"Бизни қаёққа олиб кетаётганларини билмаймиз"

Қатағон қурбонларини хотирлаш Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA NOVOSTI
Image caption Сталин қатағонлар қурбонлари яқинларини хабардор қилиш учун яширин мактублар ёзишга мажбур бўлганлар.

Россиядаги 30 октябр - қатағон қурбонларини хотирлаш куни муносабати билан Би-би-си Рус хизмати Сталин замонида қамалган инсонларнинг мактубларини эълон қилди.

Бу мактублар "Мемориал" Халқаро тарихий-маърифий жамияти архиви томонидан тақдим қилинган.

Ўзининг аҳволи ҳақида қариндошларини хабардор этишни хоҳлаб рухсат берилмаган хат ёзган тутқунлар орасида "Учпедгиз" деб номланган нашриётнинг Тошкентдаги бўлими Бош муҳаррири Саъдулла Холмуродов ҳам бўлган.

Инсонлар бу ёзган ёзувлари яқинларига етиб бориш-бормаслигини ўзлари ҳам билмаганлар.

Бу ҳақда "Мемориал" халқаро жамияти архиви Алена Козлова шундай тушунтириш беради:

"Инсон устидан ҳукм ўқилмагунча, у тергов остидаги шахс мақомида бўлган пайтда у хат ёзиш ёки хат олиш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Ҳукм эълон этилганидан кейин ҳам - бир жойдан иккинчи жойга кўчирилиш жараёни - этап пайтида бирор қамоқхона ёки лагерда тўхтаганда хат ёзиш имконияти берилган.

Этап бўйича олиб кетилаётган инсонларда ўзларини қаёққа олиб кетаётганлари ҳақида маълумот бўлмаган. Шундай бўлса-да, улар яқинларига ўзларининг тирик эканлари, жазони ижро этиш жойига олиб кетилаётганлари ҳақида хабардор этишни истаганлар.

Шунинг учун ҳам улар "эшелон хатча"ларини ёзганлар. Хат ёзиш учун ихтиёрларидаги имконли бўлган - кўпинча чекиш қоғозидан фойдаланганлар. Ўша пайтларда тамаки ўраш қоғози тақчил бўлса-да, топиш мумкин эди ва расман тутқунларга рухсат этилган эди.

Бундай мактубчаларни вагон туалетидаги тешик ёки форточка орқали, вагон ёғочлари орасидаги тешиклар орқали темир йўл станциясига улоқтирганлар. Кўпинча поезд йирик станциялардан ўтиб кетаётган вақтда хатчалар улоқтирилган. Агар шундай қилинса, бу хат қариндошларига етиб боришининг эҳтимоли кучайган. Аммо ҳеч қачон бу мактубни кимдир кўриб қолиб, кейин ёзиб қўйилган манзилга почта орқали юборишига кафолат бўлмаган.

Бизнинг архивимизда сақланаётган "эшелон хатча"ларининг кўпчилиги эгасига етиб борган ва қариндошлари томонидан бизга тақдим қилинган мактублардир. Мисол учун, бир аёл вагон ичидан юзига суртадиган упадонни станцияга улоқтирган ва упадон ичида хати ва телефон рақами ёзилган бўлган. Упадонни топиб олган одам ёзиб қўйилган телефонга қўнғироқ қилиб учрашган ва мактубни эгасига етқазган.

Яқини устидан тергов бораётган инсонлар ҳам ноқонуний ёзишма олиб боришганини биз яхши биламиз. Қамоқдаги одамга озиқ-овқат ва ички кийимга рухсат берилгани учун тергов остидаги одамлар кийимларининг астарига ёки ўзларига егулик олиб кирилган қопнинг ичига хатларини қўшиб тикканлар. Ичкарида тутқунлар бир-бирларига хатни қандай яшириш кераклигини ўргатишган бўлишса, ташқаридаги қариндошлар бир-бирига қандай қилиб яширилган хатни топиш йўлларини ўргатганлар.

Ҳар доим ҳам ёзган ёзувни ташқарига олиб чиқиш муваффақиятли якунланмаган. Бир ҳодисада тергов остидаги инсон қариндошларига ёзган хатини дастрўмолининг ичига тиккан. Сўнг дастрўмолини озодликка чиқаётган камерадошига берган. Камерадоши эса уни НКВДга топширган. Хат муаллифи кўплаб қатағонларни бошидан кечирган ва узоқ йиллардан кейин ўзининг жиноят иши билан танишиш имконияти туғилган. Қарасаки, дастрўмоли жиноят ишига ашёвий далил сифатида қистириб қўйилган бўлган".

Саъдулла Холмуродов мактуби

"Мемориал" архивидаги Саъдулла Холмуродов мактуби Араб алифбосида ёзилган. У мактуби учун қўлбола конверт ясаган. Конвертдаги манзили Кирилл русчасида ёзилган.

"Мемориал" Саъдулла Холмуродов ҳақида шундай маълумот беради:

1894 йили туғилган. 1938 йили ҳибсга олинган. Ҳибсга олинган пайти "Учпедгиз" нашриётининг бош муҳаррири бўлган.

СССРда 1930 йили ўқув ва педагогик адабиёт нашр этишга ихтисослашган "Учпедгиз" нашриёти тузилган.

"Учпедгиз"нинг республикаларда бўлимлари очилган. Нашриёт номи кейинчалик "Просвещение"(Маърифат) нашриётига ўзгартирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Халқаро "Мемориал" архивидан

Саъдулла Холмуродов мактуби: "Бизни қаёққа олиб кетаётганларини билмаймиз"(матн рус тилидан таржима)

"Бирор хабар бўлмаса, ҳайрон бўлма. Балки бизни Узоқ Шарққа олиб кетишар. Жойлашиб олганимдан кейин хат ёзаман. Мен сенга 25/V да ёзган хатимдан кейин хат ёзганим йўқ.

Менинг суюкли Моҳи Офтобим! Сизлар яхшимисизлар? Бизни ... турмадан олиб чиқишди ва Узоқ Шарқ томонга олиб кетишаяпти. Бизни тунлари олиб юришипти. Бизни қаёққа олиб кетаётганларини билмаймиз. Бизнинг ҳаммамизни 30 майда жўнатишди.

Эҳтимол, бизни бирор лагер ёки турмага жойлаштиришар. Аниқ бўлганидан кейин бу ҳақда хат ёзаман. Балки ойлаб хат бўлмаслиги ҳам мумкин".

Саъдулла Холмуродов 1938 йили октябрида 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Уни аксилинқилобий фаолиятда айблашган. Бу ҳақда аниқ маълумот йўқ, дейди "Мемориал". Саъдулла Холмуродов тахминан 1939 йили Россиянинг ўта совуқ минтақаси, Якутиядан ҳам шимолда жойлашган Колимасида вафот этган деб кўрилади. Мактубини Тошкентдан Владивостокка этап қилинаётган пайти ташлашга муваффақ бўлган.

Би-би-си Рус хизмати эълон қилган мактублар билан мана бу ерда танишиш мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.