"Лицензияли домлаларимиз ёшлар учун нима қилмоқда?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Internet
Image caption "Лицензияли домлаларимиз ёшлар учун нима қилмоқда?"

Қўлимга мактабни тугатиш арафасида тушган суратлар албоми тушиб қолди.

Орадан "виз" этибми, "ғиз" этибми 28 йил ҳам ўтиб кетибди, одам сезмай ҳам қолибди.

Синфдошларнинг баъзилари орамизни тарк этганига ҳам бир неча йил бўлди.

Аммо улардан икки нафари…шашти баланд, олов бир йигитлар эди.

Бирин-кетин улар ҳам кетди, қорадори деганларидан «передоз»дан…

Йигирма ёшдан ўтар-ўтмас кетишди бечоралар.

Яқинда эса 40 ёшида юрак хуружидан яна бир синфдошимизни бериб қўйдик.

Юввошгина бола эди мактабда…

Кейин армияга бориб келди, мелисага ишга кирганди.

Ўтиришларга, тўй ва ҳашамларга чақирсак, доим "ҳозир усилиниедаман, казарменный режим", яқинда пенсияга чиқай, бемалол бўламан дер эди бояқиш.

Нафақага чиқишига озгина қолганидан бир баҳона топилибди, уни бўшатворишибди...бунақа муносабатни кўтаролмади, кетди.

Бошқа бир синфдошимиз болаликдан "ишкал" эди. Уйида ҳам эркатой бўлганди.

Ҳаёт унинг эркаликларини кўтармади, ҳозир пиёниста бўлиб қолган, оиласи ҳам пароканда...

Болаликда ўйнаб-кулиб катта бўлар экан одам, тақдир эса ҳаммани ҳар қаёққа улоқтириб ташлар экан.

Бир партани бўлашиб ўтирган дўстим, синфдошим эса анчадан бери Россияда мардикор.

Энг аълочи бола эди мактабда. Ҳатто университетни ҳам қизил дипломга битирганди.

Кейин мактабда ўқитувчилик қилди.

Болалари кўпайди, рўзғорини тебратолмай Россияга "дангаса" бўлиб кетди.

Яна мен ҳавас қиладиган икки синфдошим бор.

Улар дўст, бизнес ҳамкор. Оила тутишлари ҳам гўзал.

Ўзлари ҳам хушмуомала, қачон бирор эҳтиёж билан ҳузурларига борсам, йўқ дейишмайди, ёрдам беришади.

"Ўртоқ, пул одамнинг қўлида бўлади, қалбида эмас, қалбида бўлиши керак эмас", дейишади.

Ҳазиллашиб, шунча пул билан қочиб кетсам нима қиласан қабилида сўраб қўйсам, "қочиб қаёққа ҳам борасан, ўртоқ", дейди.

"Ҳа, окахонларга айтиб, топтириб келасанми", дейман.

"Йўқ, Яратганга ишонаман. Шунга агар алдаб кетсанг ҳам, у дунёда ҳар бир зарра ҳисоб-китоб қилинадиган вақт, Эгам қарзни ўрнини ўзи тўлдиради, яхши амалинг бўлса, менга олиб беради, йўқ бўлса, мени ёмон амалимни сени буйнингга қўяди. Мен шунга ишонаман. Лекин биламан, бунгача ҳеч бормайди, чунки сан мани дўстимсан", дейди.

Балки бизнинг замонамизда диний илмларга эга бўлиш яхшироқдир, деб ўйлаб қоламан.

Кеча куни Жума намозига чиққан эдим, домла бу мавзуни жуда маромига келтириб ёритдилар.

Лекин афсус, атрофда ёшлар кам эди, аксарият катта ёшдаги намозхонлар.

Бунақа маълумотлар аслида ёшларга, имкони бўлса ҳали мустақил оила қурмаган, бир рўзғорнинг бошини ушламаганлар фойдалироқ бўлармиди?

Ҳозир ёшларни масжидлардан айриб қўйиб, биз ўзимизга ўзимиз зарар етказмаяпмизми?

Масжидларимиздаги маърузалар текширилиб, тегишли идораларнинг кўригидан ўтиб, халққа ва ёшларга фойдали бўлсин деб битилмайдими?

Ёшлар қани?

Яқинда Қозоғистонда масжидларда маърузаларни русча ҳам ўтказиш тавсия қилинибди.

Биласизми, текширишларга кўра, аксар "террорчи гуруҳларга" аралашиб қолган ёшлар умуман қозоқчада яхши гапиришмас экан.

Ўз саволларига жавоб излаб интернетга киришар ва турфа ақидапараст гуруҳлар таъсирига тушиб қолишар экан...

Шулар келиб чиқиб ўйлаганим, динимизнинг гўзал ақидалари, ўгитларини масжидлардаги лицензияли домлаларимиз ёшларимизга ҳам тушунтиришса яхши эмасми?

Сиз нима дейсиз?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар