Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди ташвиқоти авжида

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook
Image caption Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Бош вазири, президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди ташвикоти сўнгги кунлар анчайин шиддатли тус олган.

Бу шиддат нафақат Мирзиёев сурати акс этган ва тобора кўпайиб бораётган йирик баннерларда, балки Бош вазирнинг мамлакат бўйлаб сафарлари, бот-бот ТВ орқали чиқишларида ҳам сезилади.

Куни кеча Бухоро ва Навоий вилоятларига борган Мирзиёев ўзини халқ дардига қулоқ соладиган раҳбар сифатида тақдим қилишда давом этган.

Ислом Каримовни "отам" дея улуғлаган Шавкат Мирзиёев мисли кўрилмаган чиқишлар ва амалларга қўл урмоқда.

"Давлат халққа хизмат қиладиган даврлар" келганини айтаркан, жаноб Мирзиёев бир маънода Ислом Каримов замонасида бунинг тескари бўлганига ишора қилган.

Ҳар ҳолатда ҳам 4 декабрда ўзбекистонликлар янги президент сайлашади.

Бу сайлов натижаларига, ўзбекистонлик журналистлардан бири айтгани каби "ҳатто номзодлар ҳам заррача шубҳа қилишаётгани йўқ".

Шунда ҳам мамлакат тарихида ўтган сайловлардан бу галгиси катта фарқ қилади.

4 декабрда ўзбекистонликлар мустақиллик тарихида биринчи бор Ислом Каримовсиз сайловга чиқишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати Ўзбекистон президентлиги учун номзодларнинг таржимаи ҳоллари, дастурлари ва сиёсий қарашлари ҳақида бир қатор мақолалар тайёрлаган.

Шавкат Мирзиёевдан ташқари барча номзодларнинг сиёсий дастурамаллари ва қарашлари сайлов натижаларига таъсир қилмаслигига шубҳа йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати барча номзодларнинг таржимаи ҳоли, қарашлари ва мақсадлари ҳақида қатор мақолалар эълон этиб келмоқда.

Бу гал навбат Либерал-демократик партиядан номзод Шавкат Мирзиёевга:

Мирзиёев 1957 йил Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилган. Унинг отаси қўшни Тожикистоннинг Яхтан қишлоғида таваллуд топган.

Айни тарихий ҳақиқат Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёевнинг расмий ва ё норасмий таржимаи ҳолида акс эттирилмаган.

1981 йил Тошкент ирригация ва мелиорация институтини муҳандис мутахассислиги билан тамомлаган. 1992 йилга қадар институтнинг ўзида ишлаган. Институт комсомол, кейинроқ коммунистик партия ташкилотига раҳбарлик қилган, биринчи проректор даражасигача кўтарилган.

1990 йили ЎзССР Олий кенгашига, 1994 ва 1999 йилларда Олий Мажлисга депутат этиб сайланган. 1992 йили Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими этиб тайинланган.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов фармони билан 1996 йили Жиззах вилоятига, 2001 йили Самарқанд вилоятига ҳоким этиб тайинланган. 2003 йилдан Ўзбекистон бош вазири.

Ислом Каримовнинг вафоти ва Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев уч ой президент бўла олмаслигини билдирганидан кейин, Шавкат Мирзиёев парламент томонидан Ўзбекистоннинг муваққат президенти этиб тайинланди.

Муваққат президентликдан кейинги илк ишчи сафарларида ўзини Каримовнинг сиёсий фарзанди деб эълон қилди.

Мирзиёев Ўзбекистон президентлигига номзодлар орасида энг серсўзи бўлди. Унинг сайловолди маърузаси 6560 сўздан иборат. Бу "Адолат" партиясидан номзод Наримон Умаров (маърузаси 3524 сўздан иборат) ва "Миллий тикланиш" раҳбари Сарвар Отамуратов (3243 сўз)нинг маърузалари йиғиндисига қарийб тенг. Халқ демократик партиясидан номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг маърузаси 3691 сўздан иборат ва унинг ярми партия сайловда қандай ҳаракат қилиши кераклиги ҳақида.

Шавкат Мирзиёев, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод.

Ҳозирги аҳвол ҳақида қандай фикрда?

