Марказий Осиё сув учун урушадими?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ким сувсиз, ким светсиз: Ечим нима?

Марказий Осиёда сув ва электр тақчиллиги кучаймоқда. Советлар тиклаган Ягона Энергия Тизими қулаган. Оқибатда баъзи давлатларда сув етишмайди. Бошқалари муттасил электр етишмовчилигидан азият чекмоқда.

Чегара ҳудудларида сув устидан чиқадиган кичик низолар янгилик эмас. Аммо айрим фикрларга кўра, бу фақат бошланиши бўлиши мумкин.

2009 йил январ туни. Тожикистон пойтахти қоронғулик бағрига чўмди. Душанбе шаҳрининг аксар қисмида электр узилганди.

Шаҳар туғруқхоналаридан бирида шифокорлар қоронғу ва совуқ хонада янги туғилган икки чақалоқнинг жонини сақлашга уринишарди.

Чақалоқлардан бирининг отаси Саймуддин Дўстов ўша тун деярли барча дўст ва танишларига қўнғироқ қилиб, генератор излади.

Унинг қизалоғи сунъий нафас олиши керак эди, бироқ сунъий ҳаво берадиган ускуна электрсиз ишламасди.

200 килолик бир генератор топиб, уни бешинчи қаватга олиб чиқишгунча, икки соат ўтди. Шам ёруғида ота нафас олишга қийналаётган қизалоғига ёрдам беролмай паришон эди.

"Қизчамга Парисо, деб исм топгандик. Парисом кўз ўнгимда нафас олишга қийналарди. Бу ҳеч кўз олдимдан кетмайди" - эслайди Саймуддин.

Ярим тундан кейин, соат иккиларда Парисо бошқа нафас ололмай қолди. Унинг митти таначаси совуганди.

Image caption Тожикистон тоғлари

Парисо 2008-2009 йил қиш пайтлари Тожикистондаги қаттиқ совуқ ва электр етишмаслигидан оламдан ўтган ягона чақалоқ эмас.

Парисонинг фожеаси эса Совет давридан бери минтақадаги беш давлатни ҳам сув, ҳам газ ва электр билан мунтазам таъминлаган ягона тизим қулашининг оқибати эди.

Ушбу тизим оддий тамойил асосида ишлаган.

Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон газ ҳамда электрга бой, Тожикистон ва Қирғизистонда эса сув кўп. Бешовлон ҳамкорлик қилишган.

Яъни ёзда пастдаги барча экин далалари учун тепадан сув келарди. Қишда эса юқори қўшниларга ёзги сув эвазига электр ва газ бериларди.

Амударё ва Сирдарёда сув тортилса, минтақанинг деҳқончиликка асосланган қуйи оқим давлатларида экинлар нобуд бўлади.

Энергия камайса, юқори оқимдаги давлатлар қаҳратон қишда қийналишади.

Image caption Трансчегаравий дарёлар бутун минтақа сув таъминоти учун муҳим.

"Келишмовчиликлар учун ҳар вақт асос бўлган" - дейди қозоғистонлик таҳлилчи Расул Жумали - "Бироқ уларни Москва ҳал этган".

Аммо 1991 йили СССР қулади ва ҳар бир ёш, янги давлат ўз муаммолари қаршисида ўзи қолди.

"Бир тарафда қуйи оқим давлатлари озиқ-овқат таъминоти масаласи, иккинчи томонда юқори оқим мамлакатлари энергия таъминоти туради" - дейди Москвадан жамиятшунос Андрей Казанцев.

"Ёки тепадагилар қишда совуқ қотишади, ёхуд пастдагилар йил бўйи озиқ-овқатсиз қолишади".

Минтақа давлатлари бир неча йил давомида СССРдан қолган тизим бўйича ишлашди. Аммо пастдаги энергияга бой давлатлар учун газ ва электрни камбағал қўшниларга эмас, балки нақд хорижий валютада ҳисоб-китоб қиладиган янги харидорларга сотиш фойдали эди.

Шу асно 2009 йили Ўзбекистон Марказий Осиё Ягона Энергия Тизимидан чиқди ва Афғонистонга электр сотишни бошлади.

Кейинроқ туркман ва ўзбек гази Хитойга оқа бошлади.

Тожикистон ва Қирғизистон эса ўз сувларини қишда электр ишлаб чиқариш учун ишлатишга киришдилар. Натижада пастдаги Ўзбекистон ва Қозоғистон далаларини ёзда суғориш учун зарур сув тортила бошлади.

Хуллас, Марказий Осиёнинг бир давлатида электр ва газ тақчиллашса, бошқа мамлакатида сув етишмовчилиги одатий тус олди. Қийналган - яна оддий халқ.

Image caption Осима Даланбой қизи: "Худодан ҳам, ҳукуматдан ҳам фақат сув сўраймиз".

Жанубий қозоғистонлик Осима Даланбой қизи - улардан бири. Ўтган 40 йил давомида шакар лавлаги етиштириб келган Осиманинг оиласи 7 йилдан бери экинларни суғориш учун сув тополмайди.

Сабаби - қўшни Қирғизистондан келадиган сув камайган. Бор сувни ҳам юқоридаги қишлоқларда ишлатиб бўлишади.

Бугун томорқасини суғориш учун қудуқдан сув тортади. Аммо қудуқ суви фермер хўжалигини таъминлашга етмайди.

Осиманинг болалари бошқа ёқларга иш излаб кетишган. Ўзи ҳам бугун боши қотганини айтади.

"Аҳвол шундай давом этаверса, биз яшай олмаймиз. Сувсиз ҳаёт йўқ" - дейди суҳбатдошимиз.

Аммо сувга бой Қирғизистоннинг ўзида ҳам айрим ҳудудлар сувсизликдан қийналади.

Фарғона водийсининг Қирғизистон қисмида яшайдиган Ғаппар Тўкташев олдин мактабда дарс берган зиёли муаллим. Бироқ 2014 йили қўшни тожикистонликлар билан сув талашган.

"Мана бу ерда тожиклар билан юзма-юз турганмиз" - Ғаппарбек Тўкташев тоғли қирғиз-тожик чегарасини кўрсатади.

Image caption Ғаппар Тўкташев: "Тожиклар билан сув талашганмиз".

"Сабр косамиз тўлганди. Бир-биримизга қарата тошлар отдик. Қуролли аскарлар бизларни ажратишган" - эслайди оқсоқол.

"Қўшнилар билан уришишни истамаймиз, аммо яшаш керак-ку".

Отахоннинг қишлоғига сув қўшни Тожикистондан келади. Тўғрироғи, бу аслида шундоқ беш дақиқа пиёда юрадиган жойдаги қишлоқ.

Лекин мустақиллик йиллари мазкур кичик фарқлар катта муаммоларга етаклай бошлади. Айни дамда, аҳоли ўсмоқда, сув эса кўпаётгани йўқ.

Ғаппар-ота сувсиз томорқасини кўрсатади. Бир неча ўрик дарахтини айтмаса, бу йил унинг оиласи ҳеч бир экин эка олмаган. Сабаби - сув йўқ.

2010 йил апрелида Қирғизистон президентини амалидан кетказган ва иккинчи инқилобга йўл очган ғалаёнлар ҳам айнан энергия тақчиллиги ва электр нархларининг ошиб кетганига қарши норозилик сифатида бошланганди.

Ўзбекистондан келадиган энергия тортилгач, Қирғизистон Хитой пулига янги симлар тортганди. Оқибатда энергия таннархи ошиб, аҳоли тўловлари ҳам қимматлаб кетган.

Image caption Тожикистонлик Шодмон Холов ёзда қишликни ғамлаб, тезак тайёрлайди.

Аммо хорижга электр ва газ сотаётган Ўзбекистон ҳам ўз халқини энергиядан қисмоқда.

Кўплаб кичик шаҳар ва қишлоқларда электр кунига бир неча соат берилади. Газ таъминоти эса аксар қишлоқ ҳудудларида узоқ хотирага айланган.

Риштонлик ўқитувчи Баҳодир Элибоевнинг айтишича, қиш пайтлари мактаб ўқувчилари ҳам уйдан ўтин келтириб, синфхоналарни иситишади.

Атроф қишлоқларда эса азим дарахтлар камайиб кетган. Чунки одамлар мажбурликдан уларни кесиб, ўтин қилиб, ёқишади.

"Ўзбекистон четга газ ва электр сотишдан олдин ўз халқини таъминлаши керак" - дейди Баҳодир Элибоев - "Ўзбекистонликлар қишда совуқда яшаймиз".

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 2010 йилги ғалаёнлар ортидан президент Қурманбек Бакиев қудратдан кетказилган.

Минтақада порахўрлик, адолатсизлик ва қонунлар ҳамда инсон ҳуқуқларини топташ одатийлик касб этган. Шу қаторда, нархлар ошмоқда, юз минглаб одамлар бошқа мамлакатларга иш излаб етишга мажбур бўлишаяпти.

Устига устак, жамиятдаги чорасизлик, камбағаллик ва имконсизликдан норози ёшлар орасида турли радикал-экстремист гуруҳларга қўшилаётганлар бор.

Афғонистон шимолида - шундоққина Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасига ёндош ҳудудларда эса жангарилар фаоллашмоқда.

