Ўзбек мухолифати қурултойи қолдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи OZODLIK.ORG
Image caption Муҳаммад Солиҳ

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Истанбулда ўтиши режаланган қурултойи сўнгги соатларда кейинга қолдирилди.

Мухолифат вакиллари Ўзбекистонда президент Ислом Каримов ўлимидан кейинги вазиятни муҳокама қилиш Истанбулда тўпланишганди.

Йиғин бошланишига бир соат қолганда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораси расмийлари келишган ва тадбирни бошқа кунга қолдиришни сўрашган.

Расмийлар буни Туркиядаги жорий фавқулодда вазият билан изоҳлашган.

"Биз бугун бу ерда йиғилиб, Ўзбекистондаги вазият юзасидан ўз фикрларимизни билдириш ва уларни сизлар билан муҳокама қилишни мақсад қилган эдик. Лекин, Истанбул ҳокимияти вакиллари келиб, биздан узр сўради ва Туркиядаги фавқулотда ҳолат ва сиёсий вазият сабаб, бу қурултойимизни бошқа кунга кўчиришни илтимос қилди", дея тушунтириш берди Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ҳамда "Эрк" партия раиси Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳнинг айтишича, "фавқулодда ҳолат бекор бўлганидан кейин, албатта, қурултой ўтказилади".

Жорий йилнинг 15-июлида Туркияда амалга ошмай қолган ҳарбий тўнтариш ортидан жорий қилинган фавқулотда вазият кучда қолмоқда.

Қурултойда иштирок этиш учун 150 дан ортиқ одам йиғилган. Ўзбекистондан кутилган 4 кишидан бир нафаригина етиб келган. Айтилишича, қолганлар аэропортда тўхтатиб қолинган.

Тўпланганлар орасида Қирғизистон собиқ омбудсмани ва Олий мажлис депутати Турсунбой Бакир ўғли, Россиядан журналист ва таҳлилчи Орхан Жамол, Истанбулдаги "Туркистон Бирлиги Жамияти" раиси Бурхон Қовунчилар ҳам бор.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.