу тахлит ўнлаб йиллар давомида устозлик қилди.

Профессор Олворсни нозиктаъб, ҳар бир талабаси ҳақида қайғурадиган, шогирдининг ўрганаётган мавзусига чин дилдан "шўнғишини" истайдиган ўқитувчи эди, деб хотирлашади шогирдлари.

Эдвард Олворс кўплаб китоблар нашр этди.

Бу китоблар орасида "Замонавий Ўзбеклар"ҳамда Абдулрауф Фитратнинг ислоҳотчилигига бағишланган "Реалликдан қочиб" деб номланган асарлари бор.

У кўплаб марта илмий анжуман натижалари ҳисобланган китобларга муҳаррирлик қилган, улар орасида эндигина олий ўқув юртини тугатган ёш тадқиқотчининг бир ёки бир неча маърузаси жой оларди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.