Шундай ҳолатда Марказий Осиё таҳдид остида қолаётгандек кўринади.

"Айни муаммолар ва воқеликлар қачон ва қандайин портлашга етаклашини ҳеч ким башорат қила олмайди" - дейди таҳлилчи Расул Жумали.

"Энг яхши ҳолатда ҳаммаси ҳозиргидек қолади" - фикрлайди россиялик сиёсатшунос Андрей Казанцев - "Энг ёмон ҳолатда эса минтақада баъзи давлатлар бирин-кетин қулайди".

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Sport
Image caption Тожикистондаги энг йирик "Нурек" ГЭСи сув омбори лойқалашмоқда.

Тожикистон ва Қирғизистон учун бу муаммоларни ҳал этишнинг ягона йўли - кўпроқ ГЭСлар қуриш. Бу борада уларнинг орзулари осмон.

Тожикистон ҳозир ўта йирик лойиҳани бошлаган. Бу - "Роғун" ГЭСи. Битказилгач, у дунёдаги энг баланд тўғонли (340 метрча) ГЭС бўлади.

Камида 5 миллиард долларлик "Роғун"ни қуриш учун баъзида сармоядор топилмади, баъзан қўшни Ўзбекистон қаттиқ қаршилик кўрсатди.

Тўғонни сув билан тўлдириш учун 15-16 йил вақт кетади. Бу эса Амударё сувини сезиларли даражада камайтириб, Ўзбекистон ва Туркманистонни сувсиз қолдиради, деган хавотирларни туғдирган.

Лекин "Роғун" Тожикистонни йирик энергия сотувчисига айлантириши мумкин. Зотан, Душанбенинг нияти - энергияга чанқоқ Жанубий Осиё бозорларига чиқиш ва Россиядаги муҳожирлар пулига қараб қолган ўз иқтисодини ривожлантириш.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов эса "Роғун" қурилишига кескин қаршилигини ҳеч қачон яширмаган ва 2012 йили шу каби лойиҳалар минтақада урушга етаклаши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

"Пастда яшайдиган одамларнинг ҳаёти нима бўлади?!" - дея ғазабнок алфозда савол қўйганди Қозоғистонда гапирган (марҳум) Ислом Каримов.

"Дарёлар устига тўсиқлар қуришса, эртага биз қанча сув оламиз? Бу минтақавий тангликка ва ҳатто урушга етаклаши мумкин".

Айни дамда, оддий одамлар муаммоларни қўлларидан келганча, ўз билганларича ҳал қилмоқдалар.

Тожикистон жанубидаги "Тожмаҳал" қишлоғига келганимизда, тўрт боланинг отаси Шодмон Холов ўз оиласи билан қишга тайёргарлик кўраётганди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Тожмаҳал қишлоғи манзараси.

Ҳовлини ўраб турган деворларга тезак ёпилган, Шодмон эса оғилхона олдидаги гўнглардан таппи ясарди.

Бир пайтлар Шодмоннинг уйида кеча-кундуз электр узилмаган. Бугун эса ягона умид тезакдан.

"Қишда 3-4 соат электр беришади" - дейди Шодмон - "Тезак ёқиб уй иситамиз, овқат қиламиз. Эрталаб 8-9 дона, пешинда яна шунча тезак ташласак, хона кун бўйи илиқ бўлади".

Image caption Аксар тожик қишлоқларида пулдор одамлар ўтин-кўмир, пулсизлар эса шох-шабба ё тезак ёқиб, қишдан чиқишади.

Тақдир ҳазилини қарангки, Шодмоннинг уйи Тожикистондаги энг йирик "Нурек" ГЭСидан бир неча дақиқалик автолуов йўлида жойлашган.

1960 йиллари бошида тикланган "Нурек" мамлакат эҳтиёжларининг учдан икки қисмини таъминлайди. Бироқ "Нурек" сув омборида аллақачон лойқалашиш кучайгани айтилади. Лой қуйқаси қанча қалинлашса, электр ишлаб чиқариш имконлари шунча пасаяди.

Лекин Шодмон масалага фалсафий ёндашади.

"Ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати бор. Муаммолар ҳам ҳал қилинади. Яна кун бўйи электр бўлади" - дейди у ишонч билан.

Лекин бу учун қанча кутиш керак - ҳеч ким билмайди.

Лойиҳа устида Рустам Қобил, Оксана Вождаева ва Максим Ломакин ишлашган.

"Марказий Осиёнинг талаш дарёлари" ҳужжатли фильмини келаси ноябр ойида Би-би-си Ўзбек вебсаҳифаси ва YouTube BBCUZBEK каналида томоша қилинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