Ўзбекистон Президентлигига номзодлар рўйхатга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабарига кўра, 28 октябр куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтган.

Унда Президентликка номзодларни рўйхатга олиш масаласи кўриб чиқилган.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилган.

"Миллий тикланиш" демократик партиясидан Сарвар Садуллаевич Отамуратов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёев, Халқ демократик партиясидан Ҳатамжон Абдурахмонович Кетмонов, "Адолат" социал-демократик партиясидан Наримон Мажитович Умаров Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинган.

Сайлов тўғрисидаги қонуннинг 28-моддасига асосан, Ўзбекистон Президентлигига номзодлар бугундан бошлаб, сайлов ташвиқотларини бошлайдилар.

28 октябрда Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун видео анжуман ўтказилган.

Брифингда қатнашган Марказий сайлов комиссияси раиси МирзоУлуғбек Абдусаломов тадбир иштирокчиларини Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик бориши ҳақида хабардор қилган.

Жаноб Абдусаломовнинг яна бир бор таъкидлашича, "сайловлар миллий сайлов қонунчилик талаблари ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик тамойиллари асосида очиқ ва ошкора ўтказилади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Давлатга қарашли барча оммавий ахборот воситаларида муваққат президент Шавкат Мирзиёевнинг фаолияти кенг ёритилаётгани сайлов кампаниясининг бир қисми сифатида қаралмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга оммавий ахборот воситаларидан Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда тенг фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Ҳар бир номзодга ўз сайловолди дастурларини аҳолига етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Ўзбекистон" ва "Ёшлар" теле- ва радиоканалларида 638 дақиқадан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 та ҳудудий телеканалларида 206 дақиқа, Тошкент телерадиоканалида 286 дақиқадан бепул эфир вақти ажратилиши маълум қилинган.

Бундан ташқари номзодлар матбуотда,хусусан "Халқ сўзи", "Народное слово" ва "Правда Востока" газеталарида, бошқа реклама воситаларида ҳам ўз сайлов кампанияларини давом эттира оладилар. Айтилишича, Ўзбекистон сайлов тажрибасида илк бор "Овози тожик" ва "Нурли жол" нашрларидан ҳам сайлов ташвиқоти учун фойдаланишга рухсат берилган.

Таҳлилчилар айни пайтда Ўзбекистонда олиб борилаётган сайлов кампанияси фақат Шавкат Мирзиёевга тегишли бўлиб қолаётгани, бошқа номзодларнинг сайловолди дастурлари ҳақида тарғибот ишлари йўқлигига эътибор қаратишади.

Марказий сайлов комиссиясига кўра, 500 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаси вакили, округ сайлов комиссиялари томонидан 560 га яқин маҳаллий журналистлар сайловни ёритиш учун аккредитациядан ўтказилган.

2016 йил 2 сентябрда Ўзбекистонни 27 йил узлуксиз бошқарган биринчи президент Ислом Каримов вафот этди.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон муваққат президенти этиб сайланди.

Конституцияга мувофиқ, навбатдан ташқари президентлик сайловлари 4 декабрда ўтказилади.

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотини 4 декабрдаги президентлик сайловини кузатишга таклиф этган.

ОХҲТ илк бор Ўзбекистон президентлик сайловларига тўлиқ кузатув ҳайъатини юбориши кутилмоқда.

Ўзбекистондаги бундан олдинги сайловларга ОХҲТ ўзининг чекланган ҳайъатларини юборганди.

Буни Ўзбекистондаги сайловларда рақобат йўқлиги боис тўлақонли миссия қатнашишининг зарурияти йўқлиги билан изоҳлаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.