Россиянинг энг бой одами ўзгарди

Алишер Усмонов Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Bloomberg ўзининг янги рейтингида "Северсталь" ширкати соҳиби Алексей Мордашовни Россиянинг "энг бой одами", деб топган.

Аён бўлишича, россиялик бу миллиардернинг бойлиги ўтган ой якунига келиб $15.7 миллиард долларни ташкил этган, яъни $126 миллион долларга ортган.

Жорий йилда бойлигига бойлик қўшиларкан, Алексей Мордашов бунгача Россиянинг "энг бойвачча"си, деб кўрилган Владимир Потанинни рўйхатда қуйига сурган.

Ўтган 12 ой мобайнида Алексей Мордашов ҳиссаларининг қиймати 18 фоизга қимматлаган бир пайтда, Владимир Потаниннинг "Норильский никел"дагиси 3 фоизга арзонлаб кетган.

Бунинг натижасида, Алексей Мордашов бу йил Владимир Потанинга қараганда $200 миллион доллар ортиқроқ даромад қилган.

Алексей Мордашов, ўз ўрнида, Bloomberg таснифида дунё бойларининг янги рўйхатида 50-ўринни эгаллаган.

Bloomberg октябр ойи якунига келиб, "Интеррос" ва "Норильский никель" ширкатлари соҳиби Владимир Потаниннинг бойлигини £15.5 миллиард долларга баҳолаган.

Бунча бойлиги билан жаноб Потанин бу йил дунёнинг энг бой 100 та миллиардери рўйхатида 51-ўриндан жой олган.

Россиядаги энг йирик табиий газ ишлаб чиқарувчи "Новатэк" ширкати соҳиби Леонид Михельсонни Bloomberg Россиядаги учта бой одамдан биттаси, деб топган. Унинг ҳозир эга бўлган бойлиги қийматини $15.1 миллиард долларга баҳолаган.

Алишер Усмонов

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов эса, Россиянинг "энг бойвачча одамлари" янги рўйхатида 6-ўринни эгаллаган, аммо юқори ўнликдаги ўрнини сақлаб қолган.

Bloomberg Алишер Усмоновнинг жорий пайтдаги умумий бойлиги қийматини $12.1 миллиард долларга баҳолаган.

Дунёнинг энг бадавлат юзта миллиардери орасида жаноб Усмонов 81-ўринга кўтарилган.

Шу йил июн ойида Bloomberg $11.3 миллиардга баҳолаган бойлиги билан Алишер Усмоновни 92-ўринга қўйган эди.

Bloomberg нинг сўнгги рақамлари ўтган бир неча ой ичида асли ўзбекистонлик миллиардер даромадининг ҳам сезиларли ортганига далолат қилади.

Алишер Усмонов сўнгги йилларда Россиянинг энг бой одамлари рўйхатида юқори учликдан жой эгаллаб келаётган эди.

2013 йилда у Британияда чоп этиладиган Sunday Times рўзномасининг энг бой одамлари рўйхатида пўлат магнати Лакшми Митталдан ўзиб, биринчи ўринни эгаллаган.

Ундан бир йил аввал эса, барча ҳиссаларини ягона холдинг остида бирлаштиргач, ўзи ортиқ бизнесларини бошқариш ниятида эмаслигини баён қилганди.

Аммо

Яқинда Усмонов Хитойнинг онлайн чакана савдо ширкати Alibaba га сармоя киритган ва унинг вакили миллиардер бундан буён асосий эътиборини Хитойнинг технологиялар бозорига қаратишини айтган.

Усмоновнинг ўзи Alibaba даги сармоясининг даромадлилигини 500 фоиз деб баҳолаган, аммо ундаги ҳиссалари миқдорини ҳеч қачон очиқламаган.

Миллиардер Alibaba билан бир қаторда Хитойнинг смартфонлар ишлаб чиқарувчи Xiaomi ширкатига ҳам сармоя киритган.

У яқинда Американинг Apple ва Facebook ширкатларидаги ҳиссаларини сотганини маълум қилган эди.

Аммо ўтган йили Алишер Усмоновнинг "Форбс" нашри таснифида Россиянинг энг бой одамлари рўйхатида биринчиликни қўлдан бой бергани маълум бўлганди.

USM Holdings асосчиси ва Лондоннинг "Арсенал" футбол клуби ҳиссадори,"Форбс" га кўра, бир йил ичида ўз сармоясининг 25 фоизи ёки 4.2 миллиардини йўқотган ва 14.4 миллиард доллар билан биринчи ўриндан учинчи ўринга тушиб қолганди.

Миллиардер Алишер Усмонов Россия ва унинг ташқарисида ўзининг саховатпешалиги билан ҳам танилган.

Жаноб Усмонов матбуот хизмати маълумотларига қараганда, миллиардернинг ширкатлари сўнгги йилларда Россия ва қисман Ўзбекистондаги спорт, илм-фан, тиббиёт, маданият ишларига 700 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.