Давлат бошқаруви, кадрлар ва мурожаатлар бўйича

Айрим раҳбарлар аҳоли ариза ва шикоятларини кўриб чиқишда сансоларлик, масъулиятсизлик, ортиқча расмиятчиликка йўл қўймоқда;

Мансабдор шахсларнинг ҳаракатсизлиги оқибатида такрорий мурожаатлар сони ортиб бормоқда;

Аксарият давлат идораларининг иш услуби давр талабига тўлиқ жавоб бермайди;

Айрим вазирлик ва идоралар аҳоли муаммоларини ҳал этишда расмиятчиликка йўл қўймоқда, улар кўпинча қуруқ рақам ва маълумотлар тўплаш билан овора;

Вазирлик ва идораларда улар масъул бўлган соҳалардаги аҳволни чуқур таҳлил қилиб, камчиликларни тизимли равишда аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган фаолият етарли даражада йўлга қўйилмаган;

Муаммоларнинг асосий сабаби - кадрларни танлаш, тарбиялаш ва жой-жойига қўйиш жараёнлари билан бевосита боғлиқ;

Ишга жойлаштириш, ер участкалари ажратиш, иш ҳақи ва пенсияларни ўз вақтида тўлаш масалалари бўйича мурожаатлар сони кўпайган;

Айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига доир мурожаатларнинг ошгани, ишдаги камчиликлардан далолат беради;

Шулар қаторида аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан бўлган эътирозлари ҳам талайгина;

Қашқадарё, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келаётган шикоятларнинг оқими доимий равишда ортиб бормоқда;

Кўплаб давлат хизматчиларининг зиммасига катта масъулият юкланганига қарамай, уларнинг иш куни ва иш ҳафтаси аниқ меъёрга солинмаган;

Шаҳар ва туман бюджетларининг даромадлар базасини кенгаймаса, ҳеч қачон ушбу ҳудудларни жадал ривожлантириш мумкин эмас.

Суд-ҳуқуқ тизими бўйича

Бугунги кунда судларда ишларни кўриб чиқишда юз бераётган оворагарчилик фуқароларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда;

Кейинги йилларда судлар томонидан бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаган;

Судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиёти одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайди;

Биргина 2016 йилнинг 9 ойида 61 мингдан ортиқ жиноят ва 2,5 миллиондан ортиқ ҳуқуқбузарликлар қайд этилган;

Жойларда бу масалада маҳалла раиси, профилактика инспектори ва бошқа мутасаддилар ўз масъулиятини мутлақо ҳис этмаяпти.

Иқтисодий соҳа бўйича

Кейинги йилларда Сурхондарё вилоятида пахта ҳосилдорлиги пастлигича қолмоқда;

Сурхондарё вилоятидаги фермер хўжаликларининг иқтисодий аҳволи йилдан-йилга ёмонлашмоқда, томорқалардан фойдаланиш ҳам талаб даражасида эмас;

Доимий текширишлар, молиявий-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашувлар оқибатида тадбиркорлар ўз ишини вақтинча тўхтатишга, айрим ҳолларда эса умуман тугатишга мажбур бўлмоқда;

Жиноят ишларини тергов қилиш доирасида ўтказилаётган текширишларнинг узоқ муддат давом этиши тадбиркорларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда;

Лицензия ва рухсатномалар бериш жараёни ойлаб чўзилиши туфайли фуқаролар тадбиркорлик билан ноқонуний тарзда шуғулланишига замин яратмоқда;

Мансабдор шахсларнинг таъмагирлик ҳолатларига тўлиқ чек қўйилмаган;

Текширув тартибларини бузиш ҳолатлари асосан солиқ, ёнғинга қарши кураш, санитария назорати, кадастр, табиатни муҳофаза қилиш ва бошқа назорат қилувчи органлар ҳиссасига тўғри келмоқда;

Текширишлар тирноқ остидан кир қидириш, камчилик топишга йўналтирилган бўлиб, охир-оқибатда тадбиркорларни синдирмоқда;

Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида марказлашган ичимлик суви таъминотида муаммолар мавжуд;

Аҳоли ва корхоналар томонидан электр қуввати етказиб бериш масаласида кўплаб эътирозлар мавжуд эканини очиқ тан олиш керак;

Ўзбекистон бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда;

Аксарият қисми ачинарли аҳволга келиб қолган минтақавий ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларга ҳам эътибор қаратадиган вақт келди;

Кўмир ишлаб чиқаришнинг ҳозирги ҳажми мавжуд талабни тўлиқ қондириш имконини бермаяпти.

Ижтимоий ва ёшлар соҳаси бўйича

"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолиятини танқидий кўз билан қайта кўриб чиқиш лозим.

Нималарни ваъда қилмоқда?

