Ўзбекистонлик аёллар жинсий қулликдан озод этилди

Малайзия полицияси Фото муаллифлик ҳуқуқи FMT news

Малайзия полициясининг хабар беришича, 17 ўзбекистонлик аёл жинсий қулликдан озод этилиб, қўшмачи, дея тахмин қилинган яна бир аёл қўлга олинган.

Улар пойтахт Куала Лумпурнинг Букит Сейлон уй-жой комплексида топилганлар.

Жинсий қулликда ушланган аёлларнинг ёши ҳақида тафсилотлар берилмаган.

Лекин полициянинг олийрўтба зобити Холид Абу Бакар (Inspector-General of Police Khalid Abu Bakar) бу хабарни ўзининг Twitter даги саҳифасида эълон қилган.

Antislavery International ташкилоти раҳбари Эйден Макуэйднинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Малайзия инсонлар трафикинг (савдоси) қилинувчи манзил ва камроқ маънода трафикинг манбаи бўлган мамлакатдир. Унга кўра, бу ерда мажбурий меҳнатнинг турли шаклларида ишлатиш учун трафикинг қилинаётган инсонлар сони кўп. Шу жумладан жинсий хизмат учун тарфикинг қилинаётган сони нисбатан камроқ. Лекин уларнинг аниқ сони ҳақида маълумот бериш мушкул.

Жаноб Макуэйдга кўра, Малайзияга қайси мамлакатлардан аёллар кўпроқ трафикинг қилинаётгани ҳақида ҳам аниқ маълумотлар йўқ.

Лекин масалан, Бангкок каби ерларда Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистондан аёлларни атайлаб тарфикинг қилиш тизими йўлга қўйилганлиги аён.

Antislavery International раҳбарининг огоҳлантиришича, Малайзия каби мамлакатда жинсий қуликка тушиб қолмаслик учун бир неча нуқтага эътибор қаратиш лозим.

Биринчидан, Малайзияда мавжуд "иш берувчи билангина боғлиқ виза" тури. Бу ҳолатда виза фақатгина бир иш берувчи қўлида ишлашга ҳуқуқ беради ва қаллоблар томонидан ўз манфаатлари йўлида ишлатилиши эҳтимоли кўп.

Бу каби визани қўлга киритганлар визалари бир кишига боғлиқ бўлгани учун мамлакатга келишдан аввал албатта ҳар томонлама синчиковлик билан тафсилотларни ўрганиб чиқишлари лозим.

Эйден Макуэйдга кўра, аслида бу каби визани ноқонунуий йўлда ишлатиш жуда осон бўлиб, аксар ҳолларда ҳар қандай мажбурий меҳнат вазиятига тушиб қолганлар айнан мана шу виза орқали келганлардир.

"Шунинг учун Малайзия расмийлари бу турдаги рухсатни бериш тажрибасини тўхтатишлари лозимдир", деди у.

"Иккинчидан, муаммоли вазиятга тушиб қолганда қаердан ёрдам олиш мумкинлиги ҳақида етарлича маълумот олиб, кейин йўлга чиқишлари керак".

АҚШ Давлат Департаментининг инсон трафикинги борасида чиқарган охирги ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистон болалар ва аёллар мажбурий меҳнати дохил жинсий хизмат учун трафикинг манбаларидан бири бўлиб қолмоқда.

"Ўзбекистонлик аёллар ва ёш болаларнинг Яқин Шарқ, Овросиё ва Осиё мамлакатларида, шунингдек мамлакат ичкарисида ҳам фоҳишахоналар, клублар ва шахсий уйларда жинсий қулликда ушланган ҳоллари мавжуд... Ўзбекистон ҳукумати трафикингга чек қўйишнинг энг қуйи стандартларига ҳам риоя қилмайди, лекин бу йўналишда жиддий қадамларни ташламоқда", дейилади ҳисоботда.

Унда айтилишича, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг трафикинг борасидаги маълумотлари аниқ-таниқ эмас.

2014 йилда Тошкентда Ички Ишлар вазирлиги қошида трафикингга қарши кураш учун махсус бўлим ташкил этилган ва жойлардаги бу каби бўлинмалар ходимлари сони оширилган.

Лекин АҚШ расмийларига кўра, ҳукумат трафикингга тушиб қолиш эҳтимоли бўлганларни аниқлаш ё-да қурбонларнинг реабилитациясини таъминлаш йўлида мутассил тизимга эга эмас. Айни вақтда ҳуқуқ тартибот органлари билан ҳамкорлик қилган қурбонларга хавфсизликларини таъминлаш, маҳкамага бориш-келишда ҳамроҳ таъминлаш каби амаллар йўлга қўйилган. Ноҳукумат ташкилотларига кўра, расмийлар қурбонлар исмини сир сақлаш каби қонунуий талабларга кўпроқ риоя қила бошлаганлар.

Ҳисоботга кўра, бундан ташқари Ўзбекистон ҳукумати трафикинг қурбонлари учун 30 ўринли реабилитация марказини молия билан таъминлашда давом этган. У ерда 2014 йили 369 кишига ёрдам етказилган.

Ўзбекистон дипломатик ваколатхонлари 368 кишини ватанга қайтаришда ёрдам берган.

Трафикинг муаммоси ҳақида омма огоҳлигини ошириш чоралари ҳам давом этган ва бу йўлда матбуот воситалари, телевидение, радио ва кинофилмлардан фойдаланилган, дейилади ҳисоботда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг