Президент сайлови:ХДПдан Ҳотамжон Кетмонов

Фото муаллифлик ҳуқуқи Nuz.uz
Image caption Ҳотамжон Кетмонов

4 декабрда ўзбекистонликлар янги президент сайлашади. Бу сайлов натижаларига, ўзбекистонлик журналистлардан бири айтгани каби "ҳатто номзодлар ҳам заррача шубҳа қилишаётгани йўқ".

Шунда ҳам мамлакат тарихида ўтган сайловлардан бу галгиси катта фарқ қилади.

4 декабрда ўзбекистонликлар мустақиллик тарихида биринчи бор Ислом Каримовсиз сайловга чиқишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати Ўзбекистон президентлиги учун номзодларнинг таржимаи ҳоллари, дастурлари ва сиёсий қарашлари ҳақида бир қатор мақолалар тайёрлаган.

Шавкат Мирзиёевдан ташқари барча номзодларнинг сиёсий дастурамаллари ва қарашлари сайлов натижаларига таъсир қилмаслигига шубҳа йўқ.

Аммо уларнинг дастурамаллари ва қарашларида фарқ борми?

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Мамлакатда расман рўйхатга олинган тўрт партиядан бири Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз раҳбари Ҳотамжон Кетмонов президентликка номзод сифатида танлаган.

Ҳотамжон Кетмонов 1969 йил Андижон вилояти Балиқчи туманида туғилган. 1993 йили Андижон давлат педагогика тиллар институтини рус тили ва адабиёти ўқитувчиси мутахассислиги билан тамомлаган. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Фаолиятини 1993 йилда Фарғонанинг Тошлоқ туманидаги мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 1995-2004 йилларда Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармаси тизимида меҳнат қилган.

2004-2013 йилларда Андижон вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

2013 йилдан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши раиси. 2014 йилги парламент сайловларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланган, 2015 йил январидан палата спикери ўринбосари.

2015 йилги президент сайловида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга рақиб бўлган. Сайловда 2,92 фоиз (552 минг киши) овозни қўлга киритиб, пойгада Каримов ва Акмал Саидовдан сўнг учинчи бўлган.

Ҳотамжон Кетмонов, Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод

Ҳозирги аҳвол ҳақида қандай фикрда?

Иқтисодий соҳа бўйича

Ўзбекистонда қурилиш соҳасини модернизация қилишга етарли даражада эътибор берилмаяпти;

Қурилиш ташкилотларнинг кенг ривожланиши, бу соҳада замон талабига жавоб берадиган мутахассислар, техник воситалар билан таъминланиш талаб даражасида эмас;

Қурилиш соҳасидаги қонунчилик базаси, қурилиш нормалари ва стандартлари такомиллашмаган;

Бугунги кунда Ўзбекистондаги қурилиш технологиялари жаҳон стандартлари даражасидан ортда қолиб кетмоқда;

Чет элда қурилиш ташкилотлари ўз давлатига валюта тушумини ошираётган вақтда, Ўзбекистон қурилиш ташкилотлари бундай имкониятга эга эмас ва бундай талабларга жавоб ҳам бермайди;

Кичик корхоналар томонидан ишчиларга тўланадиган иш ҳақлари ҳам йирик корхоналар тўлаётганидан 2 бараваригача паст;

Хозирги солиқлар ва имтиёзлар тизими кичик корхоналарнинг йириклашишига ҳалақит қилмоқда;

Ижтимоий муҳофаза соҳаси бўйича

Барча бино иншоотларда ногиронлар учун махсус кириш йўлаги - пандуслар бўлиши шарт, бироқ мазкур норма амалиётда ишламаяпти;

Аксарият биноларда ногиронлар учун пандуслар умуман йўқ, мавжуд бўлганларининг аксариятидан фойдаланишнинг имкони йўқ;

Пиёдалар йўлакчалари ҳам ногиронлар учун мосланмаган;

Ўзбекистонда автотранспорт воситаларининг кўпайиб бораётганлиги натижасида йўллар, катта шаҳарларнинг кўчалари тирбанд бўлиб бормоқда;

Ўзбекистонда ҳар йили 100 млн. тонна саноат чиқиндилари, 35 млн.м. куб маиший-рўзғор чиқиндилари ҳосил бўлади;

Бу чиқиндиларни утилизация қиладиган, қайта ишлайдиган тизимли корхоналарни мавжуд эмас;

Ўзбекистон миқёсида 2 миллиард тонна чиқинди тўпланиб қолган;

Чиқиндилар тўпланадиган ва қайта ишлайдиган аксарият чиқиндихоналарнинг ҳолати ачинарли аҳволда.

Нималарни ваъда қилмоқда?

Ижтимоий-сиёсий соҳада

Аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини доимий такомиллаштириб, бунда меҳнат бозоридаги талаб-таклифни тўлиқ ҳисобга олиш зарур, деб ҳисоблайди;

Минтақалардаги демографик ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, хусусан, олий таълим муассасаларини олдиндан барпо этиш амалиётини янада ривожлантирмоқчи;

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган товарлар ва хизматлар сифатини ошириб, таннархини камайтирмоқчи, аҳоли харид қобилиятини оширмоқчи;

Иқтисодий соҳада

Қурилиш ташкилотларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш, янги технологияларни жорий қилиш, малакали мутахасисларни ёллашга имконият яратувчи шароитлар яратиш мақсадида солиқ юкини камайтирмоқчи;

Собиқ тузум давридан буён фойдаланиб келинаётган эскирган қурилиш стандартлари, норма ва қоидалари ўрнига бутун дунёда амал қилиб келинаётган еврокодлар тизимига ўтишни таклиф қилмоқда;

Қурилиш соҳаси ривожланиши учун малакали мутахассисларни тайёрлаш масаласига эътибор қаратмоқчи, уларни хорижий давлатларга малака оширишга юборишни ташкил этмоқчи;

Ўзбек қурилиш компанияларининг хорижий қурилиш ва хизмат бозорларига чиқишларига шароит яратмоқчи;

Ўзбекистонда фаолият юритаётган кичик корхоналарнинг йириклашишини рағбатлантирувчи солиқ сиёсатини юритмоқчи, корхоналарнинг таснифида "ўрта корхона" тушунчасини киритмоқчи;

Кичик корхоналарнинг йириклашиши ва янада ривожланишига хизмат қиладиган солиқ ва имтиёзлар тизимини ишлаб чиқмоқчи;

Турли имтиёзларни бериш йўллари орқали иш берувчи ва ходим ўртасидаги норасмий меҳнат муносабатларини қонун доирасига киритмоқчи;

Меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузган тадбиркорларнинг масъулиятини ва жавобгарлигини оширмоқчи;

Банкларнинг хўжалик юритувчи субъектларни кредитлаш тизимини соддалаштирмоқчи;

Макроиқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, фоиз ставкаларини минимал даражада белгиламоқчи;

Қишлоқ жойларда оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни рағбатлантирмоқчи;

Давлатнинг иқтисодиётдаги тартибга солувчанлик ролини мустаҳкамламоқчи;

Етакчи ижтимоий соҳаларнинг тижоратлашувини чекламоқчи;

Ижтимоий муҳофаза соҳасида

Кам таъминланган оилаларни ҳимоя қилмоқчи, айни вақтда, улардаги боқимандалик кайфиятини йўқотмоқчи;

Ногирон фуқароларнинг ижтимоий ҳаётга киришишлари учун барча шароитларни яратмоқчи;

Мавжуд барча бино ва иншоотларни, айниқса давлат идораларини ногиронлар кира олишлари нуқтаи назаридан хатловдан ўтказмоқчи ва кириш жойларини ногиронларга мосламоқчи;

Пиёдалар йўлакчаларини ногиронларга мослаш бўйича махсус давлат дастурини қабул қилмоқчи;

Маҳалланинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдаги ролини янада оширмоқчи;

Ижтимоий аҳамиятга молик товарлар ва хизматлар нархини белгилаш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали нархлар ва тарифларнинг ўсиши инфляция даражасидан юқори бўлмаслигига эришмоқчи;

Коммунал хизматларнинг камхарж шаклларини кенгайтирмоқчи, коммунал хизматлар кўрсатишнинг арзон автоном (локал) шаклларини ривожлантириб, хизматлар нархини мақбуллаштирмоқчи;

Олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтирмоқчи;

Фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти ҳамда дори-дармон воситалари нархи устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтирмоқчи;

Дори воситалари рекламасини чекламоқчи;

Чиқиндиларни утилизация қиладиган, қайта ишлайдиган корхоналарни тизимли ташкил этиб, уларга солиқ имтиёзлари бермоқчи;

Йўлларнинг тирбандлиги муаммосини пиёдалар йўлакларини капитал таъмирлаш, велойўлакларни қуриш орқали ҳал қилмоқчи;

Суд-ҳуқуқ соҳасида

Давлат бошқаруви органлари фаолиятини ошкора ва конструктив муҳокама этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини таъминлаш амалиётини ривожлантирмоқчи;

Судларда ишларни кўриб чиқиш жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этмоқчи;

Фуқароларнинг судга мурожаат қилиши ва суд ҳужжатларини олишининг электрон тизимини жорий қилмоқчи;

Ташқи сиёсат соҳасида

Қўшни мамлакатларга нисбатан очиқ ва прагматик сиёсат юритмоқчи, улар билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ва фойдали ҳамкорликни ривожлантирмоқчи;

Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича халқаро ташаббусларни илгари суриш ҳаракатларини изчил давом эттирмоқчи;

Терроризм, экстремизм, наркотрафик, одам савдоси ва бошқа таҳдидларга қарши кураш масалалари бўйича аввало Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни кучайтирмоқчи.

Асосий мақсади

Демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