Ажралганни ТВда шарманда қилиш Исломданми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи 'Театр'

Ўзбекистон матбуотидаги хабарларга кўра, яқинда Тошкент шаҳар ҳокимиятида бўлиб ўтган йиғилишда оилаларда ажралишлар сони кўпайиб бораётгани ҳақида гапирилган.

Расмийларга кўра, ўтган тўққиз ойда пойтахт Тошкентда ҳар 100 ёш оиладан 32 таси, яъни учдан бири ажрашиб кетган.

Матбуотга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари ҳамда Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова ва Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ҳам бу муаммо Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазир Шавкат Мирзиёевни ҳам тавишлантираётганини таъкидлашган.

Бу муаммога қарши кураш чораси сифатида ажрашган ҳар бир оила вакилларининг исм-фамилияси бундан буён "Тошкент" телеканали ва "Тошкент оқшоми" гезетасида чоп этилиши борасида сўз кетган.

"Ажрашаётган эр-хотинларнинг исм-фамилияларини ҳозирча ҳар 15 кунда соат 23:00да эфирга узатиладиган дастурда, ўзгариш бўлмаса, соат 21:00да эълон қиламиз. Агар яққол натижа сезилмаса, ажрашаётган оила аъзоларининг суратини эфирга узатамиз. Бу билан биз ҳеч кимнинг ҳақ-ҳуқуқларини топтамаймиз, аксинча, очиқ маълумотларни оммага тақдим этамиз", - деб ҳоким Усмоновдан иқтибос келтирган Qalampir.uz интернет нашри.

Би-би-си Ўзбек бўлими таҳририяти бу каби мураккаб ижтимоий муаммони ечишда "омма ўнгида сазойи этиш", дея талқин қилиш мумкин бўлган чоранинг турли қирраларига эътибор қаратишга қарор берди.

Илк суҳбатимиз бу каби ёндошувга Ислом нуқтаи назаридан қандай қаралади, деган савол атрофида.

Уламоларга кўра, ҳадисларда "Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ қиёматда унинг айбини беркитади", дейилган.

Шундай экан Тошкент шаҳар ҳокимияти расмийлари тавсия этаётган чораларни Ислом ақидалари доирасида қандай талқин қилиш мумкин?

Қирғизистон собиқ муфтийси ва собиқ парламент аъзоси Содиқ Қори Камолиддининг айтишича, ҳақиқатан ҳам Исломда бировнинг айбини беркитиш, шарманда қилмаслик, халқ ўнгида ор-номусини поймол этмаслик кўрсатмалардан биридир ва мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқи ҳисобланади.

"Ва аксар ҳолларда эл ўнгида шарманда қилиш инсон руҳиятидан келиб чиқиб, акс амал беради. Лекин баъзида жамиятдаги ноқисликларни бартараф этиш йўлида қаттиққўл чорлар оқланган вақтлар ҳам бўлади", дейди уламо.

Содиқ Қори Камолиддинга кўра, ажралишлар ҳозирда бутун жаҳонда, хусусан, Марказий Осиё мамлакатларида ҳам кенг тарқалган муаммога айланмоқда.

Уламога кўра, баъзи масалаларда Ислом қаттиққўллик билан жазолаш тарафдори бўлади. Аммо баъзида кам сонли инсонларга нисбатан қўлланган қаттиққўл чоралар жамиятдаги кўп сонли инсонларга ўз таъсирини ўтказиш қобилиятига эгадир.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Содиқ Қори Камолиддин билан суҳбат