Бойишни истаган фуқаро Мирзиёевдан бировнинг бизнесини олиб беришни илтимос қилди

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси Фото муаллифлик ҳуқуқи pm.gov.uz

Шавкат Мирзиёев ўзининг виртуал қабулхонасига 3 ҳафта ичида 50 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушганини айтди. Таққослаш учун, Ўзбекистон Бош прокуратурасига тўққиз ойда 137 минг, Адлия вазирлигига 52 минг мурожаат тушган.

Виртуал қабулхона сайтида мантиқ ва маъноси бўлмаган таклифлар ва мурожаатлар кўриб чиқилмаслиги ёзиб қўйилган. Шунга қарамай, минглаб мурожаатлар орасида ғалатилари ҳам бор.

Масалан, Мирзиёевга "ҳурматли президентимиз" деб мурожаат қилган тошкентлик фуқаро шаҳарнинг Арча-кўча деб номланган йўлидаги мой қуйиш шохобчасини унга олиб беришни сўрагани ёзилган мурожаат ижтимоий тармоқларда тарқалган.

"Йўқ демасангиз, мен мой алмаштириш шохобчаларини юргазмоқчиман. Шунга Арча-кўчада Castrol деган шохобчани менга олиб берсангиз. Эгаси неча йилдан бери фойдаланади ахир. Мен ҳам бой бўлайин дегандим", - деб ёзган мурожаат муаллифи.

Виртуал қабулхона Ишчи гуруҳи бу мурожаат юзасидан Тошкент ҳокимлигига "фуқарога қонунчилик меъёрлари асосида тушунтириш берилсин", деб топшириқ берган.

Исми-шарифини Ҳақиқат Ҳақиқатов деб ўзгартириб беришни илтимос қилган фуқаронинг мурожаати ҳам интернетда шундай тарқалиб кетди.

"Мени Шавкат Мирзиёев жаноблари ёнига ишга олишларини илтимос қиламан. Чунки Ҳазорасп туманида ҳақиқат ўлган, адолат йўқ. Ҳозир амалдаги ҳуқуқ-тартибот органларининг 100 тасини ишини бажараман. Мен чарчамайман, фақат мени хавфсизлигимни таъминласалар бўлди. Мени исми-шарифимни Ҳақиқат Ҳақиқатович Ҳақиқатов деб ўзгартириб беришсин. Ушбу масала бўйича амалий ёрдам беришингизни сўрайман", - дейилади фуқаро мурожаатида.

Унга нима деб жавоб берилгани номаълум. Бу мурожаатларни кимлар суратга олиб интернетга чиқариб юборгани аниқ эмас.

'Мен Парпиевнинг ўрнини сўрасам бўларкан'

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг аксарияти бу икки мурожаатни енгил кулгу билан қабул қилган.

"Мен ландовур Давлат солиқ қўмитаси раислигини Парпиевдан олиб қўйиб, ўрнига мени тайинлашни сўрашим керак эди", - деб ёзади Abdurashid Abdukarimov.

Константин Кулаков эса "Мен ҳам бой бўлгим келяпти. Нефтгазнинг эгаси ким?", деб савол қўйган.

Ҳазораспда ҳақиқат йўқлигидан шикоят қилган фуқаро ҳам кўп масхара қилинган.

"Энди у ҳаммага мақтаниб: менинг номзодимни Мирзиёевга ўринбосар сифатида кўришган, деб айта олади", - дейди Sergey Tsoy.

"Тушунаман, кўпчилик ҳақиқатан ҳам қийналяпти. Лекин сўрашдан аввал нима сўрамоқликни ўйлаб кўриш керак-ку", - деб ёзади Alisher Yuldashev.

Ёзишидан виртуал порталда ишлайдиган El Iqbolovich: "Бу бор-йўғи хамир учидан патир. Бизда ҳар куни мана шунақа ҳангома. Лекин ҳақиқий муаммоларни ёзаётган одамлар ҳам бор", деб луқма ташлаган.

Albina Cuznetsova эса бундай мурожаатлар портал зарарига ишлашидан хавотир билдирган.

"Бундай одамлар портал устидан кулмоқда, кейин портални бутунлай ёпиб қўйишса-чи. Ростдан ҳам ёрдамга муҳтож одамлар нима қилади кейин?", - дейди Альбина.

Баъзи интернет фойдаланувчилари ҳар иккала мурожаатчининг ҳам руҳий саломатлигига шубҳа билдирган. "Соғ одам бундай иш қилмайди", деган фикрларни кўп учратиш мумкин.

"Ноҳақлик, адолатсизлик одамни шу даражага олиб келар экан. Бечора жинни бўлиб қолай дебди-ку", - деб ёзади Rahimjon Turdiyev.

Шу билан бирга мурожаатчи тўғри нарсани сўрагани, чор-атроф адолатсизликка тўла эканини айтганлар ҳам талайгина.

Мисол учун, Bakhadir Kasimov: "Кулаверинглар! Шунчаликка бориб етганмизки, ҳатто ҳақиқат истаган одам кулгига қолади! Балли сизларга!", дейди.

Ҳоким мурожаат натижасини сохталаштирди

Шавкат Мирзиёевнинг Facebook'даги саҳифаси хабар беришича, 25 октябрь куни виртуал қабулхонанинг бир ойлигига бағишланган мажлис бўлган, унга муваққат президент ҳам бош вазирнинг ўзи раислик қилган.

"Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг мурожаатларни кўриб чиқилаётганда сансалорликларга йўл қўйган қатор мансабдор шахсларга нисбатан чоралар тўғрисидаги ахбороти тингланди. Мажлисда берилган бошқа яна қатор топшириқлар бўйича баённомани ўрнига тегишли Вазирлир Маҳкамаси Қарори қабул қилинадиган бўлди", - деб ёзилади Мирзиёевнинг Facebook саҳифасида.

29 октябрь куни саҳифада мурожаатлар билан ишлашда камчиликка йўл қўйган раҳбарларга қандай чоралар кўрилгани ҳақида бир неча хабар берилган.

Масалан, Тошкент шаҳар Миробод туманида истиқомат қилувчи фуқаро Е.Каравайкинадан иссиқлик қуввати билан таъминлаш масаласида келиб тушган мурожаатни кўриб чиқишда йўл қўйган камчиликлари учун Миробод тумани ҳокими (Кадиров)га ҳайфсан эълон қилинган ва "Тошиссиқликқуввати" ишлаб чиқариш бирлашмаси Миробод тумани филиали раҳбари(Мухаммедов) эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Ёки бўлмаса Наманган вилояти Поп тумани ҳокими (Юлдашев)га электрон қабулхонага келиб тушган мурожаатларни ҳал қилишда тегишли ҳужжатларни қалбакилаштиришга йўл қўйганлиги учун ҳайфсан эълон қилинган.

Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимовга эса Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи У.Маированинг мурожаатини телефон орқали боғланиш имкони бўлмаганлиги баҳонаси билан аноним деб топилишига сабабчи бўлиб, масалани узил-кесил ҳал қилиш чорасини кўрмаган вазирлик масъул ходимини аниқлаш бўйича хизмат текшируви ўтказиш ва айбдор масъул ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш топширилган.

Виртуал қабулхона қачонгача ишлаши, 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон президенти сайловидан сўнг унинг тақдири нима бўлиши номаълум. Ҳозирча мамлакатдаги барча тарғибот воситалари бу қабулхонанинг самарали экани ҳақида ёзмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.