Ижтимоий-сиёсий, ички сиёсат соҳасида

Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг сиёсий мероси, у белгилаб берган Ўзбекистон тараққиётининг асосий тамойиллари, устувор йўналишлар, мақсад ва вазифаларини сўзсиз ва тўлиқ амалга оширмоқчи;

Иқтисодий ва ижтимоий жараёнларда партияларнинг ролини оширмоқчи;

Ўзбекистоннинг мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларнинг салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамламоқчи;

Келгусида ҳам Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашни давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан қилиб белгиламоқчи;

Турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатларни ривожлантирмоқчи;

Ислом динини нотўғри талқин этаётган ва уни ниқоб қилиб, ўрта асрлар ҳаётига қайтаришга уринаётган бузғунчи кучларга қарши кескин курашмоқчи;

Давлатга қарашли 1 миллион 109 минг ўринли 2 минг 200 та болалар боғчасини қуриш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш масалаларини ҳал этмоқчи;

Журналистларнинг профессионал фаолиятини ҳимоя қилишга ваъда бермоқда;

Қишлоқ врачлик пунктлари, тез тиббий ёрдам станциялари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини янада яхшилаш бўйича, шунингдек, хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш бўйича 4 та қарор лойиҳасини тайёрламоқда;

Ёши улуғ инсонлар, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш дастурини қабул қилмоқчи, "Нуроний" жамғармасининг нуфузини оширмоқчи;

Мирзиёев учун Ўзбекистоннинг жаҳон ахборот технологиялари бозорида муносиб ўрин эгаллаш масаласига устувор аҳамиятга эга;

Ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш керак, дейди;

Ижодкор зиёлиларнинг энг яхши асарларини Ўзбекистонда ва чет элларда тарғиб этмоқчи, маданият, санъат, адабиёт ва матбуот оламига кириб келаётган иқтидорли ёшларни, масалан, уй-жой шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратмоқчи;

Бадиий асарлар учун тўланадиган қалам ҳақи миқдорини қайта кўриб чиқмоқчи, ижодий ва интеллектуал мулк эгаларининг манфаатларини ҳимоя қилмоқчи;

2017-2021 йилларда Олий ўқув юртлари тизимини янада ривожлантириш бўйича дастурни амалга оширмоқчи;

"Камолот"нинг ўзини мустаҳкамлаш, унинг Ўзбекистондаги барча ёшлар чин дилдан интиладиган ташкилотга, ортиқча тадбирлар ўтказиш ва расмиятчилик кўринишларидан холи бўлган, ёшлар манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантирмоқчи.

Суд-ҳуқуқ соҳасида

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда одил судлов фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминламоқчи;

Одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётидан воз кечмоқчи;

Адвокатура соҳасини ислоҳ қилмоқчи, адвокат касби нуфузини оширмоқчи, адвокатларнинг ваколатларини кенгайтирмоқчи;

Жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳар қандай жиноятга адолатли баҳо беришга қаратилган ишларни кескин кучайтирмоқчи;

Ҳар бир жиноят ҳолати ва вазияти бўйича ҳоким, ички ишлар бўлими бошлиғи ва прокурорнинг аҳоли вакиллари олдида ҳисобот беришини кўзда тутадиган янги тизим жорий этмоқчи.

Раҳбар кадрлар ва мурожаатлар бўйича

Ҳар қандай даражадаги лоқайд ва бефарқ раҳбар шахсларга нисбатан жиддий чоралар кўрмоқчи;

Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қиладиган вақт келди, деб ҳисоблайди;

Раҳбарлар мунтазам равишда халқ орасида бўлиб, шахсий қабуллар ташкил этишлари, жойлардаги муаммоларни ҳал қилишлари зарур, деб ҳисоблайди;

Барча даражадаги раҳбар ва масъул ходимларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатлар билан ишлашга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирмоқчи;

Одамлар билан уларнинг тилида гаплашиш, дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишнинг самарали усулларини жорий этмоқчи;

Жойлардаги раҳбарлар фаолиятига биринчи навбатда улар бош­қараётган ҳудуддаги аҳолидан тушаётган мурожаатлар сони, уларнинг халқ ичида юриши, мавжуд муаммоларнинг амалий ечимига қараб баҳо бермоқчи;

Давлат хизматчиларининг ҳуқуқларини кафолатламоқчи ва ҳимоя тизими билан мустаҳкамламоқчи, давлат хизмати бўйича қонун қабул қилдирмоқчи;

Маҳалла тузилмасини янада қўллаб-қувватлаб, уни ҳар томонлама ривожлантирмоқчи.

