“Сайловда овоз беришдан бош тортаман”

O'zbekiston Markaziy Saylov komissiyasi

"Чунки сиз менинг Ўзбекистон фуқароси сифатидаги сайлаш ва сайланиш ҳуқуқимни бир ярим йилдан буён поймол этмоқдасиз", дейди мамлакат расмийларига Наталья Ражиметова.

40 ёшли Наталья Ражиметованинг Би-би-сига айтишича, мутасаддиларнинг Ўзбекистон Конституциясига зид амаллари туфайли фуқаролик паспортига эга бўлолмаяпти, паспортсиз эса сайловда иштирок этиб бўлмайди.

Наталья Ражиметованинг айтишича, Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Дубай шаҳрида нуфузли "Кристиан Диор" ширкатининг идорасида қонуний ишлаб келган.

"2015 йил мартида ширкатимиз учун оргтехника харид қилиш учун борганимда паспортим, пулларим ва карточкаларимни таксида унутиб қолдирибман. Дубай полицияси қидирув эълон қилиб, ҳеч нарсамни топиб беролмади. Дубайдаги Ўзбекистон Консуллиги ватанга қайтиш сертификати қилиб берди ва 2015 йил 23 майида Тошкентга келдим", дейди Ражиметова.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NAtalya Rajimetova shaxsiy arxividan

"Мени бир неча марта туман паспорт идорасига, бир неча марта ички ишлар бўлимига, Ўзбекистон Ички вазирлигига суҳбатга чақиришди ва уч соатлаб савол-жавоб қилишди. Барча талаб қилинган ҳужжатларни тахлаб ОВИРга топширдим. Лекин шу кунгача ҳам менга паспорт бермаяптилар", дейди у.

"Бир неча марта адвокат ёлладим. Нима сабабдан менга паспорт бермаётганларининг сабабини тушунтириб беришларини сўраб Ички ишлар вазирлигига ариза ёздим. Аммо натижа йўқ".

"Мен Ўзбекистоннинг қонунга итоаткор фуқаросиман. Бирор бир қонунни бузганим йўқ. Хорижда қонуний яшаб, Ўзбекистонда солиқ тўлаб келганман. Бир ярим йилдан буён эса паспортсиз на ишга жойлаша оламан, на 13 яшар қизимни мактабга. Таҳсили қолиб кетмасин деб охири пул бериб қизимни ўқишга жойлаштирдим. Ишлолмаганимдан бемор онамга ҳам ёрдам беролмаяпман", дейди Наталья Ражиметова.

Бирор бир ўзгариш бўлмаганидан кейин Наталья Ражиметова Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссиясига мурожаат қилишга мажбур бўлганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NAtalya Rajimetova

Президентликка номзод, Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг Виртуал Қабулхонаси фаолият бошлагани ҳақидаги хабардор бўлганидан кейин Наталья Ражиметова Виртуал Қабулхонага ҳам мурожаат қилган.

Ражиметованинг айтишича, шу пайтгача Виртуал Қабулхонадан ҳам ўз мурожаатига бирор муносабат бўлмаган.

Олий Мажлис, Республика Прокуратураси ва Ички Ишлар вазирлигига қилган кўп сонли мурожаатларига "паспорт бериш ваколатли органлар" томонидан кўриб чиқилади, деган мазмунда жавоб хати олган.

Ўзбекистонлик тажрибали ҳуқуқшуноснинг Би-би-сига айтишича, бирор бир мутасадди идора бу "ваколатли ёки компетент орган"нинг қайси орган эканини очиқ айтолмайди.

"Чунки бу Миллий Хавфсизлик хизмати. Бироқ Ўзбекистоннинг бирорта қонунида фуқарога паспорт бериш масаласини МХХ бошқарсин, деган жойи йўқ. Мамлакат қонунчилигида МХХнинг ўзининг мақоми белгилаб берилмаган", дейди ўз исми-шарифи очиқланишини истамаган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос.

Шу сабаб қатор ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари ёки ўзгача фикрга эга фуқаролари мамлакатдан чиқиш визасини олишда ҳам мушкулликларга дуч келганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NAtalya Rajimetova

Наталья Ражиметова эса, "агар давлат менга паспорт беришни истамаса, мамлакатдан чиқишим учун бошқа бир ҳужжат беришсин, мен ўз оиламни олиб чиқиб, мени қабул қилишни истайдиган бошқа бир мамлакатнинг фуқароси бўлишимга ижозат берсинлар", дейди.

Ўзбекистонда биометрик паспортга ўтиш кўплаб ўзбекистонликларни қийин аҳволга солиб қўйди.

Дунёнинг аксар мамлакатлари консулликлари ўз фуқароларига хорижда паспорт олишларига кўмаклашади.

Ўзбекистоннинг чет мамлакатларидаги консулликлари консуллик ҳисобига турмаган фуқаролар ўзларининг Ўзбекистон ичкарисидаги пропискадан ўтган ички ишлар бўлимидан паспортларини алмаштиришлари лозимлигини тушунтирадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

• ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

• Instagram - BBC UZBEK

• Twitter - BBC UZBEK

• Odnoklassniki - BBC UZBEK

• Facebook - BBC UZBEK

• Google+BBC UZBEK

• YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

• Skype - uzbekbbclondon

• bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг