Ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов озодликда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Бобомурод Раззоқовнинг одам савдосида айблангани унинг касбий фаолияти ва сиёсий қарашлари туфайли бўлгани айтилган.

Тошкент вилоятида жойлашган Товоқсой қамоқхонасида жазо муддатини ўтаган бухоролик фаол Бобомурод Раззоқов озодликка чиқарилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти фаоллари Васила Иноятова ҳамда Абдураҳмон Ташанов Товоқсойдаги қамоқхонада Бобомурод Раззоқовнинг чиқишини кутиб олганлар. Васила Иноятованинг Би-би-сига айтишича, ҳуқуқ фаоллари Бобомурод Раззоқов билан кўришиб, гаплашганлар. "Кўриниши ёмон эмас, лекин қамоқдан чиққан одам чарчаган, толиққан", дейди у. Айни пайтда ҳуқуқ фаоли Бухорога, уйига олиб кетилган.

"Эзгулик" жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси бўлган 63 ёшли Бобомурод Раззоқов 2013 йил одам савдосида айбдор топилиб, тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Олдинроқ, 22 октябр куни "Эзгулик" фаоллари Ўзбекистон Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимининг Шайхалидаги қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов билан учрашганлар.

Ғанихон Маматхонов 2008 йил Ислом Каримовнинг Фарғонага ташрифидан олдин президентга унинг ер ислоҳотини танқид қилиб ёзган норозилик хати учун ҳибсга олинган. Сўнгра товламачиликда айбдор топилиб, тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди.

65 яшар ҳуқуқ фаоли қамоқхонада "тартибни бузгани учун" дея муддати яна уч марта узайтирилган.

Ғанихон Маматхонов 2016 йил 4 июнда озодликка чиқиши керак эди.

Эзгулик жамияти раҳбари Васила Иноятованинг Би-би-сига айтишича, Ғанихон Маматхонов билан учрашувдан аввал ҳуқуқ фаоллари Шайхали қамоқхонасидаги маҳкумларнинг кундалик овқат рациони, ётоқхона шароити ва иш тартиби билан муассаса раҳбари томонидан таништирилган. Уларнинг айтишича, сўнгги пайтларда муассаса фаолияти, маҳкумларга муносабат ва мавжуд шароит ижобий томонга ўзгарган. Ғанихон Маматхонов ҳам қамоқхонадаги шароит, озиқ-овқат ва муассаса ходимларининг муносабатидан шикояти йўқлигини айтган.

Ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон қамоқхоналарида диний ва сиёсий маҳбусларга нисбатан руҳий ва жисмоний қийноқлар доимий мавжудлиги бот-бот айтиб келишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.