Иқтисодий соҳада

Миллий валюта - сўмнинг ҳамда ички бозордаги нарх-наво барқарорлигини таъминламоқчи;

2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтирмоқчи, иқтисодиёт таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказмоқчи;

Саноатни ривожлантириш бўйича 8 дастур доирасида яқин беш йил ичида умумий қиймати қарийб 40 миллиард доллар бўлган 657 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар оширмоқчи;

Тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар оширувчи, умумий қиймати 2 миллиард 300 миллион доллар бўлган 140 та инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқчи;

Тиббиёт ходимлари томонидан беморларга қиммат дориларни асоссиз равишда тайинлашга, дорихона тармоқларида нарх-навонинг бесабаб ошиб кетишига йўл қўймайдиган энг қатъий чораларни кўрмоқчи;

Давлат дорихона тармоқларида ҳаётий муҳим дори воситаларининг аниқ белгиланган нархларда сотилишини таъминламоқчи;

Ургут, Қўқон ва Ғиждувонда эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этмоқчи;

Ҳосилдорлиги паст ерларда пахта экишни камайтириб, сабзавот, дуккакли ва озуқабоп экин майдонларини кенгайтириш, интенсив боғ ва узумзорлар барпо этмоқчи;

Сурхондарёда 2017 йилда тупроқ унумдорлиги паст ерлар ҳисобидан қарийб 18 минг гектар пахта ва 1000 гектар ғалла майдонларини қисқартириб, сабзавот ва мева етиштириш, интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар ташкил қилишни режалаштирган;

Экин майдонларини оптималлаштириш, пахта майдонларини босқичма-босқич қисқартиришни кўзда тутувчи 2017-2020 йилларга мўлжалланган кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастурини қабул қилади.

Асосий эътиборни экспортга йўналтирилган мева-сабзавот ва озиқ-овқат ҳамда чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга, шунингдек, кичик ишлаб чиқариш шохобчаларини ташкил этиш ва сервис хизматлари кўрсатишга қаратади;

Қишлоқ хўжалигини молиялаштиришнинг мавжуд тизимини такомиллаштирмоқчи, бусиз қишлоқ жойларда турмуш даражасини яхшилаб бўлмайди, деб ҳисоблайди;

Хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантиришга халақит бераётган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этмоқчи;

Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида, Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида, Давлат харидлари тўғрисида ва Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги каби муҳим қонунларни қабул қилмоқчи;

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқмоқчи;

Талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, 2017-2021 йилларда туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш бўйича муҳим дастурларни ишлаб чиқмоқчи;

Тошкентни дунёдаги энг гўзал ва обод мегаполислардан бирига айлантирмоқчи;

Ўз ечимини кутиб турган социал-ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун Ўзбекистон миқёсидаги 15 та мақсадли дастурни пухта ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарур, деб ҳисоблайди;

Қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қуриш дастурини амалга оширмоқчи (дастур 21 октябрь куни қабул қилинган), дастур бўйича, 2017 йилнинг ўзида 15 мингта замонавий уй-жой барпо этиш мўлжалланмоқда;

2017-2020 йилларда шаҳар жойларда 945 та кўп қаватли уйлар қуриш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, дастур йирик шаҳарларда 50 мингга яқин уй-жойга муҳтож оилалар учун 5, 7 ва 9 қаватли арзон уйларни қуришни назарда тутади;

Қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш дастурини қабул қилмоқчи, беш йилда 9 минг километр ичимлик суви тармоқлари, 1,4 мингта қудуқ ва 3,6 мингта сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади;

Молия вазирлиги ҳузурида "Тоза сув" махсус жамғармасини ташкил этмоқчи;

Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигини ташкил этмоқчи;

Шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг электр энергияси таъминотини яхшилаш дастурини ишлаб чиқмоқда: дастур доирасида беш йилда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада оширмоқчи;

Умумий фойдаланишдаги 1,7 минг километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилмоқчи;

10,4 минг километрлик хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, туман марказлари, кичик шаҳарчалар ва қишлоқ жойлардаги маҳалла кўчаларини капитал ва жорий таъмирламоқчи;

Молия вазирлиги ҳузуридаги Йўл жамғармасини ва "Ўзавтойўл" компаниясининг ташкилий тузилмасини мутлақо тубдан қайта кўриб чиқмоқчи;

Қишлоқлар ва шаҳарларда транспорт хизматини янада яхшилаш дастурини қабул қилмоқчи, дастур бўйича 74 та автовокзал ва автостанция реконструкция қилинади, янги 3 мингта автобус, 5,7 мингта микроавтобус сотиб олинади;

Тошкент халқаро аэропортининг янги терминалини барпо этиш зарур, деб ҳисоблайди;

Бухоро - Мискин темир йўл тармоғи қурилишини якунига етказмоқчи, уни, шунингдек, Қарши - Термиз, Поп - Наманган - Андижон - Қўқон темир йўлларини ҳам электрлаштирмоқчи;

Қаттиқ маиший чиқиндиларни санитария йўли билан тозалаш ва утилизация қилишни янада яхшилаш дастурини қабул қилмоқчи;

Аҳолига кўмир етказиб бериш тизимини такомиллаштириш, унинг нархи сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширмоқчи.

Ташқи сиёсат соҳасида

Ташқи сиёсатни амалга оширишда барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни ўзининг биринчи даражали вазифаси деб билади.

Асосий мақсади

Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